20 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтади. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар қилди.
Учрашувда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинади, тадбиркорларнинг таклифлари эшитилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 23 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 20 август Тадбиркорлар куни этиб белгилаш тўғрисидаги қонунга имзо чекди. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 19 ноябрда ва Сенат томонидан 2021 йил 15 декабрда маъқулланган.
2021 йилнинг 20 август куни Президент мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказган эди. Учрашув арафасида тадбиркорлардан 15 мингдан ортиқ таклиф ва саволлар келиб тушгани маълум қилинганди. Ушбу масалалар еттита йўналиш бўйича тизимлаштирилди. Бир қатор масалаларни ҳал этиш борасида давлат раҳбарининг қарорлари қабул қилинди.
Шавкат Мирзиёев учрашувда ҳар йили 20 августда очиқ мулоқот ўтказиш ва Тадбиркорлар куни этиб белгилаш таклифини билдирганди.
«Энди ҳар йили айнан шу куни президентнинг бизнес ва ишбилармон доиралар вакиллари билан очиқ мулоқоти ўтказилади. Бир йиллик ишларимиз натижалари сарҳисоб қилиниб, энг илғор бизнес вакиллари айнан шу куни давлат мукофотлари билан тақдирланади… Ишончим комил, бугун бошланган янги анъанамиз тадбиркорлик соҳасида йил давомида ишлайдиган самарали тизимга айланади», — дея таъкидлаганди Президент.
Маълумот учун: Ишбилармонларнинг мурожаат ва таклифларини қабул қилиш учун суткасига 24 соат, ҳафтасига 7 кун фаолият кўрсатаётган колл-марказлар ва таҳлилий штаб ташкил қилинди.
Тезкор боғланиш рақами: 1094
Телефон рақамлари: (78) 150-60-06, (71) 238-52-52
Порталлар: taklif2022.uz, tadbirkor.mift.uz
Мамлакатимиз ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришда фаол иштирок этинг!
ЎХШАШ МАТЕРИАЛЛАР:
Изоҳ қолдириш