13 ва 16 февраль кунлари Президент ҳузурида ўтган йиғилишларда тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифалар белгиланган бўлиб, энг устувор ислоҳотлар дастурлари ва 2026 йилда “Ўзбекистон-2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳалари тасдиқланди.
Жорий йилнинг иқтисодий вазифалари
2025 йилда ялпи ички маҳсулот 7,7 фоизга ўсиб, 147 млрд. доллардан ошди. Иқтисодий ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар ҳисобига таъминланди. Қишлоқ хўжалигида ҳар гектардан ўртача даромад 4,5 минг доллардан 5 минг долларгача ўсди, меҳнат унумдорлиги эса 4,7 фоизга ошди. Бир йил ичида бир доллар қўшилган қиймат яратишга сарфланган энергия харажатлари 15 фоизга камайди.
2026 йилда 6,6 фоизлик иқтисодий ўсиш орқали ялпи ички маҳсулот ҳажмини 167 млрд. долларга етказиш режаси белгиланди. Шунингдек, йиғилишда тармоқ ва ҳудудларда юқори ўсиш суръатларини таъминлаш вазифалари қўйилди.
Стратегик корхоналарнинг самарадорлигини ошириш ва харажатларни қисқартириш учун 19 та стратегик корхона раҳбарига харидлар, логистика, рақамлаштириш ва энергия самарадорлиги бўйича кескин чоралар кўриб, таннархни 10-15 фоизга қисқартириш вазифаси топширилди.
Ҳудудий саноат. Уч йил ичида республика саноати 21 фоизга ўсган бўлса-да, бир қатор туманларда ўсиш 10 фоизга ҳам етмади. Шу боис республика саноатини камида 8,5 фоизга ўстириш бўйича тармоқбай ва ҳудудбай режаларини тасдиқлашга қарор қилинди.
Йилига 650 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга 4 та йирик корхона мавжуд. Бу йил 300 дан зиёд маҳаллий корхона билан кооперация асосида яна 763 та деталь ишлаб чиқаришни бошлаш ва автомобиль ишлаб чиқариш ҳажмини 510 мингга етказиш зарурлиги таъкидланди. Автокредит ставкаларини пасайтириш ва ҳажмини ошириш чораларини кўриш топширилди.
Инвестицияларни жалб қилиш ва лойиҳаларни самарали амалга ошириш бўйича янги бошқарув ёндашувлари белгиланди. Бу йил 50 млрд. доллар хорижий инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Инвестиция лойиҳалари билан ишлашда нафақат лойиҳанинг ишга туширилиши, балки унинг эксплуатацияси, юқори қўшилган қиймат яратилиши ва маҳсулотлар экспорти устидан ҳам қатъий назорат ўрнатилади. Шу мақсадда дастурга киритилган ҳар бир лойиҳани ишга тушгандан кейин уч йил давомида мониторинг қиладиган “Ягона миллий лойиҳа бошқаруви” платформаси яратилади.
Жорий йилги қурилиш ҳажмини 400 трлн. сўмга етказиш, соҳада камида 17 фоиз ўсишни таъминлаш топширилди. Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун бюджетдан 40 трлн. сўм маблағ ажратилди. Ҳудудлардаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари устидан назоратни кучайтириш, шунингдек, Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Фарғонада буюртмачи хизматларига тажриба тариқасида хусусий секторни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Бу тоифадаги корхоналарда энергия самарадорлиги бўйича янгича тизим жорий этилиши ва уч йиллик дастур ишлаб чиқилиши белгиланди. 2026 йилда кичик ва ўрта корхоналарда 100 млн. куб метр газ ва 500 млн. киловатт-соат электр энергиясини тежаш чораларини кўриш режалаштирилган. Ёритиш устунларига кичик қуёш панели, батарея ҳамда кун ёришишига қараб, ўзи ўчиб-ёнадиган датчик ўрнатишни бошлаш топширилди.
Давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини ошириш. Давлат харидларида маҳаллий маҳсулотлар улуши 68 фоизга етган бўлса-да, бир қатор йирик корхоналарда бу кўрсаткич 40 фоизга ҳам етмаган. Тадбиркорлар давлат хариди, экспертиза ва сертификатлаш жараёнларида бюрократия кўплигини айтмоқда. Энди вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимлар лойиҳаларнинг барча босқичларида – музокаралар ва тендерлардан тортиб қурилиш ва хомашё таъминотигача – маҳаллий маҳсулотлар улушини кўпайтиришга шахсан жавоб беришлари белгиланди.
Вазирлар, тармоқ раҳбарлари ва ҳокимларнинг асосий вазифаси янги маҳсулотлар билан ташқи бозорларга кириб бориш бўлиши зарурлиги қайд этилди. Ўтган йили экспорт 22 фоизга ўсиб, 24 млрд. долларга етган бўлса-да, кўп раҳбарлар ҳали ҳам бу соҳада эскича иш услубидан воз кечмаган. Эндиликда экспорт бўйича талаб фақат ҳажм эмас, балки янги маҳсулот ва янги бозорлар бўйича бўлиши белгиланди.
Ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш. Январь ойида йиллик инфляция 7,2 фоизни ташкил этгани, инфляциянинг 45 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисобига, айниқса, 13 фоизи гўшт нархи ҳисобидан шакллангани қайд этилди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва меҳнат унумдорлиги марказига инфляция хавфларини аниқлаб бориш, ҳар ҳафта туман ва шаҳар бозорларини таҳлил қилиш, талаб прогнозини шакллантириш ҳамда ҳар чоракда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари балансини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Устувор йўналишларни дастурий амалга ошириш
Тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича асосий вазифаларни рўёбга чиқариш механизмлари тасдиқланган энг устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳаларида ўз аксини топди.
Мазкур лойиҳалар илғор хорижий тажриба асосида мутлақо янги ёндашув асосида ишлаб чиқилди. Уларда Ўзбекистон Президенти томонидан белгилаб берилган жорий йилдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва мақсадли кўрсаткичлари, шунингдек, уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгиланган. Ислоҳот дастурлари ва давлат дастури ўртасидаги фарқлар аниқ кўриб чиқилган. Ислоҳотлар дастурлари давлатимиз раҳбарининг халқимиз ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар, шунингдек, 2026 йил учун энг устувор ислоҳотларни қамраб олган.
Ушбу дастурлар доирасида “ҳужжат ишлаб чиқиш”дан “натижага эришиш” тамойилига ўтилмоқда. Ҳар бир ташаббусни амалга ошириш механизмлари ва йил якунига мўлжалланган ижро натижаларини баҳолаш учун асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) белгиланган. Дастурлар тўғридан-тўғри амал қилиш механизмига эга ва айрим ташаббуслар бўйича алоҳида ҳужжат қабул қилишни талаб этмайди. Ҳар бир ислоҳотлар дастурининг ижроси учун шахсан жавобгар бўлган масъул раҳбар ва мувофиқлаштирувчи давлат ташкилоти белгиланмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида эса стратегиянинг 2026 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлари ижроси ташкил этилади. Дастур билан 337 та банддан иборат амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланмоқда. 2026 йилда соҳалар кесимида энг муҳим 59 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва асосий стратегик ислоҳотларни назарда тутувчи 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Дастурлар ижросини молиялаштиришга жами 250,5 трлн. сўм ажратилиши ва 50,4 млрд. доллар маблағ жалб қилиниши кўзда тутилган. Давлат дастури ижроси бўйича Адлия вазирлиги ва Ҳисоб палатаси доимий мониторинг олиб боради. Вазирлар Маҳкамаси ҳар чоракда амалга оширилган ишларни муҳокама қилади. Ҳар ярим йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳисобот ҳамда ҳар ой Президентга ахборот киритиб борилади. Бош вазир зиммасига ислоҳот дастурлари доирасидаги ташаббусларни амалга ошириш ва молиялаштиришни мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг амалга оширилишини қатъий назорат қилиш вазифаси юклатилди.
Давлатимиз раҳбари тақдимот қилинган лойиҳалар билан батафсил танишди, тегишли фармонни имзолаб, ислоҳот дастурларини ва “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” давлат дастурини тасдиқлади.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №2/2026
Изоҳ қолдириш