Вилоятда 2 746,4 млрд сўмлик қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 101,1%га ошган. Республика қишлоқ хўжалигида вилоятнинг улуши 8,2% бўлган ҳолда, ҳудудлар орасида 6-ўрин (Сирдарё вилоятидан 2,6 баравар, Қорақалпоғистон Республикасидан 2,5 баравар юқори)ни эгаллаган.
Вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг таркибига кўра деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари - 91,2%, фермер хўжаликлари - 6,4%, қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар - 2,4%ни ташкил қилган. Қишлоқ хўжалигида чорвачиликнинг улуши - 89,5%, деҳқончилик - 6,2%, ўрмон ва балиқчилик - 4,3%ни ташкил қилган.
Туман (шаҳар)лар кесимида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотларини солиштирадиган бўлсак, Чироқчи (387,7 млрд сўм), Китоб (254,5 млрд сўм), Шаҳрисабз (223,2 млрд сўм), Косон (218 млрд сўм), Ғузор (215,7 млрд сўм), Қарши (214,2 млрд сўм), Деҳқонобод (194,8 млрд сўм), Яккабоғ (186,2 млрд сўм) туманлари юқори кўрсаткични ташкил қилган. Қамаши (176,2 млрд сўм), Касби (171 млрд сўм), Нишон (155,5 млрд сўм), Муборак (146,3 млрд сўм), Миришкор (141,7 млрд сўм) туманлари, Қарши (48,1 млрд сўм), Шаҳрисабз (13,3млрд сўм) шаҳарлари қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича нисбатан паст кўрсаткични ташкил қилган. Шунингдек, биргина Чироқчи туманида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Шаҳрисабз шаҳрига қараганда 29 баравар, Қарши шаҳридан эса 8 бараварга каттадир. Туманлар кесимида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги маҳсулотларининг ўсиш суръатини ўтган йилнинг мос даврига нисбатан таққослаганда, биргина Яккабоғ туманида 2,9% га камайиш кузатилган. Қолган туман (шаҳар)ларда эса ўсиш кўрсаткичи унча сезиларли бўлмаган.
Жон бошига тўғри келувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 804,0 минг сўмни (Республика ҳудудлари орасида 9-ўрин), 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 98,9 фоизни ташкил қилган.
Жорий йилнинг мос даврида вилоят бўйича жами 364,2 тонна балиқ овланган бўлиб, шундан, 80,6%и Қарши (37,2%), Нишон (29,4%), Миришкор (14%) туманларига тўғри келади. Қолган қисми вилоятнинг Қамаши (7,5%), Китоб (4,3%), Шаҳрисабз (1,9%), Муборак ва Чироқчи (1,8%), Яккабоғ (1,4%) туманларига тўғри келади. Вилоят овланган балиқлар ҳажми бўйича Республика ҳудудлари орасида 10-ўринни ва энг юқори ўринда турувчи Тошкент тумани кўрсаткичидан 9 бараварга паст кўрсаткични қайд этган.
Вилоятда аҳолининг даромадлари кўпроқ қишлоқ хўжалигига боғлиқ бўлганлиги сабабли келгуси беш йиллик стратегияда уруғлик ва навларни яхшилаш, қишлоқ хўжалиги техникаларини янгилаш, ерларни сув билан барқарор таъминлаш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳажмини 1,2 бараварга ошириш мақсад қилиб белгиланган. Шунингдек, келгусида чорвачиликни ривожлантириш мақсадида Касби, Миришкор, Нишон ва Косон туманларида кластер тизими асосида 1000 бошдан кам бўлмаган йирик чорвачилик комплекслари ташкил қилиниши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш