Ўзбекистон ва Марказий Осиёда чарм-пойабзал саноати 2026 йилнинг I ярим йиллигида

Ўзбекистон ва Марказий Осиёда чарм-пойабзал саноати 2026 йилнинг I ярим йиллигида

2026 йилнинг I ярим йиллигида чарм-пойабзал саноати ташқи бозордаги вазиятнинг бир хил эмаслиги ва жаҳон бозорида рақобатнинг кучайиши шароитида ривожланди.

Бундай шароитда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва экспорт йўналишларини кенгайтириш тармоқ барқарорлигининг асосий омилларига айланмоқда. Ўз хомашё базаси ва тармоқни ривожлантириш салоҳияти мавжудлигини ҳисобга олганда, бу Марказий Осиё мамлакатлари учун айниқса долзарб аҳамиятга эга.

Материалда Марказий Осиёнинг 4 та мамлакатидаги вазият кўриб чиқилган. Туркманистон бўйича маълумотлар очиқ манбаларда мавжуд эмас.

Ўзбекистонда чарм-пойабзал саноати

2026 йилнинг I ярим йиллигида Ўзбекистонда чарм, чарм буюмлари ва пойабзал ишлаб чиқариш юқори ўсиш суръатларини намоён этди. Ишлаб чиқариш ҳажми 2,8 трлн сўмга (227 млн доллар) етиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 16,9%га ўсди. Таққослаш учун, бир йил аввал ўсиш суръати 4,8%ни ташкил этган.

Шу билан бирга, ярим йил давомида ўсиш суръатлари секинлашганини қайд этиш лозим. Хусусан, тўрт ой якунлари бўйича ишлаб чиқариш ўсиши 39,4%ни, беш ойда эса 44,3%ни ташкил этган.

Ташқи савдо динамикаси эса бир хил бўлмади. 2026 йил январь–июнь ойларида чарм-пойабзал саноати маҳсулотлари экспорти (ТИФ ТНнинг 41–43 ва 64-гуруҳлари бўйича) 31,5 млн долларни ташкил этиб, 6,1%га қисқарди. Шу билан бирга, бевосита пойабзал экспорти юқори суръатда ўсди — 1,7 баробарга, яъни 2025 йилнинг I ярим йиллигидаги 7,4 млн доллардан 12,4 млн долларга етди.

Натижада пойабзалнинг чарм-пойабзал маҳсулотлари умумий экспортидаги улуши 22%дан 39%га ошди. Демак, тармоқ экспортининг умумий ҳажми қисқарганига қарамай, унинг таркиби юқори қайта ишлаш даражасига эга тайёр маҳсулотлар фойдасига яхшиланди.

Шу билан бирга, ишлаб чиқаришнинг ўсиши ва экспортнинг 6,1%га қисқариши ўртасидаги фарқ ишлаб чиқариш ҳажмининг кенгайиши кўп жиҳатдан ички бозорга йўналтирилганини кўрсатади. Буни импорт статистикаси ҳам тасдиқлайди: чарм-пойабзал маҳсулотлари импорти 3%га қисқариб, 33 млн долларни ташкил этди.

Марказий Осиё мамлакатларида чарм-пойабзал саноати

2026 йилнинг I ярим йиллигида минтақада ишлаб чиқаришнинг энг юқори ўсиш суръатлари Қозоғистонда қайд этилди. Чарм, чарм буюмлари ва пойабзал ишлаб чиқариш ҳажми 30,1%га ўсди. Таққослаш учун, 2025 йилнинг I ярим йиллигида ишлаб чиқариш 11,4%га қисқарган эди. Шу тариқа, Қозоғистонда пасайишдан ишлаб чиқаришнинг фаол тикланишига ўтиш кузатилди.

Шу билан бирга, ташқи талаб анча секин ўсди. Январь–май ойларида чарм-пойабзал маҳсулотлари экспорти атиги 1,3%га ошиб, 26 млн долларни ташкил этди. Пойабзал экспорти 10,6%га ўсиб, 17 млн долларга етди. Унинг ҳиссасига жами экспортнинг қарийб учдан икки қисми тўғри келади.

Қозоғистонда чарм-пойабзал маҳсулотлари импорти 2026 йилнинг беш ойида 33%га қисқариб, 154 млн долларни, жумладан, пойабзал импорти 25%га камайиб, 100 млн долларни ташкил этди.

Қирғизистонда вазият анча суст бўлди. I ярим йилликда ишлаб чиқариш 12,4%га қисқарди. Ишлаб чиқаришдаги пасайиш экспортнинг камайиши билан бирга кечди. Январь–май ойларида маҳсулот етказиб бериш 25,8%га қисқариб, 8,7 млн долларни ташкил этди. Бевосита пойабзал экспорти эса қарийб икки баробар — 50,2%га камайиб, 3,7 млн долларга тушди.

Чарм-пойабзал маҳсулотлари импорти ҳам ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада — 65%га қисқариб, 35 млн долларни ташкил этди. Бундай кескин ўзгаришлар Қирғизистон орқали ўтадиган транзит ва реэкспорт оқимларидаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Тожикистонда ҳам ишлаб чиқариш динамикаси салбий бўлди. Январь–июнь ойларида ишлаб чиқариш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28,1%га қисқарди.

Умуман, минтақадаги вазият бир хил эмас. Ўзбекистон ва Қозоғистон чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришни оширмоқда, Қирғизистон ва Тожикистонда эса пасайиш кузатилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон тайёр пойабзал экспортининг энг юқори ўсиш суръатлари билан ажралиб турибди.

Ташқи бозорлардаги вазият

2026 йилнинг I ярим йиллигида жаҳон чарм-пойабзал саноати юқори рақобат, айрим бозорларда талабнинг чекланганлиги ва йирик ишлаб чиқарувчи мамлакатларда турлича динамика шароитида ривожланди.

Дунёдаги энг йирик пойабзал ишлаб чиқарувчи ва экспортчи мамлакат — Хитойда ташқи етказиб бериш ҳажми қисқарди. Чарм-пойабзал маҳсулотлари экспорти 5,2%га камайиб, 40 млрд долларни ташкил этди. Пойабзал экспорти эса 7,3%га қисқариб, 22 млрд долларга тушди.

Вьетнам, аксинча, ишлаб чиқаришни оширишда давом этди. Январь–июнь ойларида чарм ва пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш қарийб 4%га ўсди.

Туркияда чарм-пойабзал саноатида мураккаб вазият сақланиб қолди. Май ойида ушбу тармоқда ишлаб чиқариш 2025 йил майига нисбатан қарийб 6%га паст бўлди. Январь–июнь ойларида маҳсулот экспорти 8%га қисқариб, 829 млн долларни ташкил этди. Пойабзал экспорти янада кўпроқ — 13,2%га камайиб, 462 млн долларга тушди.

Россияда ўтган йилдаги суст динамикадан сўнг 2026 йилнинг биринчи ярмида ишлаб чиқариш босқичма-босқич тиклана бошлади. Ярим йил якунларига кўра, чарм-пойабзал саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми амалда ўтган йил даражасида сақланиб, ўсиш 0,4%ни ташкил этди. Июнь ойига келиб эса динамика сезиларли яхшиланди.

Шу тариқа, йирик ишлаб чиқарувчилар орасида кўриб чиқилаётган даврда энг барқарор ижобий ишлаб чиқариш динамикасини Вьетнам сақлаб қолди, Хитой ва Туркияда эса экспорт етказиб бериш ҳажми қисқарди. Бундан ташқари, Хитойнинг Марказий Осиёга экспорти 20%га камайиб, 1,5 млрд долларни, Туркиянинг етказиб бериш ҳажми эса 4%га қисқариб, 50 млн долларни ташкил этди.

Йирик экспортчилар динамикасининг заифлашиши назарий жиҳатдан Марказий Осиё ишлаб чиқарувчилари учун минтақавий бозорда қўшимча имкониятлар яратади. Бироқ ишлаб чиқариш ва экспорт кўламлари ўртасидаги фарқ ҳозирча сезиларли бўлиб қолмоқда.

Хулоса

2026 йилнинг I ярим йиллигида минтақада энг юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичлари Қозоғистон ва Ўзбекистонда қайд этилди. Қирғизистон ва Тожикистонда, аксинча, пасайиш кузатилди. Шу билан бирга, Ўзбекистон пойабзал экспортининг юқори ўсиш суръатлари билан ажралиб турибди. Бу мамлакатнинг Марказий Осиё чарм-пойабзал саноати марказларидан бири сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш учун имконият яратади.

I ярим йиллик натижалари Ўзбекистон ва минтақада чарм-пойабзал саноатининг кейинги ривожланиши кўп жиҳатдан хомашё ва оралиқ маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан тўлиқ қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш ҳамда рақобатбардош тайёр пойабзал ишлаб чиқаришни кенгайтиришга ўтиш қобилиятига боғлиқ бўлишини кўрсатади.

Умуман, ўз чорвачилик ва хомашё базасига эга Марказий Осиё мамлакатлари учун чарм ва пойабзал ишлаб чиқаришни изчил ривожлантириш минтақа ичида тўлиқ ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш, тайёр маҳсулот импортига қарамликни камайтириш ва миллий ишлаб чиқарувчиларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини ошириш имконини беради.

Руслан Абатуров

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар