Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўзининг шарҳида кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришларни мунтазам таҳлил қилади.
Январь ойида Ўзбекистонда қарийб 22 мингта уй-жой сотилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20%га кўпдир.
Ҳудудий рейтинг етакчилари
Уй-жойлар савдоси Хоразм – 75%, Сирдарё – 51%, Самарқанд – 48% ва Сурхондарё – 42% вилоятларида сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Тошкентда уй-жой ижараси бозоридаги вазият
Тошкентда уй-жой ижара нархлари пасайишда давом этди. Умуман олганда, йил бошидан буён пойтахтда ўртача ижара нархи 2,2%га пасайди ва 1 кв.м. учун 9 долларни ташкил этди.
Эътиборлиси, Учтепа, Бектемир ва Сергели туманларида ижара ҳақи мос равишда 3,4%, 2,1% ва 1,1%га қимматлашгани қайд этилди.
Шайхонтоҳур ва Мирзо-Улуғбек туманларида ижара ҳақи сезиларли даражада пасайган, бу ҳудудларда ижара нархи 5%дан кўпроққа арзонлашган.
Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Миробод туманларида нархлар бироз пасайганига қарамай, бу ерда энг юқори нархлар сақланиб қолмоқда, уй-жойни ижарага олиш ҳар кв.м. учун ўртача 11 долларни ташкил этади.
Нисбатан арзон ижара нархлари Учтепа, Сергели ва Бектемир туманларида 1 кв.м. учун 6 доллардан 8 долларгача қайд этилди.
Иккиламчи бозорда нарх параметрлари
Йил бошидан бери иккиламчи уй-жой бозори 1,6%га ўсди. Йиллик ҳисобда иккиламчи бозор 18%га ошди. Энг сезиларли ўсиш Хоразм, Тошкент ва Андижон вилоятларида ўтган йилнинг январь ойига нисбатан ўртача 30%га ўсиш кузатилди.
Январь ойида Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи деярли ўзгармади ва бир кв.м. учун 1122 долларни ташкил этди. Бектемир, Сергели ва Яшнобод туманларида нархлар бироз сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Ўтган йилнинг январь ойига нисбатан пойтахтда иккиламчи бозорнинг ўртача нархи деярли 20%га ошди.
Маълумот учун: Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорини кўриб чиқиш Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, у бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулкнинг бозорларидаги фаоллик динамикасини тақдим этади. Маълумотлар ҳисобот ойи учун ҳам, йил бошидан ҳисобот ойигача бўлган давр учун ҳам тақдим этилади. Бундан ташқари, бозор динамикасини кузатиш учун ўтган йилнинг шу даврига оид маълумотлар тақдим этилади.
Жалолиддин Усмонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш