«Саховат ва кўмак» жамғармасига шу кунга қадар қанча пул тушгани маълум қилинди

«Саховат ва кўмак» жамғармасига шу кунга қадар қанча пул тушгани маълум қилинди

16 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги қошида ташкил этилган штабда брифинг ташкил қилинди.

Унда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева сўзга чиқиб, «Саховат ва кўмак» жамғармасига ҳомийлар ва ташкилотлар томонидан келиб тушган маблағларнинг мақсадли сарфланиши ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, «Саховат ва кўмак» жамғармасига шу кунга қадар 194 миллиард 625 миллион сўм маблағ келиб тушган. Ҳозирги кунга қадар мазкур маблағларнинг 118 миллиард 995 миллион сўми 300 минг 383 та оилага берилган.

Ушбу хайрия маблағлари пандемия даврида ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида кузатилган табиий офат оқибатида қийин аҳволга тушиб қолган аҳолини қўллаб-қувватлашга йўналтирилди. Жумладан:

- 2 минг 822 та оилага 399 миллион 531 минг сўмлик дори, ҳимоя ниқоблари, антисептик воситалар учун;

- 24 минг 619 та оилага 9 миллиард 626 миллион сўмлик бошқа турдаги маҳсулотлар учун;

- 67 минг 296 та оилага 71 миллиард 110 миллион сўм миқдорида нақд пул кўринишда маблағлар берилди.

«USM Holdings» асосчиси Алишер Усмонов томонидан ажратилган 5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги хайрия маблағи ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга берилган.

Ушбу маблағлар Андижон, Наманган, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳокимликлари томонидан шакллантирилган 19 минг 9 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаронинг пластик карточкаларига 2 миллион 500 минг сўмдан ўтказиб берилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар