Жалб этилаётган капитал янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, технологияларни жорий этиш ва ҳудудларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши лозим. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун мамлакатимиз иқтисодиётнинг очиқлигини ошириб, тадбиркорлик фаолияти учун шароитлар ва хусусий мулк ҳимоясини такомиллаштирмоқда. 2026 йилги Иқтисодий эркинлик индексида Ўзбекистон 60,3 балл тўплаб, 184 давлат орасида 86-ўринни эгаллади ҳамда 2018 йилга нисбатан 66 поғонага кўтарилди. Ўзбекистон илк бор иқтисодиёти «ўртача эркин» мамлакатлар тоифасига кирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлари ва компаниялар етакчилари билан мамлакатимиз учун капитал ва технологиялар зарур бўлган йўналишларни муҳокама қилмоқда. Ҳар йили 15 дан ортиқ давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилмоқда. Ташрифларнинг бундай кенг географияси устувор лойиҳаларга қизиқиш билдирадиган ҳамкорларни топиш имконини бермоқда.
2026 йил сентябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Сербия бизнес-форуми якунлари бўйича саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган 2026–2028 йилларга мўлжалланган қўшма Ҳаракатлар режаси қабул қилинди, иқтисодий келишувлар ва савдо шартномалари имзоланди. Шу ойда Корея Республикасида ўтказилган бизнес-форумда давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг ресурс базаси, Корея технологиялари ҳамда икки мамлакат компанияларининг инвестиция капиталини бирлаштиришни таклиф этди. Корея компаниялари, жумладан, мисни қайта ишлаш ва электротехника ускуналарини ишлаб чиқариш лойиҳаларида иштирок этишга таклиф қилинди.
Президентимиз Lotte Group раиси билан ҳам алоҳида учрашув ўтказди. Компания Ўзбекистондаги энг йирик кореялик инвесторлар қаторига киради ва Устюрт газ-кимё мажмуаси доирасида ҳамкорлик тажрибасига эга. Сеулдаги учрашувда томонлар мис фольгаси ишлаб чиқариш истиқболлари ва кўчмас мулкни ривожлантириш лойиҳаларини муҳокама қилди. Шунингдек, икки томонлама лойиҳалар ижросини мониторинг қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.
Ушбу музокаралардан сўнг Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар, ҳудудлар ҳамда хорижий инвесторлар билан биргаликда ташаббусларнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш, молиялаштириш манбалари, амалга ошириш механизмлари ва муддатларини ишлаб чиқиш бўйича ишларни давом эттирмоқда. Бу жараёнда таклифлар муайян тармоқ ва ҳудудларнинг имкониятлари билан уйғунлаштирилиб, лойиҳаларнинг асосий кўрсаткичлари аниқлаштирилади. Ушбу кўрсаткичлар компанияларга лойиҳаларда иштирок этиш юзасидан қарор қабул қилиш учун асос бўлади.
Инвесторлари аниқланган лойиҳалар портфелининг умумий қиймати қарийб 350 миллиард долларни ташкил этади. Бундан ташқари, 200 миллиард долларлик истиқболли таклифлар тайёрланган. Лойиҳалар портфели қийматини 500 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланган. Ушбу рақамлар лойиҳалар қийматини ифодалайди, амалда ўзлаштирилган маблағлар ҳажмини эмас.
2026 йил январь–июль ойларида Ўзбекистонда 32,9 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди. Вазирлик масъул идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳалар ташаббускорлари билан ишламоқда, ижро муддатларини кузатиб бормоқда ҳамда янги қувватларни ишга тушириш жараёнида юзага келаётган масалаларни ҳал этишга кўмаклашмоқда.
Шакллантирилган лойиҳалар портфели Ўзбекистон учун музокараларда асос бўлиб хизмат қилади ҳамда инвесторлар билан ҳамкорликни узоқ муддатга режалаштириш имконини беради.
Изоҳ қолдириш