Сенат Ўзбекистондаги йирик монопол компанияларни муҳокама қилди

Сенат Ўзбекистондаги йирик монопол компанияларни муҳокама қилди

5 октябрь куни Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзидаги сайёр мажлиси Монополияга қарши курашиш қўмитасида бўлиб ўтди. Унда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг “Uzbekistan Airways” ва “Uzbekistan Airports”, “Ўзбекистон темир йўллари” ҳамда “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамиятлари томонидан ижро этилиши ҳолати муҳокама қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати Ахборот хизмати хабар қилди.

Таъкидланганидек, мажлисда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун ижроси ҳолатига эътибор қаратилди.

Темир йўл соҳасида рақобатбардошликни ошириш ва рақобат муҳитини ривожлантириш ҳолатига салбий таъсир этувчи бир қатор омиллар мавжудлиги тўғрисида сўз юритилди.

Қайд этилганидек, ички бозорда рақобатнинг мавжуд эмаслиги сабабли “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хизматлар сифатини ошириш ва мослашувчан тариф сиёсатини қўллашдан манфаатдор эмас.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖда ихтисосли бўлмаган активларнинг мавжудлиги темир йўл саноатини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур бўлган катта ҳажмдаги молиявий маблағларни жалб этиш имкониятини чекламоқда.

Шу билан бирга, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан бугунги кунда мижозлар учун ниҳоятда кўп қулайлик яратадиган рақамли маҳсулотларни қўллаш тизими суст ташкил этилган.

Яна бир жиҳат. Ўзбекистон темир йўллари” АЖ инвентар паркининг эскириш даражаси юқори бўлиб, вагонлар етишмайди. Мавжуд барча вагонларнинг 80 %дан кўпроғининг ёш таркиби 30 йилдан ортиқни ташкил этади.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимида рақобатни чеклашнинг турли шакллари қўлланиб келинмоқда. Хусусан, жамият фақат 4 та экспедиторлик ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузган. Бошқа экспедиторларнинг фақат ушбу ташкилотлар орқали фаолият олиб боришлари ташкил этилиб, бу эса иштирокчиларга товар, молия ва хизматлар бозорларида тенгсизликни келтириб чиқармоқда.

Аҳолига хизмат кўрсатиш тизимида вокзалларга кириш тартиби ҳаддан ташқари тартибга солиниб, бюрократик тамойилларнинг кучайтириб юборилганлиги натижасида вокзалларнинг ўзини-ўзи таъминлаши учун имкониятлардан юқори даражада фойдаланиш мумкин бўлган халқаро тажрибалар амалга қўлланилмасдан келинмоқда.

Бундан ташқари, Монополияга қарши курашиш қўмитаси тегишли бошқармалари буйруқлари билан “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти тизимидаги халқаро аэропортлар мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатиш бўйича табиий монополия субъекти сифатида давлат реестрига киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК дирекцияси негизида “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти ташкил этилган. Қолаверса, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК таркибига кирадиган 14 та давлат унитар корхонасини масъулияти чекланган жамиятларга айлантирилиб “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамияти ташкил этилган.

Ўтказилган таҳлиллар жараёнида ҳаво транспорти соҳасининг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлик ҳолатига салбий таъсир этувчи бир қатор омиллар аниқлангани мажлисда қайд этилди. Жумладан, “Uzbekistan Airways” АЖ минтақавий ва халқаро даражадаги парвозларни амалга оширувчи ягона миллий компания эканлигидан рақобат муҳити бўлмаган шароитда компаниянинг фаолият самарадорлигини оширишга қизиқиши мавжуд эмас.

2010 йилдан буён компаниянинг парвозлар сони бор-йўғи 15% га ошган. Ҳаво техникасининг кам миқдордалиги янги йўналишларни ўзлаштириш, парвозлар сонини кўпайтириш ҳамда компания самарадорлигини ошириш имкониятини чеклайди.

Шу билан бирга, парвозлар синфларини танлашнинг мураккаб тизими, харид қилинаётган хизматларнинг муҳим шартлари ҳақида истеъмолчиларнинг ахборотга эга бўлишига салбий таъсир этмоқда.

Қолаверса, “Uzbekistan Airways” АЖ тизимида юк ташишни ривожлантириш қўшимча даромад манбаи сифатида кўриб чиқилмаган. Кўрсатилган хизматлар умумий ҳажмида юк ташиш 0,03% улушни ташкил этади, бу эса жаҳон миқёсидаги 35% дан анча паст бўлиб, юк ташиш салоҳиятидан етарлича фойдаланилмаётганини кўрсатади.

Шунингдек, аэропортларнинг замонавий ихтисослашган ускуналар билан етарли даражада жиҳозланмаганлиги самолётларни юқори сифатли қабул қилиш ва техник хизмат кўрсатиш даражаси пастлигига олиб келмоқда. Натижада аэропортларнинг ҳамкор сифатида жозибадорлиги пасаймоқда.

Шунингдек, мажлисда “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти томонидан ижро этилиши ҳолатига урғу берилди.

Таъкидланганидек, “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти 1994 йилда майдаловчи пўлат соққалар маҳсулоти бўйича ва 2020 йилда лом ва қора металлар чиқиндиларини (харид қилиш) тайёрлаш хизмати бўйича Товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июлдаги “Ўзметкомбинат” АЖни бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ “Ўзметкомбинат” АЖнинг устав капиталидаги давлат улушини ишончли бошқаришга “SFI Management Group” МЧЖ ХК компанияси жалб қилинган.

Мазкур қарорга асосан “Ўзметкомбинат” АЖ республика ҳудудида қора металл парчалари ва чиқиндиларни тайёрлаш (харид қилиш) бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланади ҳамда республика ҳудудида йиғилган металлолом фақат комбинатга топширилиши лозим.

Шу билан бирга, қора металлардан металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш бозорида импорт қилинган метал парчалари ва бошқа металл маҳсулотларидан фойдаланиб фаолият юритаётган 1,2 мингдан ортиқ хўжалик юритувчи субъектлар мавжуд бўлса-да, ҳар йили металлдан тайёрланган маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш учун тузиладиган хом-ашё базасининг моддий баланс жадвали бошқа металл қуювчи корхоналарнинг эҳтиёжларини ҳисобга олмаган ҳолда тузилади.

Бунда металл парчаларини қабул қилиш фақатгина “Ўзметкомбинат” АЖнинг тизимидаги “Иккиламчиқораметаллар” бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Қора металл парчалари ва чиқиндиларининг харид қийматининг паст нархларда эканлиги сабабли табдиркорлар ва аҳоли уларни “Ўзметкомбинат” АЖ таклиф этаётган нархларда топширишдан манфаатдор эмас.

Қолаверса, Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг 2020 йил 13 майдаги 06/1-783-сонли баённомаси билан жорий йилнинг 1 июнидан йил охиригача “Ўзметкомбинат” АЖда ишлаб чиқариладиган товарларнинг аналогини республикага импорт қилишнинг тақиқланиши ҳам рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Бунинг оқибатида қурилишда ишлатиладиган металл маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида 8 йил давомида фаолият юритиб келган “MODERN METALL” МЧЖ корхоналар гуруҳи ишлаб чиқаришни тўхтатиши ва 700 га яқин иш ўринлари йўқотилиши мумкин.

“Ўзметкомбинат” АЖда мавжуд индивидуал имтиёз ва преференциялар бозорнинг бошқа иштирокчилари учун тенг бўлмаган шароит яратмоқда.

Шунингдек, “Ўзметкомбинат” АЖда катта миқдордаги соҳага таълуқли бўлмаган активларининг мавжудлиги молиявий маблағлар ва вақт ресурсларининг нотўғри йўналтирилишига олиб келмоқда.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Сенат қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар