Ўзбек муҳожирлари асосан қайси давлатларда ишлайди? Меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлашда қандай муаммолар бор? "Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида"ги Қонунни қабул қилиш кутиляптими?
Бу ҳақда Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси йиғилишида муҳокама қилинди.
Ўзбек муҳожирлари асосан қайси давлатларда ишлайди?
Бугунги кунда 1,7 млн. ўзбекистонликлар чет элда, асосан, Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилмоқда.
Мамлакат аҳолисининг 55 фоиздан ортиғи ёшлардан иборатлиги ҳамда йилига меҳнат бозорига 600 мингга яқин ишчи кучи кириб келаётгани мазкур муаммонинг нақадар муҳимлигидан далолат беради.
Шунингдек, жорий йилнинг 21 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг йиғилишида мигрантлар масаласига алоҳида урғу берилгани, шу куннинг ўзида Россияда “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқлари: меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари” мавзусида ўтказилган Ўзбекистон-Россия форуми ҳам миграция масаласининг минтақадаги аҳамиятини белгилаб берди.
Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимиз ЕОИИга аъзо давлатлар ичида меҳнат ресурслари бўйича Россиядан кейинги ўринда туради.
Россиядаги меҳнат фаолиятини амалга ошираётган хорижий фуқаролар сони бўйича эса, Ўзбекистон биринчи ўринда туради. Бугунги кунда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш мақсадида ўндан ортиқ фармон ва қарорлар, норматив - ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Бундан ташқари, 2021 йил 30 апрель куни Ўзбекистон ҳукумати билан Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасида ҳамкорлик Меморандум ҳамда чора-тадбирлар Режаси имзоланган. Мазкур ҳужжатлар меҳнат қилувчиларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кўзда тутади.
Шунингдек, ташкилий танлов асосида вақтинчалик меҳнат фаолиятига жалб қилиш бўйича Россия Федерациясининг 26 та, Қозоғистоннинг 14 та иш берувчи корхоналари билан ҳамкорлик шартномалари, шунингдек Россия ўрта махсус ва олий таълим муассасалари билан Ўзбекистон фуқароларига касбий таълим бериш, уни баҳолаш ҳамда рус тилига ўргатиш ишлари бўйича икки давлат ҳудудида амалга оширишга қаратилган битимлар имзоланган.
Меҳнат муҳожирларини қўллаб-қувватлашда қандай муаммолар бор?
Бироқ, ижобий ишлар билан бирга меҳнат мигрантларини ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ муаммолар ҳам кўп учрамоқда.
Мисол учун, иш берувчининг шартнома шартларини бажармаслик, иш ҳақини кечиктириш ёки тўламаслик, меҳнат ва миграция талабларига риоя қилмаслик, солиқдан қочиш учун мигрантларни норасмий ишлатиш ҳолатлари шулар жумласидандир.
Шунингдек, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқий ҳолатига тегишли ва уларнинг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ бўлган тиббий хизмат кўрсатиш, пенсия ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даврларини белгилаш ва молиялаштириш, мигрантларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш, маъмурий ва жиноий тартибда таъқиб қилиш билан боғлиқ муаммоларнинг ҳуқуқий асоси белгиланмаган.
"Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида"ги Қонунни қабул қилиш кутиляптими?
Депутатлар ва иштирокчилар томонидан айнан шу каби муаммоларнинг қонуний ечимига қаратилган, меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, Ўзбекистоннинг меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор халқаро шартномаларга қўшилиш таклифи илгари сурилди.
Бундан ташқари меҳнат мигрантлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида “Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишни тезлаштириш масаласи айтиб ўтилди.
Изоҳ қолдириш