Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистоннинг ҳудуд ва шаҳарлари даражасида иқтисодий фаолликни баҳолаш учун сунъий йўлдош орқали олинган тунги ёруғлик (Nighttime Lights, NTL) маълумотларидан фойдаланди.
Сунъий йўлдош орқали олинган тунги ёруғлик маълумотлари таҳлили шуни кўрсатадики, ёруғлик интенсивлиги қанчалик юқори бўлса, иқтисодий фаоллик ва шаҳар инфратузилмаси ривожланиши даражаси ҳам шунчалик юқори бўлади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлиллари натижалари сунъий йўлдош кўрсаткичлари расмий статистика билан юқори даражада мос келишини кўрсатди. Жумладан, НАСАнинг тунги ёруғлик маълумотлари асосидаги баҳолашларга кўра, 2020–2025 йилларда Ўзбекистонда аҳоли жон бошига тўғри келган ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) номинал ўсиши 80,3 фоизни ташкил этиб, бу ўртача йиллик 15,8 фоизлик ўсишга тўғри келади. Сўнгги 5 йилда ЯИМ ҳажми 2 090 доллардан 3 887 долларга етган.
Қиёслаш учун, расмий статистика маълумотларига кўра, шу даврда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ўсиши 81,8 фоизни ташкил этган бўлиб, ўртача йиллик ўсиш 16,1 фоизга тенг бўлди. Натижада бу кўрсаткич 2 048 доллардан 3 881 долларгача ошди
Йирик ва ўрта шаҳарларда иқтисодий фаоллик
Маълумотларга кўра, сўнгги беш йилда ҳудудлар кесимида аҳоли жон бошига ЯҲМ миқдори бўйича энг катта ўсиш Тошкент шаҳрида қайд этилди. Бу кўрсаткич тахминан 5 минг долларга ошиб, 2025 йил якунларига кўра 9,3 минг долларни (расмий статистикага кўра 9,2 минг доллар) ташкил этди.
Баҳолашларга кўра, 2025 йилда мамлакатнинг қатор йирик ва ўрта шаҳарларида ҳам аҳоли жон бошига ЯҲМ ҳажми юқори даражада бўлган. Жумладан, Навоий шаҳрида 9,3 минг доллар, Зарафшон шаҳрида 7,9 минг доллар, Самарқандда 7,2 минг доллар, Қўқон ва Андижонда 6,7 минг доллардан, Оҳонгарон, Янгийўл ва Бухорода эса мос равишда 5,8 мингдан 5,2 минг долларгача бўлган.
Шунингдек, мамлакатнинг айрим ҳудудларида аҳоли жон бошига ЯҲМ ўсиш суръатлари нисбатан юқори бўлди. Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 1,8 минг долларга ошиб, қарийб 4 минг долларни ташкил этди.
Навоий вилоятида ҳам ўсиш 1,8 минг долларни ташкил этиб, натижада аҳоли жон бошига ЯҲМ тахминан 4 минг долларга етди. Фарғона ва Сирдарё вилоятларида эса мазкур кўрсаткич 1,6 минг долларга ошиб, мос равишда қарийб 3,5 минг ва 3,4 минг долларни ташкил этди.
Кичик ва ўрта шаҳарларда иқтисодий фаоллик
Қатор кичик ва ўрта шаҳарларда аҳоли жон бошига ЯҲМнинг нисбатан юқори кўрсаткичлари қайд этилди. Жумладан, Термиз шаҳрида бу кўрсаткич 5,1 минг долларни, Марғилон ва Чирчиқ шаҳарларида қарийб 5 минг долларни, Наманган шаҳрида эса 4,8 минг долларни ташкил этди. Шунингдек, Когон ва Урганч шаҳарларида ҳам иқтисодий фаоллик даражаси нисбатан юқори бўлиб қолмоқда.
Туманлар даражасида иқтисодий фаоллик
Тошкент шаҳри туманлари кесимида 2020–2025 йилларда аҳоли жон бошига тўғри келган ЯҲМнинг энг юқори ўсиш суръати Миробод туманида кузатилиб, кўрсаткич 7,1 минг долларга ошди. Шунингдек, Яккасарой туманида 6,3 минг долларга, Чилонзор туманида эса 5,6 минг долларга ўсиш қайд этилди. Натижада ушбу туманларда аҳоли жон бошига ЯҲМ 10 минг доллардан ошди, бу эса республикадаги бошқа туман ва шаҳарлар ўртача қийматидан деярли 3 баробар юқори.
Туманлар орасида аҳоли жон бошига ЯҲМнинг энг юқори ўсиш суръатлари Кармана туманида кузатилиб, кўрсаткич 2,5 баробарга ошди. Шунингдек, Яшнобод ва Бектемир туманларида 2,4 баробар, Сергели, Янгиҳаёт ва Мирзо Улуғбек туманларида эса 2,3 баробар ўсиш қайд этилди.
Юқори иқтисодий фаолликка эга ҳудудлар кенгайиши
Тунги ёруғлик маълумотларидан фойдаланиш туманлар даражасида урбанизация жараёнларини баҳолаш имконини берди. Хусусан, 2020–2025 йилларда тунги ёруғлик интенсивлиги юқори (NTL қийматининг 10 дан баланд) бўлган, шаҳар агломерацияларига хос ҳудудлар сони 22 тадан 31 тага етди.
Бунда мазкур ҳудудларда аҳоли жон бошига ЯҲМ ўртача 3,8 минг доллардан 7 минг долларгача ошган.
Шу билан бирга, беш йил давомида тунги ёруғлик даражаси паст (NTL қиймати 1 дан кичик) бўлган туманлар сони 129 тадан 85 тага қисқарди. Бу эса 44 та туман шаҳар типидаги ривожланишга ўтганини тасдиқлайди.
Мазкур туманларда NTL қиймати ўртача 2,5 баробардан кўпроққа ошган бўлса, аҳоли жон бошига ЯҲМ 1,7 минг доллардан 3,2 минг долларгача ўсди.
Хулоса
Олинган натижалар тунги ёруғлик бўйича сунъий йўлдош маълумотлари расмий статистикани самарали равишда тўлдириши ва ҳудудларнинг иқтисодий фаоллигини тезкор баҳолашда қўлланилиши мумкинлигини тасдиқлайди.
Бундай ёндашув иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини аниқлаш, шунингдек, ҳудудларда инфратузилма ва инвестиция фаоллигини ривожлантириш учун давлат қўллаб-қувватлашини янада манзилли йўналтириш имконини беради.
Абдулазиз Ғайбуллаев,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
тел.: (+998) 78 150-32-20 (417)
Изоҳ қолдириш