Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига кўп йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ечимини топиш мақсадида ташриф буюрди (фото)

Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига кўп йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ечимини топиш мақсадида ташриф буюрди (фото)

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.

Ташрифдан асосий мақсад ҳудудда кўп йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар ечимини топиш, ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожига туртки бериш, шу борадаги янги вазифаларни белгилашдир.

Давлат раҳбари вилоятга сафарини Шаҳрисабз шаҳридаги Oqsaroy Vortex масъулияти чекланган жамиятда синтетик аралашмали ип ва мато ишлаб чиқариш жараёни билан танишишдан бошлади.

Бу ерда Oqsaroy Group компанияси таркибига кирувчи Shahrisabz Textile ва Oqsaroy Textile корхоналари ташкил этилган бўлиб, уларда умумий қиймати 54 миллион доллар бўлган 3 та лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш, 1 минг 610 та иш ўрни яратиш, йилига 22 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш белгиланган эди.

Биринчи босқичда 2014 йили Oqsaroy Textile корхонасида ўтказилган модернизация натижасида бу ерда йилига 9 минг тонна ип калава, 4 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ушбу корхонада 2019 йилда 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 8 миллион долларни ташкил этди.

Иккинчи босқичда жорий йилнинг октябрь ойида Oqsaroy Vortex корхонаси ташкил этилиб, сунъий ва табиий толадан калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳа қиймати – 15 миллион доллар, йилига 3 минг тонна калава ип, 5,5 минг тонна сунъий толали ип, 3,5 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга. Экспорт ҳажми йилига 7 миллион долларни ташкил этади.

Учинчи босқичда ушбу корхоналар ёнида яна битта тўқимачилик фабрикаси барпо этилиб, калава ип ва трикотаж мато ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган. Келаси йил ишга тушадиган лойиҳа натижасида 700 та янги иш ўрни яратилади.

Президент корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирди.

Президент корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнларини, калава ип ва тайёр мато намуналарини кўздан кечирди.

Унинг анъанавий ип-йигирув корхоналаридан асосий фарқи – бу ерда Япониянинг «Murata» компаниясида ишлаб чиқарилган Vortex технологик ускуналари ўрнатилган. Ушбу технологиянинг афзаллиги калава ип тўқилаётганда тола марказлашган аэродинамик ҳаво босими орқали ўтказилади. Натижада ипнинг тукдорлиги камаяди, сифати ортади.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятининг пахта етиштириладиган тўққизта туманида Oqsaroy Vortex корхонаси намунасидаги тўқимачилик комбинатлари ташкил этиш, уларни барпо этишда арзон конструкцияли технологиялардан фойдаланиш бўйича топшириқ берди. Чунки қурилиш қанча қиммат бўлса лойиҳа ўзини оқлаши шунча қийин бўлади.

Мутасаддиларга Қашқадарё вилоятида тўқимачилик саноатини ривожлантириш, бунда хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тизим яратиш, кластерлар фаолиятини таҳлил этиб бориш юзасидан вазифалар берилди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар