Шавкат Мирзиёев тадбиркорлари билан очиқ мулоқотда кўп тадбиркорларни номма ном санаб, хизматлари ва ҳаракатларини юксак баҳолади (+фото)

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлари билан очиқ мулоқотда кўп тадбиркорларни номма ном санаб, хизматлари ва ҳаракатларини юксак баҳолади (+фото)

Президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтмоқда.

Учрашувда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тизимли муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинади, тадбиркорларнинг таклифлари эшитилади.

Мулоқотда Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройида 500 га яқин тадбиркор, вилоятлардаги студияларда эса жами 2000 га яқин ишбилармонлар кузатиши ва иштирок этмоқда.

“Бугун Ўзбекистонда 1,5 миллион тадбиркор бор. Аввал 400 мингта эди. Шу 1,5 миллион тадбиркор 5 миллион аҳолига иш беряпти. Мен ҳоким, бош вазир бўлганимда тадбиркорларни қандай муаммолар қийнаётганини билганман. Менда уларга ечим топиш керак, деган армоним бор эди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари тадбиркорларга яратилган шароитлар хусусида гапириб ўтди.

“Кейинги 3-4 йилда тадбиркор учун кредит ва субсидия олиш, лицензия, кўчмас мулк ва ресурсларга эга бўлиш, экспорт каби масалаларда кўплаб янги-янги имконият ва шароитларни яратдик. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига барҳам берилди.

Энг асосийси, эл орасида ва давлат идораларида тадбиркорларга нисбатан муносабат ўзгарди, жамиятда уларнинг обрў ва мавқеи кун сайин тобора ортиб бормоқда. Натижада ички ва ташқи бозорда ўз мустаҳкам ўрнига, нуфузи ва брендига эга бўлган, ҳақиқий тадбиркорларимиз синфи шакллана бошлади. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хом ашё бўйича мавжуд чекловлар, тўсиқ ва ғовларнинг кўпига, барҳам берилди.

Кейинги йилларда сизлар иқтисодиётимиз ва ислоҳотларимиз таянчига ҳамда локомотивига айландингиз, деб айтишга барча асосларимиз бор. Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз чин маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз.

Мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Уларда ҳозирги кунда 5 миллиондан зиёд аҳоли, айниқса, ёшларимиз меҳнат қилмоқдалар. Агар биз иқтисодиётимизни янада юксалтирамиз десак, тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришимиз зарур”, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари шижоатли ва фидойи тадбиркорларнинг айримларини тилга олиб, халқимизга мададкор бўлаётгани учун уларга миннатдорчилик билдирди.

"Биз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркорларимизни, ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлар деб биламиз ва уларни қадрлаймиз.

Айниқса, мураккаб пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида ҳам, халқимизга мададкор бўлиб, ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган тадбиркор дўстларимга бугун чин қалбимдан раҳматлар айтаман.

Ана шундай фаол ва фидойи тадбиркорларнинг 100 нафарига чуқур миннатдорчилик рамзи сифатида, биринчи маротаба Ўзбекистон Республикаси Президентининг миннатдорчилик хатини имзоладим.

Фурсатдан фойдаланиб, ана шундай эътирофга сазовор бўлган фидойи, ватанпарвар, саховатпеша ва ғайратли тадбиркор ва ишбилармонларга, такроран чуқур ташаккур билдираман ва чизларнинг сафингиз, бутун мамлакатимиз бўйлаб, кун сайин ошиб боришига астойдил ишонаман.

Наманган вилоятида “Чуст текстиль” (ака-ука Исматуллаевлар), “Арт софт холдинг” (ака-ука Бобохоновлар), Тошкент шаҳридаги “Техно Экспорт” (Шерзод Қосимов), Тошкент вилоятида “Нью Вей Индастриз” (Сардор Аббосхонов), Самарқандда “Охалик Олтин боғи” (Олим Солиев) каби корхоналар ўз фаолиятини “ноль”дан бошлаб, ҳозирги кунда, 10-15 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилмоқдалар. Айни пайтда уларнинг ҳар бири, минглаб иш ўринларини яратиб, нуфузли йирик компанияларга айланди.

Андижонда Динар текстиль” (Хад‌иятилло Тиллабоев), Қашқадарёда “Бунёдкор” (Ғолиб Эрқулов), Сирдарёда “Мега Люкс” (Мухиддин Норматов), Фарғонада “Фарғона Глобал Текстиль” (Мўминжон Разақов), Хоразмда “Хоразмтекс” (Алишер Собиров), Жиззахда “Сангз‌ор текстиль” (Отабек Хўжаметов), Бухорода “Парвоз Хумо Равнақ транс” (Шермухаммад Очилов), Сурхондарёда “Инд‌еним кластер” (Шерзод Шоймардонов), Навоийда “Бахт текстиль” (Баҳриддин Мўминов) каби корхоналар, қисқа муддатда ишлаб чиқариш, экспорт ва иш ўринларини 10-15 баробар оширишга эришдилар.

Камол Абдуллаев, Қутлимурат Панаев, Муртазо Раҳматов, Улуғбек Сотиболдиев, Улуғбек Тўхтабоев, Мурод Ёқубов, Зафар Ҳошимов, Шавкат Жамолов, Мурод Назаров, ака-ука Мамасаидовлар, Фаррух Фузаилов, Бахтиёр Азизхўжаев, Фарход Мамажанов, Бекзод Маматқулов, Бахтиёр Умаров каби нуфузли тадбиркорларимиз, ўз бизнесларини бутун мамлакат миқёсида кенгайтирмоқдалар”, деди Президент.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар