СМТИ эксперти: мавжуд муаммони ҳал қилишга қаратилган институционал ва тизимли ёндашув

СМТИ эксперти: мавжуд муаммони ҳал қилишга қаратилган институционал ва тизимли ёндашув

Шавкат Мирзиёев янги йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат бўлади, дея таъкидлади. Ушбу стратегик мақсадларга эса ҳамма учун тенг имконият яратадиган юқори иқтисодий ўсиш ҳисобига эришилади.

Давлатимиз Раҳбари томонидан бу борадаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан: маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитадиган 1 мингдан зиёд марказлар ташкил этилиб, уларда ўқиган ҳар бир шахс учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади; туманларнинг ихтисослашуви асосида деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилади; эҳтиёжманд аҳоли бандлигини таъминлашга Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 500 миллиард сўм йўналтирилади; вақтинчалик ишсизлик нафақаси оширилади; ҳар бир вилоятда камбағалликка қарши курашга қаратилган манзилли дастурлар ишлаб чиқилади; оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида келгуси йилда 6 триллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилади.

Фуқароларни камбағалликдан чиқариш жараёнига татбиқ қилинадиган яна бир муҳим жиҳат – бу “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойилининг жорий этилишидир.

Таъкидлаш керакки, ушбу вазифалар замирида нафақат муайян аҳоли қатламини камбағалликдан олиб чиқиш, балки бу орқали жойларда тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ҳамда одамларга ўз ҳаётини яхшилаши учун қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратиш масалалари мавжуд.

Мурожаатномада камбағалликни қисқартириш бўйича 2021 йил учун белгиланган устувор вазифалар, шубҳасиз 2020 йилда амалга оширилган ишларнинг мантиқий давомидир. Шу нуқтаи назардан, ўтаётган йилда бу борада амалга оширилган ишлар сарҳисобини яна бир бор кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга шу йилнинг январь ойида қилган Мурожаатномасида биринчи марта мамлакатда ушбу муаммо мавжуд эканлиги тан олинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқида камбағалликни қисқартириш ва унга қарши курашиш масаласини БМТнинг навбатдаги сессияси асосий мавзуларидан бири сифатида белгилаш, шунингдек, ушбу мавзуда Глобал саммитни ўтказиш тўғрисида ташаббусни илгари сурди. Шу нуқтаи назардан айтиш лозимки, камбағалликка қарши кураш глобал миқёсдаги вазифа ҳисобланади.

Ўтган қисқа вақт мобайнида мазкур муаммони аниқ ва тизимли ҳал қилиш мақсадида мамлакат ҳукумати таркибида Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Шунингдек, жойларда вертикал тарзда тадбиркорлик муҳитини яратиш ва ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш бўйича масъул лавозимлар жорий этилди.

Жаҳонда камбағалликка қарши курашда муваффақиятга эришган хорижий давлатлар тажрибаси ва йирик мутахассисларнинг тадқиқотлари натижалари мунтазам равишда ўрганилди. Бунинг асосида тегишли концептуал ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Жумладан, камбағалликни қисқартириш бўйича концепция лойиҳасии ишлаб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистонда 2030 йилгача камбағалликни қисқартириш бўйича Стратегияси ишлаб чиқилмоқда.

Мамлакатда камбағалликка қарши кураш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинди. Жумладан, бу борада аниқ ва манзилли ишлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада “темир дафтар”лар юритиш амалиёти татбиқ қилинди. Бунда камбағаллик домига тушиб қолган оилалар, уларнинг аъзолари алоҳида рўйхатга олинади ва улар билан доимий равишда тегишли ишлар олиб борилади. Айтиш лозимки, мазкур дафтарлар амалда ҳар бир оилани камбағалликдан қутқаришга қаратилган ўзига хос “Йўл харитаси”дир.

Мурожаатномада бу йўналишдаги ишларга тизимли ёндашган ҳолда 2021 йилдан бошлаб “Ижтимоий реестр” ишга туширилиши, эҳтиёжманд оилаларга 30 дан зиёд ижтимоий хизматларни электрон кўрсатиш имкони яратилиши ва бу “темир дафтар”лар билан ўзаро интеграция қилиниши кўрсатиб ўтилди.

Таъкидлаш керакки, ҳозирда мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш соҳасида амалга оширилаётган ишлар бу борадаги дастлабки, айни вақтда муҳим стратегик қадамлар ҳисобланади.

Шу ўринда камбағалликка қарши кураш камбағаллик домига тушиб қолган ҳар бир фуқародан дадиллик ва қатъиятни жумладан, ўз ҳаётини ўзгартиришга бўлган кучли хоҳиш, янгиланишлардан қўрқмаслик ва доимо олдинга интилишни талаб этишини таъкидлаш лозим. Зеро, “муаммони имкониятга айлантириш” ҳар бир инсоннинг ўз қўлида.

Ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномасидаги устувор вазифалар асосини мамлакат фуқароларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга ўз ҳаётини яхшилаш учун қулай шарт-шароит ва имкониятларни яратиш масаласи ташкил қилади.

Мухтасар айтганда, Мурожаатномада камбағалликни қисқартириш жамият ва давлат тараққиётининг белгиловчи энг муҳим йўналишлардан бири экани ва бу борадаги ишлар 2021 йилда ҳам давом эттирилиши алоҳида таъкидланди. Бундай ёндашув эса, шубҳасиз яқин истиқболда ўзининг ижобий натижасини беради.

Аброр ЮСУПОВ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти эксперти

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар