Ўзбекистон Европа муҳим хомашё альянсига қўшилди

Ўзбекистон Европа муҳим хомашё альянсига қўшилди

Ўтган йили Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон муҳим хомашё соҳасида тарихий қадам ташлаб, шу йўналишда ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди. Бугун эса ТМК Европа муҳим хомашё алянсига расман қўшилди! Бу билан Ўзбекистоннинг глобал критик минераллар бозоридаги ўрни яна бир поғонага кўтарилди.

Европа муҳим хомашё алянси (ERMA) Европа саноатининг ресурс сиёсатини белгиловчи энг муҳим платформалардан бири. У Европа саноати учун литий, волфрам, молибден ва нодир ер элементларини хавфсиз ва барқарор манбалардан етказиб беришни таъминлайди. Мазкур алянс Европанинг яшил технологиялар ва келажак энергетикасига ўтиш жараёнида ҳал қилувчи кучга эга.

"Биз ERMA мақсадларини амалга ошириш, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида ТМК билан биргаликда ишлашни интиқлик билан кутмоқдамиз", дейди ERMA директори Массимо Гаспарон.

Ушбу аъзолик ТМКни критик минераллар бозорида бутунлай янги даражага олиб чиқиши кутилмоқда. Хусусан, Европа грантлари ва инвестициялари орқали бу йўналишдаги лойиҳалар учун молиявий механизмлар кенгаяди. Европанинг илғор марказлари билан қўшма тадқиқотлар олиб борилади ва инновациялар татбиқ этилади. ТМК маҳсулотлари халқаро бозорга янада юқори сифат кўрсаткичлари билан чиқади.

Бир сўз билан айтганда, бу аъзолик Ўзбекистонни ресурс етказиб берувчидан инновацион ҳамкорга айлантиради!

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар