Глобал аномалия: АҚШ қандай қилиб ривожланаётган бозорга айланмоқда

Глобал аномалия: АҚШ қандай қилиб ривожланаётган бозорга айланмоқда

Кучайиб бораётган шовқинни ҳис қилиш учун ерга қулоқ тутиш шарт эмас. Одамлар аввал тасаввур қилиш мумкин бўлмаган гапларни очиқ айта бошлашди: АҚШ қарз инқирози остонасига келиб қолиши мумкин. 2 апрель куни Трамп эълон қилган “Озодлик куни” ва бутун дунё билан бошланган тариф уруши ортидан АҚШ ўзини оддий ривожланаётган бозор каби тутмоқда, деган фикр тобора кўпроқ янграмоқда.

Бу амалда нима дегани? Ва биз ривожланаётган мамлакатларда қарз инқирозлари қандай юз беради, деган масала бўйича нима биламиз?

Ривожланаётган бозорнинг энг ақлли таърифларидан бири шундаки, у фавқулодда вазиятда "чиқиш" мумкин бўлмаган бозордир. Ҳозирча бу таъриф АҚШга тааллуқли эмас: бу ерда бозорлар улкан ва ликвид, шу боис ҳатто зарар кўрсангиз ҳам, бозордан чиқиш имконияти мавжуд.

Яхшироқ таъриф бироз илмийроқ, лекин моҳияти шунда: макроиқтисодиётдаги машҳур Манделл-Флеминг моделига кўра, агар давлат солиқларни камайтирса ёки харажатларни оширса (яъни фискал кенгайиш амалга оширилса), миллий валюта қиймати ошиши керак. Чунки давлат кўпроқ маблағ қарз олишга ҳаракат қилади, бу эса фоиз ставкаларини кўтаради. Натижада чет эл сармоялари оқими ортади ва валюта мустаҳкамланади.

Бу ҳолат одатда ривожланган бозорларда кузатилади. Аммо агар худди шу моделни Аргентина ёки Туркияда қўлласангиз, натижа бошқача бўлади. Агар бу мамлакатларда ҳукумат катта фискал кенгайиш эълон қилса, инвесторлар инфляция орқали давлат қарзининг қийматини камайтиришга тўғри келади, деб ҳисоблайди. Бу эса Аргентина песоси ёки Туркия лирасининг қийматини пасайтиради. Инвесторлар бозорни тарк эта бошлайди, капитал мамлакатдан чиқиб кетади ва миллий валюта заифлашади.

Шундай қилиб, ривожланаётган бозор – бу қарзнинг барқарорлигига бўлган шубҳалар валюта курсини белгилаб берадиган бозордир. Ҳозир aйнан шундай вазият АҚШда рўй бермоқда. Трампнинг яқинда қабул қилинган “катта ва чиройли” қонуни – амалда у қадар чиройли бўлмаган катта фискал кенгайишдир. Унга кўра, тарифлар орқали йиғиладиган тушум солиқ имтиёзлари ва давлат харажатларининг ўсишини қопламайди. Эҳтиёткор ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қонун 2034 йилгача АҚШ давлат қарзини 3,3 трлн долларга оширади ва уни ЯҲМнинг 125 фоизига етказади.

Бозорларнинг бу вазиятда ҳақли эканини тан олиш керак. АҚШ доллари курсининг Сент-Луис Федерал резерв банки ҳисоблаб чиқарган кўрсаткичи 2025 йил январь ойи ўрталарида, яъни Трамп қасамёд қилган ҳафтадан бир оз олдин пасая бошлади ва шундан бери тушишда давом этмоқда. Бу тушишга асосий сабаб — Трампнинг тариф бўйича хато сиёсати ва у қабул қилган “катта ва чиройли” қонундир.

Кўплаб ривожланаётган мамлакатлардаги қарз инқирозлари бизни бу каби ҳолатлар қандай ривожланишини ўргатган. Бу, Хемингуэй қаҳрамони айтганидек, инсон қандай қилиб муфлис бўлади — аввал аста-секин, кейин кескин тарзда рўй беради.

Бу ҳолат қарзнинг хавфли динамикасидан бошланади. Қарз ортиб бориши билан уни қайтариш харажатлари ҳам кўпайиб боради. Ҳукумат қўшимча маблағ жалб қилиш учун тежамкорларни рағбатлантириш мақсадида фоиз ставкаларини оширишга мажбур бўлади. Аммо юқори фоиз тўловлари бюджетда янада каттароқ дефицитларга олиб келади, бу эса яна кўпроқ қарз олишни, унга мос равишда янада юқори фоиз ставкаларини талаб қилади — ва бундай илдиз отган ҳолат давом этаверади.

Бу мантиқ ҳозир АҚШда ҳам амал қилмоқда. 2025 йилда федерал қарз бўйича фоиз тўловлари 1 трлн долларгача, ёки ЯИМнинг 3,2 фоизига етши мумкин — бу мамлакат мудофаа харажатларидан ҳам кўпроқ. Давлат бюджети дефицити ЯИМнинг 7 фоизига етган бир пайтда бу тўловлар фақат ортиб боради.

Қарз инқирозининг кейинги босқичи, тажрибадан маълумки, қарз мўлжал муддатларининг қисқаришидир. Бу қадамни аввал Жо Байден маъмурияти ташлаган бўлса, Трампчилар бу йўлдан тўхтамай, муаммонинг ёқасигача етиб келишди. Агар узоқ муддатли фоиз ставкалари юқори бўлса, ҳукумат қисқа муддатли қарз олади. Яқинда Молия вазири Скотт Бессентдан қарз муддатини узайтириш нияти борми, деб сўрашганда, у шундай жавоб берди: «Бу ставкаларда биз нимага бундай қилайлик?»

Хавф шундаки, қарз қоғозларининг тобора катта қисми ҳар ой қайта жойлаштирилишига тўғри келади. Бу эса ривожланаётган давлатлардаги қарз инқирозларининг қай тарзда юз беришига ўхшайди: ҳукумат облигацияларни сотувга қўяди, аммо харидор чиқмайди. Бундай хавфни олдиндан сезган рейтинг агентликлари давлат қарзи рейтингини пасайтиради — май ойида АҚШ билан айнан шундай бўлди.

Охирги босқич — бу "ҳалокат даври" (doom loop) деб аталувчи ҳолатдир: хавотирлар ортиб боради, облигациялар нархи тушади ва қарз қоғозларига эгалик қилувчи банклар, суғурта компаниялари ёки пенсия жамғармалари молиявий босимни ҳис эта бошлайди. Улар янги қарз қоғозларини сотиб олиш имкониятини йўқотади, бу эса эски қарзлар нархининг янада тушишига олиб келади ва муаммони кучайтиради — бундай вазиятни 2022 йилда Буюк Британия оғриқли тарзда бошидан кечирган эди.

Қачонки янги облигациялар чиқариш имкони қолмаса, ягона йўл – бюджет тақчиллигини пул эмиссияси орқали молиялаштиришдир. Бу эса ҳукумат томонидан марказий банкни босим остида бўйсундиришни талаб қилади. АҚШ ҳали бу нуқтага етмаган, аммо Трампнинг ҳимоя шлемида чиқиб, беш йил аввал битган бинодаги харажатлар учун Федерал резерв раиси Жером Пауэллни қоралаши – ушбу манзара жуда яқинлашганидан дарак беради. Бундан ташқари, Бандлик статистикаси бюроси (BLS) мамлакатдаги ногувор иш билан бандлик кўрсаткичларини эълон қилганидан сўнг, унинг раҳбарини ишдан бўшатиши ҳам шунга ишора қилмоқда.

Бу ҳалокатли занжир воқеан ҳам АҚШда рўй берадими? Оддий жавоб шундай: АҚШ ҳукумат қарзига ҳужум бўлиши мумкин эмас, чунки бу қарз долларда ифодаланган ва Федерал резерв ҳар доим янги доллар босиб чиқариш орқали ҳужумга учраган қарз эгаларига ёрдам бера олади.

Бироқ «охирги инстанция кредитори» сифатида ҳаракат қилиш учун Федерал резерв қарз қийматини инфляция орқали камайтирмасликка қатъий кафолат бериши лозим — Трамп эса айнан шу ваъданинг ишончини издан чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Шуни ҳам эслаш керакки, Федерал резерв — бу АҚШ ҳукумати агентлиги ва унинг ҳар қандай ёрдами Молия вазирлигининг молиявий кафолатига таянади. Аммо агар Молия вазирлиги жуда катта қарз юки остида деб баҳоланса, у на Федерал резервни, на бошқаларни молиявий қўллаб-қувватлай олади, деган саволлар пайдо бўлади.

Ечимлардан бири — молиявий босим бўлиши мумкин. Бу — ҳукумат инвесторларни ўз ихтиёри билан қабул қилганидан анча паст фоиз ставкаларида давлат қарзини сотиб олишга мажбурлайдиган, амалда яширин дефолт шакли ҳисобланади. Бундай амалиёт ривожланаётган бозорларда анча кенг тарқалган. Трамп махфий Перонистми? Ёки яширин Чавистами? Бундай саволлар энди унчалик бемаъни тўйилмайди.

Манба Project Syndicate

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар