Тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқларни бўлиб-бўлиб тўлашлари мумкин

Тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқларни бўлиб-бўлиб тўлашлари мумкин

Президент 14 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунни имзоланди.

Ҳужжат билан Солиқ кодексига бир қатор ўзгартиришлар киритилди, дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Хусусан, Давлат солиқ қўмитаси солиқларни, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни белгиланган тартибда мол-мулкни гаровга бермаган ҳолда, кафилликсиз ёки банк кафолатисиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишга ҳақли эканлиги белгиланди (бундан даромад солиғи, ижтимоий солиқ, тўлов манбаида олинадиган фойда солиғи мустасно). Бу Солиқ кодекснинг 99-моддасига киритилган ўзгартиришда ўз аксини топган.

Шунингдек, 100-моддага киритилган қўшимчага кўра, фаолиятни 3 йилдан ортиқ вақтдан буён амалга ошираётган, солиқларни ўз вақтида тўлаган, аммо молиявий аҳволи солиқ қарзини муддатида тўлаш имкониятига эга бўлмаган манфаатдор шахсларга солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилиши мумкин.

Бундан ташқари, солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасининг профессионал (касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумлар) ва олий таълим ташкилотларида таълим олиш (ўзининг, шунингдек 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун йўналтириладиган даромадлари солиққа тортилмайди. Бу борадаги ўзгартишлар эса кодекснинг 378-моддасига киритилди. Эслатиб ўтамиз, илгари ушбу имтиёз фақат ОТМлар бўйича татбиқ этилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар