Пенсияларни тўлаш тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади

Пенсияларни тўлаш тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларга давлат пенсиясини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни фуқароларга етказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, бугунги кунда пенсияларни тайинлашда 30 турдаги ҳужжатлар талаб этилади ҳамда мазкур маълумотларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғоз шаклида иш юритишдан воз кечиш ва ҳужжатларни йиғиш жараёнини электрон шаклга ўтказишга тўсқинлик қилиб келмоқда.

Қарорга биноан:

2022 йил 1 апрелдан бошлаб пенсияларни ҳисоблаш фуқароларнинг «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси (кейинги ўринларда – ЯММТ ИДАК)га киритилган меҳнат стажи, олий ўқув юртларидаги кундузги таълим ва ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги электрон маълумотлари асосида амалга оширилади.

Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини босқичма-босқич жорий этиш, жумладан пенсияларни тайинлаш учун фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси билан мурожаат қилиш кифоя бўладиган тизимни жорий этиш бўйича Йўл харитаси (кейинги ўринларда – Йўл харитаси) тасдиқланади.

2022 йил 1 январдан бошлаб:

  • Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси) томонидан молиялаштириладиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни (кейинги ўринларда пенсия ва нафақалар) тўлаш ҳар уч йилда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида ўтказиладиган тендер асосида танланган тижорат банки томонидан амалга оширилади;
  • пенсия ва нафақалар етказилганлиги учун хизмат ҳақини тўлаш учун фуқароларнинг ҳар ойлик пенсия ва нафақа миқдорига қўшимча 1 фоиз устама жорий қилинади ҳамда тўловларни нақд пулсиз шаклда олиш ёки арзонроқ хизматдан фойдаланиш ҳисобига иқтисод қилинган маблағ пенсия ва нафақа олувчининг иҳтиёрида қолдирилади;
  • пенсия ва нафақа олувчиларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида шахсини тасдиқлайдиган, эгасининг шахсий биографик маълумотлари қайд этилган, электрон ташувчи қурилмага (чипга) эга бўлган банк картаси сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд махсус пенсия картаси жорий этилади.

Давлат пенсия таъминоти борасида кўрсатилаётган хизматлар сифатини замон талабларига мувофиқлаштириш мақсадида Пенсия жамғармасининг ташкилий тузилмаси қайтадан танқидий кўриб чиқилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар