Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 февраль куни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлат дастурида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббиёт, таълим ҳамда бошқа гуманитар соҳаларни ривожлантиришга қаратилган 93 та банд бор. Видеоселектор йиғилишида уларнинг энг муҳимларига тўхталиб ўтилиб, ижросини таъминлаш чоралари белгиланди.
Болаларни қўллаб-қувватлаш фондини ташкил этиб, унга бюджетдан 100 миллиард сўм ажратиш, шунингдек, халқаро молия ташкилотлари грантларини жалб қилиш бўйича кўрсатма берилди. Жорий йил 1 сентябрга қадар меҳрибонлик уйларининг муҳтож битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Яна бир қулайлик – бу йил 1 июндан бошлаб, пенсия тайинлашда 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажини шахснинг меҳнат дафтарчасидаги ёзувлар асосида, тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда. Бунинг натижасида, йил якунига қадар 100 минг, келгуси йилда яна 200 минг фуқаро ортиқча сарсон бўлмай пенсия олиш имкониятига эга бўлади.
Жорий йилда бюджет ҳисобидан 22 та болалар боғчаси ва 31 та янги мактаб қуриш, ҳар бир туманда физика фанига ихтисослашган биттадан мактаб ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Изоҳ қолдириш