Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Тимур Ишметов Жаҳон Банки ва Халқаро Валюта Жамғармасининг баҳорги учрашувлари доирасида бўлиб ўтган Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳаси йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда ЖБ гуруҳи Президенти Девид Малпасс, Инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича вице-Президенти Мамта Мурти ва лойиҳа иштирокчиларининг 36 молия вазирлари ҳам қатнашдилар. Онлайн учрашувнинг асосий мақсади – Инсон капиталига инвестиция киритиш, ижтимоий ҳимоя тизимлари ва CОВИД-19 пандемиясидан кейин эластик ва "яшил" тикланишни таъминлашга қаратилган молиявий чораларни муҳокама қилиш.
Маълумот учун: Инсон капиталини ривожлантириш лойиҳаси ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида инсонларга янада кенгроқ ва самарали инвестицияларни амалга оширишни жадаллаштиришга қаратилган глобал ташаббусдир. Бугунги кунда 81 мамлакат Жаҳон Банки гуруҳи билан ушбу лойиҳа доирасида инсон капитали натижаларини ўзгартириш бўйича стратегик ёндашувлар устида ҳамкорлик қилмоқда.
Жаҳон Банки гуруҳи Президенти Девид Малпасс таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни давом эттириш, бу йўналишдаги харажатлар самарадорлигини таъминлаш ҳамда буджет ва молиявий имкониятларни яратиш билан бирга инсон капиталига сармоя киритиш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Тимур Ишметов ўз маърузасида 2017 йилда Ўзбекистон ҳукумати республикада очиқ бозор иқтисодиётига йўналтириш, хусусий секторнинг ролини мустаҳкамлаш мақсадида иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларнинг улкан дастурини ишга туширганини таъкидлади. Трансформация доирасида аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимларининг сифати, ишончлилиги ва барқарорлигини ўзгартириш энг муҳим чоралардан бири ҳисобланади. Ислоҳотлар бошланганидан буён ҳукумат томонидан қабул қилинган биринчи қарорлардан бири Жаҳон Банки, БМТ агентликлари ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимоя тизимини ислоҳ қилиш эди.
Хусусан, 2019 йилда ЮНИCЕФ ва ЖБ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими ишга туширилиши қайд этилди. Дастлаб, ягона ижтимоий реестр Сирдарё вилоятида синовдан ўтказилди ва 2020 йил сентябр ойида бутун мамлакат бўйлаб жорий этилди. Aйни пайтда ягона ижтимоий реестрни янада такомиллаштирииш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу янги рақамли тизим 20 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базаларини бирлаштиради ва ижтимоий ёрдамни аниқлаш ва қамраб олишдаги бўшлиқларни йўқ қилади.
Шунингдек, жорий йилнинг февраль ойида барқарор ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш ва ижтимоий интеграцияни таъминлаш учун 2021-2030 йилларда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш миллий стратегияси консепсияси тасдиқланди. Концепсия ХМТ, Жаҳон Банки ва ЮНИCЕФнинг фаол ёрдами билан ишлаб чиқилган.
Йиғилиш доирасида Миср, Кения, Саудия Aрабистони, Филиппин, Индонезия ва Баҳрайн вакиллари инсон капиталини ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги чора-тадбирлар юзасидан маърузалар билан иштирок этдилар.
Изоҳ қолдириш