Урбанизацияда миқёс муҳимми?

Урбанизацияда миқёс муҳимми?

Замонавий дунёда шаҳар тараққиёти фақатгина бетон ва асфалтнинг кенгайиши ёки географик сарҳадларнинг катталашиши билан ўлчанмайди. Аслида эса шаҳарнинг чинакам кучи унинг биноларида эмас, балки унда яшайдиган одамларнинг бир-бирига яқинлигида, ғоялар алмашинуви ва ресурслардан оқилона фойдаланишидадир. Шаҳар — масофаларни йўқ қилувчи ва инсониятнинг интеллектуал салоҳиятини бирлаштирувчи жойдир.

Бугун Наманган шаҳри ўз тараққиётининг янги, трансформацион босқичига қадам қўймоқда. Узоқ йиллар давомида шаҳар асосан горизонтал йўналишда кенгайиб, паст баландликдаги уйлар билан ҳудуд зичлиги ортиб борди. Бироқ, замонавий иқтисодий талаблар биздан нафақат миқёсга, балки самарадорликка ҳам эътибор қаратишни тақозо этмоқда. Шаҳарнинг марказий қисми янада вертикал ривожланиб, иқтисодий жиҳатдан янада фаол марказга айланиш учун сезиларли салоҳиятга эга бўлса-да, ушбу имкониятлардан етарли даражада фойдаланилмаётгани кузатилмоқда.

Ушбу мақолада замонавий шаҳарсозликнинг иқтисодий ва ижтимоий самарадорлигини ошириш тамойиллари Наманган шаҳри мисолида тадқиқ этилади. Тадқиқотнинг асосий эътибори шаҳарнинг марказий қисмидаги мавжуд горизонтал жойлашув структураси ҳамда унинг инфратузилмавий юкламасига қаратилган. Муаллиф урбанизация жараёнида шунчаки ҳудудий кенгайиш эмас, балки сифат ва зичлик миқёсининг муҳимлигини асослаб беради. Мақолада Давлатобод туманида барпо этилаётган "Янги Наманган Сити" лойиҳаси мисолида вертикал ўсиш ва ихчам шаҳар моделининг афзалликлари таҳлил қилинган. Хулоса қисмида Наманганнинг келгуси тараққиёти учун ресурсларни тежовчи ва иқтисодиётни рағбатлантирувчи баъзи тавсиялар бўлишиб ўтилади.

Глобал иқтисодиётда шаҳарлашув жараёни барқарор ривожланишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланиб, у мамлакат иқтисодиётини индустриал ва пост-индустриал босқичга олиб чиқади. Иқтисодчи ва урбанист Эдвард Глейзер таъбири билан айтганда, “Шаҳарлар инсониятнинг энг буюк ихтироси бўлиб, улар тараққиётнинг дунёга келиш марказидир. Улар бизни бойроқ, ақллироқ, соғломроқ, бахтлироқ ва ҳатто яшилроқ қилади.” Шаҳарларда инсонлар бир жойда жисмонан тўпланади, иқтисодий муносабатлар амалга оширади, ва натижада ижтимоий-иқтисодий ўсишга туртки бўлади. Шу билан бирга, бутун иқтисодиёт ва давлат сиёсатининг асосий мақсади бўлган аҳоли фаровонлиги ошириб, ушбу тенденциянинг давом этишини таъминлайди. Деярли ҳар бир жараён ёки фаолиятнинг ижобий ва салбий тарафи бўлганидек, шаҳарлашувнинг ҳам ўзига хос афзалликлари ва камчиликлари мавжуд. Лекин, шаҳарлашув натижаси фаровонликни оширар экан, яъни унинг ижобий афзалликлари туфайли салбий тарафларига кўз юмиш мумкин экан, кўзда тутилган шаҳарсозлик қандай амалга ошади?

Айтиш жоизки, шаҳар – бу шунчаки йўл ва бинолар уюми эмас, аввало у одамлардир. Яъни шаҳарлар одамлар учун қурилади, ёки одамларнинг бир жойда зич тўпланиб яшаши шаҳарни ташкил этади.

Технология асрида яшасак-да, нега Apple, Google, Meta каби энг йирик компаниялар ҳамон бир ҳудудда, бир-бирига жуда яқин жойлашган? Чунки, инсонларнинг бир-бирига яқин яшаши мулоқот, муносабат ва меъёрларни шакллантирибгина қолмай, уларда фикрлар, ғоялар ва тажрибалар алмашинувини ҳосил қилади. Бу эса тараққиётга олиб борувчи илмий соҳанинг пайдо бўлишига ва оммалашишига олиб келади. Шунинг учун ҳам соғлом институционал тизимли давлатда аҳолинг кўпроқ зич бўлиши тезроқ янгиликлар ва инновациялар дунёга келишига туртки бўлади. Ҳудуддаги аҳолининг ўзи эса ўша маҳсулот ёки хизматларнинг истеъмолчиси бўлиб, иқтисодиётда цикл ҳосил қилади. Бу цикл ҳар айланганда ҳудуд иқтисодиёти катталашиб, янги имкониятларга йўл очилади. Энди юқоридаги “Нега Apple, Google, Meta каби энг йирик компаниялар ҳамон бир ҳудудда, бир-бирига жуда яқин жойлашган?” - деган саволга жавоб берсак: муҳандислар ёки бошқа мутахассислар ишдан кейин кафеларга боришади ёки спорт залларида учрашишади. Тасодифий суҳбатлар давомида баъзи компаниядаги муаммолар ечилади, ғоялар алмашинилади ва янги стартаплар дунёга келади.

Шу йўсинда, одамлар ва уларнинг бир ҳудудга тўпланиши нафақат ишчи кучи, балки улар ялпи талабни вужудга келтирадиган истеъмолчилар гуруҳи ташкил этади. Бу эса ўз навбатида талабга муносиб таклиф тақдим этувчи ишлаб чиқарувчиларни пайдо қилади, ҳудуднинг потенциалидан фойданиш истагидаги инвесторларнинг оқимини ошишига сабаб бўлади, ва ишлаб чиқарувчилар ўсиш занжирини ҳосил қилади. Аҳоли ва корхоналар бир ҳудудда тўпланганда агломерация жараёни шаклланади ва ривожланиб боради. Шу билан бирга, ушбу жараён транспорт йўллари, энергия тармоқлари, алоқа тизимлари ва сув таъминоти каби тадбиркорлик учун муҳим ҳисобланган инфратузилма харажатларини жон бошига сезиларли даражада камайтиради. Чунки, марказлашган тизимлар тарқоқ жойлашган аҳоли пунктларига хизмат кўрсатишга қараганда анча арзон ва самарали ишлайди. Чунки, Шаҳарнинг логистик афзаллиги иқтисодий субъектлар ўртасидаги ҳудудий яқинликни таъминлаб, етказиб берувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги алоқаларни самаралироқ ташкил этишга хизмат қилади. Натижада транспорт харажатлари қисқаради, ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги ортади ҳамда корхоналар умумий коммунал ва техник инфратузилмадан фойдаланиш орқали миқёс иқтисодиётидан қўшимча фойда олиш имкониятига эга бўлади. Пировардида, аҳолининг даромади асосий қисми оператив ҳаражатларга эмас, балки истеъмолга, истеъмол эса ҳудуддаги ишлаб чиқарувчиларнинг кенгайишига олиб келади. Шунингдек, тўғри режалаштирилган шаҳарсозлик ҳукуматнинг ҳам ҳаражатларини кескин камайтиради.

Табиийки, “тўғри режалаштирилган шаҳарсозлик” ўзи қандай бўлади? – деган савол туғилади. Тўғри режалаштирилган шаҳарсозлик – бу шунчаки шаҳар горизонтал кенгайиб, ҳудудда аҳоли зичлик ортиши, маълум даражада иқтисодий ва агломерацион самарага етиш билан чекланибгина қолмай, шаҳарнинг вертикал ўсишини талаб қилади. Сҳунингдек, шаҳарнинг вертикал ўсиши - бу кўп қаватли биноларнинг қурилиши, шаҳар ўзига кўпроқ аҳоли ва катта иқтисодиётни сиғдириб кенгайганда, осмонга қараб ўсишидир. Бу эса аҳолига ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ва ҳатто экологик афзалликлар беради. Ушбу жиҳатларни навбатма-навбат кўриб чиқадиган бўлсак, иқтисодий нуқтаи назардан вертикал ривожланиш шаҳарлар ўсиши натижасида юзага келадиган ер ресурслари чекланганлиги муаммосига самарали ечим бўлиб хизмат қилиши мумкин. Аҳоли сони ва иқтисодий фаолликнинг ортиши уй-жой ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун жойларга бўлган талабни оширади. Натижада ер ва кўчмас мулк нархлари, хусусан ижара тўловлари сезиларли даражада кўтарилади. Вертикал ривожланиш эса мавжуд ер майдонидан янада унумли фойдаланиш имконини бериб, ортиб бораётган талабни қондириш ва узоқ муддатда нархлар босимини юмшатишга хизмат қилади. Шаҳарда осмоноўпар бинолар ва кўп қаватли уй-жой қурилиши давлат секторининг қўшимча йўллар, кўприклар ва бошқа иншоотларга камроқ маблағ сарф қилинишига сабаб бўлади. Натижада, ушбу ҳолат аҳолини истеъмолини қисқартирувчи солиқлар ва умумий солиқ юкининг камайишига, ихчам шаҳар бўйлаб эса жамоат транспортларнинг қамрови ва сифати ошишига олиб келади.

Шаҳарларда асосий аҳоли таркиби ўрта синф вакиллари ҳисобланиб, улар ҳафтанинг 5-6 куни иш жойларига қатнаб ҳаёт кечиради, ва одатда ишдан кейинги вақтларда эса ҳордиқ учун кўнгил очар жойларга боради. Вертикал шаҳар пироварди ҳисобланган шаҳарнинг ихшамлиги аҳолининг ишга, озиқ-овқат дўконлари ва бошқа кундалик жойларга боришини осонлаштириб, уларнинг вақт ресурлларини тежайди. Бу нафақат шаҳар жозибадорлигини оширади, балки кўпроқ вақтни оила даврасида ўтказиб, мамлакатда оила институтларини мустаҳкам бўлишини таъминлайди дейилса муболаға бўлмайди. Ҳозирда Дания ва Нидерландия каби ривожланган мамлакатларда амалга оширилаётган “15 дақиқалик шаҳар” ёки “20 дақиқалик шаҳар” яъни 15 ёки 20 дақиқада шаҳар резиденти ўзига керакли кундалик жойларни пиёда топа олиш имкониятларига қаратилган ушбу лойиҳалар айнан юқоридаги ижтимоий ва бошқа экологик афзалликларга эришиш учун амалга оширилмоқда.

Экология ва яшиллик нафақат ҳар бир инсоннинг саломатлиги учун муҳим, балки у Шаҳар жозибадорлигини ҳам оширувчи муҳим жиҳат ҳисобланади. Яқин чорак асрдан буён кун мавзуси бўлиб келаётган экология масаласи ракурсидан таҳлил қилинганда, шаҳар вертикал шаклланган сари, унинг сарҳадлари кенгаймай туриб ҳам, шаҳарнинг аҳолиси миқдори ва иқтисодиёти катталашиб бориши мумкин. Бу ҳолатда, аҳоли эҳтиёжидаги хизматлар уларга яқинроқ бўлади, ва резидентлар ўз иш жойларига ва бошқа нуқталарга нафақат жамоат транспортида, балки пиёда ҳам бора олиш имкониятига эга бўлади. Бу эса шахсий автомобилларга қарамликни камайтириб, улардан чиқадиган турли заҳарли газларни камайишига олиб келади. Бундан ташқари, мисол учун, агар 1000 киши битта кўп қаватли бинода яшаса, улар битта лифт ва умумий иситиш тизимидан фойдаланади ва шаҳар горизонтал секинроқ кенгаяди. Лекин, улар шаҳар чеккасида коттежларда яшашни танлаганда, бир кишининг “ўрмон четидаги ёки табиатга яқин жойлашган уйи” учун нафақат дарахт кесилади, балки у ерга йўл ўтказилади, электр ва газ линиялари тортилади. Бунда ёввойи табиатнинг яхлитлиги бузилиб, ҳайвонларнинг миграция йўллари кесилади. Шу билан бирга, шаҳар марказидаги кўп қаватли уйларда деворлар умумий бўлгани сабабли ҳаво ҳарорати яхши сақланади, аммо алоҳида ҳовли уйларни иситиш ёки совитиш учун бир неча баравар кўп энергия сарфланади. Миллионлаб одамлар “табиатга яқинроқ” яшашга қарор қилганда, шаҳар чегаралари кенгайиб бориб, қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмонларнинг “бетонланишига” олиб келади.

Тўғри режалаштирилган шаҳарсозлик ва урбанизация синергетик ва бошқа юқорида келтирилган афзалликларни берибгина қолмай, у соғлом институтлар шароитида доимий сайқалланиб борадиган инсон капитали билан ҳам таъминлайди. Шаҳар — бу инсонларнинг ўз маҳоратларини энг самарали тарзда бир-бирига “уланиши” учун яратилган “платформа”дек. Зичлик қанчалик юқори бўлса, иқтисодий занжир шунчалик мустаҳкам бўлади яъни шаҳарда аҳоли зичлиги инсон капитали таклифини оширади ва иш берувчи ўзига мос мутахассисни, ишчи эса ўз маҳоратига мос ишни шунчалик тез топади. Бу иқтисодий мослашиш жараёнини тезлаштиради.

Ушбу шаҳарсозлик масалаларини муҳокама қилишдан мақсад фақатгина шаҳар қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги назарий тасаввурларни илгари суриш эмас, балки амалда давом этаётган шаҳар қурилиши ва ривожланиш жараёнларига назарий баҳо беришдан иборатдир. Мамлакатимизда сўнгги йилларда кузатилаётган жадал урбанизация ва қурилиш ишлари фонида шаҳарсозлик масалалари тобора долзарб мавзуга айланиб бормоқда. Бу жараён, айниқса, йирик шаҳарлар мисолида яққол намоён бўлмоқда. Хусусан, аҳоли сони бўйича пойтахт Тошкент шаҳридан кейин иккинчи энг йгавжум шаҳар ҳисобланган Наманганда ҳам сўнгги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар, маъмурий-ҳудудий ўзгаришлар ва йирик шаҳарсозлик лойиҳалари амалга оширилмоқда. Наманган шаҳри 2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, 728 000 аҳолини ўз ичига олади.[1] 2017 йилда ҳукумат ўзгариши билан Республика миқёсида янгича қарашлар билан кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиб, шу ўзгаришлар доирасида Наманган вилояти, ҳамда Наманган шаҳрида ҳам обод маҳалла, обод қишлоқ ва бошқа лойиҳалар амалга оширилди. Шунингдек, 2021 йил 18-19 феврал кунлари давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи давомида Наманган шаҳри ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида шаҳар таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш таклифини илгари сурилди, маъмурий-ҳудудий ўзгаришлар ва шу билан боғлиқ ислоҳотлар жадаллашди. Шу йўсинда, 2021 йил 24 апрелда Сенаторлар СҚ-283-ИВ сонли қарор билан Янги Наманган туманини ташкил этишни маъқуллади[2] ва Янги Наманган тумани Наманган шаҳри бўлаги сифатида ташкил этилди. Маълумот сифатида, қайта ташкил этилган Давлатобод тумани, Янги Наманган тумани ва Наманган шаҳрининг қолган қисми (айтиш жоиз бўлса, марказий - маъмурий қисми) ҳудуди бирлашиб, 149,3 км² майдонни эгаллайди.[3] Шундай қилиб, мамлакатимизда бўлаётган ислоҳотлар фонида, Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг 2022 йил 20 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси”[4] ва 2023 йил 28 февралдаги “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонида[5] ҳам Наманган ва Самарқанд шаҳарларини “миллионлик шаҳарлар”га айлантириш ва уларни алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида республика бўйсунувига ўтказиш таклифини ҳам илгари сурди. Бу кутилаётган ўзгариш ҳудудда юз бераётган ислоҳот ишлари муҳимлик даражасини оширди.

Айтиш жоизки, Наманганда амалга оширилийотган ўзгаришлар мамлакат миқёсида ҳам йирик ва муҳим. Вилоят “Миллионлик шаҳар” номига фақатгина аҳоли сони меъёрларини бажарибгина эмас, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан шу номга муносиб бўладиган кўриниш олмоқда. Айниқса, Давлатобод туманида “Янги Наманган шаҳарчаси” лойиҳаси доирасида кўп қаватли турар жой бинолари қурилмоқда. Жумладан, “Яшил макон резиденцияси” турар жой мажмуасида ҳам қурилиш ишлари жадал суратда олиб борилмоқда. Мажмуа доирасида 9, 12 ва 21 қаватли турар жойлар, меҳмонхона, ресторанлар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари қурилмоқда. Лойиҳа асосида замонавий инфратузилма ва йўл-транспорт тармоқлари изчил шакллантирилмоқда.

Асл масала шундаки, Наманган шаҳрининг зич жойлашувига қарамай “Сардоба”, “Чорсу” ва “Жаҳон бозори” бозорлари атрофлари ҳисобланган Наманган шаҳрининг марказий қисми анчагина горизонтал қурилган бўлиб, аҳолининг асосий қисми халқ тилида “ҳовли” деб аталувчи коттежларда яшайди. Ҳудудда эса кўп қаватли уйлар ва бинолар жуда кам миқдорда, ва асосан йўл бўйларида икки қатор жойлашган. Бу эса юқорида айтиб ўтилган “тўғри режалаштирилган шаҳарсозлик” ва унинг самадорлик тамойилларига тўғри келмаслиги кўринади, ва ундан олинадиган қўшимча афзалликларга эришиш имкониятларидан маҳрум бўлаётганимизни билдиради.

Аввалроқ ҳудуддаги Фурқат ва Гулистон маҳаллаларида амалга оширилиши режалаштирилган “Наманган сити” лойиҳаси ушбу ҳолатга ижобий таъсир қилиши, марказий ҳудуддаги вертикал қурилиш қайта жонланиши кутилган эди. Лекин, бу лойиҳа 2020 йил 27 сентябр куни аҳоли билан ўтказилган мулоқотда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Наманган шаҳридаги ушбу маҳаллалари ўрнида қурилиши режалаштирилган янги шаҳар қарори — “Namangan City” лойиҳаси бекор қилинганини маълум қилди. Янги шаҳар қурилиши, яъни “Smart City” — “Ақлли Шаҳар” лойиҳаси Наманган шаҳрига туманлардан қўшиб берилган 3686 гектар ерларда барпо этилади.[6] Қайд этиб ўтилганидек, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ташкил этилишида Тўрақўрғон ва Косонсой туманларидан ҳам ер майдонлари қўшиб берилди. Қолаверса, Давлатобод ва Янги Наманган туманлари ҳозирги ва шу пайтгача қилинаётган ислоҳотлар, қурилаётган бино ва иншоотлар асосан суғориладиган ерларда амалга оширилмоқда. Бу юқорида айтиб ўтилган “Тўғри режалаштирилган шаҳарсозлик”нинг шаҳар марказий қисми ҳисобланган жойлар вертикал ривожланиши зарурлиги ҳақидаги ғоямизга нафақат тескари жараён, балки у ерда жаҳон талабидаги осмоноўпар бинолар қурилаётган бўлса-да, шаҳар табиатга қараб кенгайиб бораётганини ҳам кўриш мумкин. Бу ҳолат иқтисодиётнинг синергетик самарасини кечиктирибгина қолмай, суғориладиган ер ресурсларимизни қисқараётганини намоён этмоқда, ва табиатнинг бир қисми бўлиши керак бўлган майдон бетонлашмоқда.

Наманган шаҳри марказидаги ҳовли уйларни босқичма-босқич замонавий кўп қаватли бино ва уй-жой мажмуаларига айлантириш — шаҳарнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва урбанизация жараёнини жадаллаштириш учун энг тўғри стратегик қадамлардан биридир. Шаҳар марказида ер ресурслари чекланган бир шароитда, кенг майдонни эгаллаб ётган бир қаватли ҳовлиларни вертикал ўстириш орқали ер самарадорлигини ўн баробаргача ошириш мумкин. Бу жараён нафақат аҳолини замонавий ва энергия тежамкор уй-жой билан таъминлайди, балки марказдаги муҳандислик-коммуникация тармоқларини (электр, газ, сув ва оқова тизимлари) янгилашга ва хавфсизлик жиҳатдан яхшиласниш туртки беради.

Шу билан бирга, ҳовли уйлар ўрнида кўп қаватли турар жойларнинг барпо этилиши биринчи қаватларда хизмат кўрсатиш объектлари, дўконлар ва офислар очилишига имкон яратади, бу эса марказда юқори қийматли тадбиркорлик муҳитини янада кўпайтиради ва янги иш ўринлари яратади. Бироқ, бу трансформация жараёнида шаҳарсозликнинг олтин қоидаларига риоя қилиш даркор: аҳоли зичлиги ортиши билан бирга транспорт инфратузилмаси ҳам параллел равишда кенгайиши, марказий кўчаларда тирбандлик келиб чиқмаслиги учун ерости автотураргоҳлари қурилиши мажбурий этиб белгиланиши лозим. Энг муҳими, “Ақлли Шаҳар” концепциясига таяниб, қурилишлар орасида яшил майдонлар, экологик хиёбонлар ва ижтимоий объектлар балансини сақлаш, шунингдек, маҳаллий аҳолининг мулкий ҳуқуқларини компенсация ва уйларни адолатли баҳолаш орқали тўлиқ ҳимоя қилиш лойиҳанинг ижтимоий барқарорлигини таъминлаш керак. Хулоса қилиб айтганда, Наманган марказини модернизация қилиш — шунчаки эски уйларни бузиб, янгисини қуриш эмас, балки шаҳарнинг инвестициявий жозибадорлигини оширувчи ва уни йирик иқтисодий марказга айлантирувчи комплекс ижтимоий-иқтисодий дастур бўлиши керак.

Бу ёндашув ҳудудда бўлаётган ислоҳотларни салбий ҳолатда баҳолаш, ушбу ишларига ишончсизлик билан қараш эмас, балки дунё тажрибасида бўлиб келаётган ва сайқалланиб бораётга илм-фан ютуқларидан фойдаланиш, мавжуд ресурлардан максимал самара олиш ва биз бу амалиёт ўрнига самарали йўллардан фойдалансак қандай муқобил фойдага эриша олишимиз мумкинлиги кўрсатиш учун амалга оширилди.

[1] https://namstat.uz/uz/rasmiy-statistika/demography-2

[2] https://lex.uz/docs/-5414257

[3] Muallif ishlanmasi(zichligi va aholisi orqali). Aholi zichligi manbasi: https://namstat.uz/uz/qo-mita-yangiliklar/16932-qaysi-hududlarda-aholi-zichligi-yuqori-3

[4] https://president.uz/oz/lists/view/5774

[5] https://lex.uz/docs/6396146

[6] https://uza.uz/uz/posts/gulistonliklar-khursand-namangan-city-urilish-loyi-asi-bekor

Муминов Иззатилла

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар