Ушбу ҳафтада озиқ-овқат нархларининг ўсиши секинлашди

Ушбу ҳафтада озиқ-овқат нархларининг ўсиши секинлашди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2020 йил 6 октябрь ҳолатига кўра аҳолининг истеъмол саватчасидаги озиқ-овқат нархлари индексини ишлаб чиқилди.

Маълумот учун: индекс гўшт ва сут маҳсулотлари (мол гўшти, қўй гўшти, парранда гўшти, сут, тухум), сабзавотлар (пиёз, карам, помидор, сабзи, бодринг, картошка), мевалар (олма, нок), полиз маҳсулотлари (тарвуз, қовун, қовоқ, узум), дуккакли экинлар (нўхат, ловия, мош), гуруч, ун, макарон, сабзавот, сариёғ ва шакар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини ҳисобга олган ҳолда ҳисобланди.

Ягона индексни тузишда, мамлакат аҳолисининг истеъмол одатларини тавсифловчи оғирликлар қўлланилди (яъни, аҳоли ўртасида ушбу маҳсулот қанча кўп истеъмол қилинса, унинг оғирлиги шунча юқори бўлади).

Натижада қуйидагилар аниқланди: 2020 йил 6 октябр ҳолатига кўра озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши республикада ўтган ҳафтага нисбатан пасайиб +1,21 ни ташкил етди.

Маълумот учун: бодринг (7,8%) ва помидор (7,7%) каби маҳсулотларнинг нархларида ўтган ҳафтага нисбатан ўртача нархларнинг сезиларли даражада ўсиши кузатилди ва уларнинг республикада 1 кг учун ўртача нархи мос равишда 3755 сўм ва 2843 сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, тухум (10 дона) ва шакар (1кг) нархлари ўтган хафтага нисбатан 6% га ошди ва ушбу маҳсулотларнинг ўртача нархи мос равишда 10958 сўмни (10 дона учун) ва 6956 (1 кг учун) сўмни ташкил этди. Мол (0,62%) ва қўй гўшти (0,96%) каби махсулотлар нархларининг ўсиши 1% дан ошмади, ва республикада ушбу турдаги гўштларнинг ўртача нархи мос равишда 58071 сўм ва 60723 сўмни ташкил этди. Ўсимлик ёғининг ўртача нархи (литр) 12628 сўмни (+ 4,6%) ташкил этди. Буғдой уни, макарон, сут, гуруч каби маҳсулотлар нархларнинг ўсиши сезиларсиз бўлди, (1-жадвал).

Қовоқ ва сабзи учун ўртача нархлар сезиларли даражада пасайган.

Маълумот учун: ошқовоқ (-1,5%) ва сабзининг (-1,6%) ўртача нархи мос равишда 2166 сўм ва 2512 сўмни ташкил этди. Товуқ гўшти (-0,7%) ва балиқ (-0,7%) каби маҳсулотларнинг нархларида пасайиш кузатилди ва уларнинг республикадаги ўртача 1 кг учун нархи мос равишда 20909 сўм ва 21486 сўмни ташкил этди (1-жадвал).

1-жадвал. 6 октябрь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида озиқ-овқат маҳсулотларининг ўтган ҳафтага нисбатан ўсиши ёки пасайиши, (%)

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика Қомитаси (ДСҚ) тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари

Вилоятлар кесимида республиканинг барча ҳудудларида нархларнинг ўсиши, шу сабабли озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индекси ўсиши кузатилди. Хусусан, Бухоро (+ 2,56%), Сирдарё (+1,79%), ва Жиззах (+1,74%) вилоятларида индекснинг сезиларли ўсиши кузатилди. Қорақалпоғистон Республикаси (+ 1,57%), Тошкент (+ 1,52%) ва Фарғона (+ 1,43%) вилоятларида ҳам озиқ-овқат нархлари индекси ўртача ўсиши кузатилди.

Тошкент шаҳрида (0,57%), Сурхондарё (0,62%) ва Хоразм (0,70%) вилоятларида бошқа вилоятларга нисбатан нархлар барқарорлиги кузатилди.

Бошқа вилоятларда озиқ-овқат нархлари индекси Хоразм ва Бухоро вилоятларининг кўрсаткичлари орасида бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Президент фармонига биноан август ойининг биринчи ҳафтасида кам таъминланган оилаларга 148 миллиард сўм миқдорида моддий ёрдам берилди. Август охирига қадар 1,7 миллион кишига ва 50 мингдан ортиқ тиббиёт ходимларига 780 миллиард сўм тўланган. Шунингдек, жорий йил охирига қадар 1,7 миллион кам таъминланган, 3,7 миллион нафақахўр ва қўшимча 500 минг ижтимоий нафақа оливчилар учун бюджетдан қўшимча 2 триллион сўм ажратилади. Аҳолининг қатламларига кўрсатилаётган моддий ёрдам товарларга, айниқса озиқ-овқатга бўлган талабни кучайтиради, бу эса ўз навбатида нархларнинг ошишига ва натижада озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индексининг ўсишига олиб келади.

Истеъмол саватидан озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индексининг динамикаси шуни кўрсатадики, август ойининг биринчи ҳафтасида аҳолига моддий ёрдам кўрсатилгандан сўнг, 11 август ҳолатига аксарият маҳсулотларнинг нархи ошди. Озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши индекси 4 августдаги -0,21% дан 11 август + 0,31% га олиб келди. 6-октабр ҳолатига кўра эса, озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индекси ўтган ҳафта кўрсаткичи (+1,69%)дан +1,21% га пасайди, (1-расм).

1-расм. Истеъмол саватидан озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индексининг динамикаси (%)

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика Қомитаси (ДСҚ) тезкор маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоблари

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар