Ўзбекистон кўп ўлчовли камбағаллик бўйича глобал мулоқот марказига айланмоқда

Ўзбекистон кўп ўлчовли камбағаллик бўйича глобал мулоқот марказига айланмоқда

27 август куни Тошкентда Кўп ўлчовли камбағаллик бўйича ҳамкорлик халқаро тармоғининг (MPPN) 9-йиғилиши бошланди. Тадбирда 63 та мамлакат ва 30 дан ортиқ халқаро ташкилотларнинг дунё етакчилари, сиёсатчилари, иқтисодчилари ва экспертлари камбағалликка қарши курашнинг асосий масалаларини муҳокама қилиш учун бирлашдилар. Уч кунлик форум давомида иштирокчилар камбағалликни камайтириш соҳасидаги мамлакат тажрибаси ва халқаро амалиёт билан ўртоқлашишлари мумкин бўлади.

Халқаро форум Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) ва Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури (БМТТД) ҳамда Оксфорд камбағалликка қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш ташаббуси (OPHI) кўмагида ташкил этилди.

Ўзбекистоннинг мезбон давлат сифатида танланиши халқаро ҳамжамият томонидан кўп ўлчовли камбағалликка қарши янада самарали курашиш мақсадида уни чуқур англаш ва ўлчашга қаратилган ислоҳотларнинг аҳамияти эътироф этилаётганидан далолат беради, бу эса ўзаро тажриба алмашиш учун ҳам янги замин яратади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Гулямов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Кўп ўлчовли камбағаллик бўйича халқаро ҳамкорлик тармоғининг 9-йиғилиши иштирокчиларига Мурожаатномасини ўқиб эшиттирди.

Мурожаатномада Янги Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг яшаш шароитини яхшилаш, таълим ва тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотларимизнинг асосий йўналиши эканлигига эътибор қаратилди. Боғча ва мактаблар барпо қилиш, тиббий хизматни кенгайтириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун 31,5 триллион сўм инвестиция киритиш бунинг яхши кўрсаткичидир.

Давлатимиз раҳбари ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтириб, давлат кўмагига муҳтож оилаларга сифатли хизматлар кўрсатиш муҳимлигини таъкидлади. Шу мақсадда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди, туманларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Натижада 2 миллион 300 мингдан зиёд оилалар қамраб олинди. Бу 2017 йилга нисбатан 4 баробар кўпдир. Шу билан бирга, сўнгги уч йилда мамлакатимизда кўмакка муҳтож 3 миллион аҳолининг турмуш шароитини яхшиланиб, камбағаллик даражасини 17 фоиздан 11 фоизга камайди.

Мурожаатнома якунида, мазкур форум доирасида экспертлар мулоқоти самаралари бўлиб, унинг якунида ишлаб чиқиладиган амалий таклиф ва тавсиялар жаҳон миқёсида камбағалликни камайтиришда янги қадам бўлишига ишонч билдирди.

Мурожаатда давлатлар ўртасидаги иқтисодий муносабатларга таъсир этаётган мураккаб геосиёсий вазият шароитида ушбу учрашув муҳимлиги таъкидланган. Форум камбағалликни қисқартириш бўйича янги ғоялар ва амалий ечимлар алмашиш платформасига айланди, бу унинг кўп ўлчовли камбағалликни бартараф этишга қаратилган Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) мос келади.

Давлат раҳбари Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш борасида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратди. Аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш шулар жумласидандир. Президентимиз оилавий тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар ажратиш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ижтимоий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш мақсадида “Маҳаллабай” дастури муваффақиятли ўтганини ҳам қайд этди. Ушбу чора-тадбирлар 2,3 миллиондан ортиқ аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилашга ёрдам берди.

Хулоса қилиб айтганда, форумда ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар камбағалликка қарши курашда сезиларли натижаларга олиб келишига ишонч билдирилди. Давлат раҳбари иштирокчиларни ўз олдиларига қўйган мақсадларига эришиш йўлида халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликни давом эттиришга чақирди, бу эса БРМларни амалга ошириш ва кўп ўлчовли камбағалликка қарши курашиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев, Оксфорд камбағалликка қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш ташаббуси директори, профессор Сабина Алькайр, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл, БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фужии, MPPN директори Гонсало Эрнандес Ликонга учрашув иштирокчиларига муваффақият тилаб қолишди.

Иқтисоий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов иштирокчиларни қутлар экан, Ўзбекистон ва бошқа ривожланаётган мамлакатларда кўп ўлчовли камбағалликка қарши курашиш муҳимлигини таъкидлади.

“Бугун биз кўп ўлчовли камбағаллик каби муҳим мавзу бўйича фикр ва тажриба алмашиш учун ноёб имкониятга эгамиз. Биз бу ерда бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларнинг ҳаётини ўзгартириши мумкин бўлган ечимлар устида биргаликда ишлаш учун йиғилганмиз”, деди CERR раҳбари.

“MPPN йиғилишлари қарор қабул қилувчилар ва юқори мартабали амалдорларнинг камбағалликка қандай қилиб баҳам бериш ҳақида чуқур ўйловчи ва умумий мақсадга содиқ ҳамжамиятини бирлаштиради. Қийин пайтларда илҳомлантирувчи ва аниқ билим алмашиш учун яратилган бундай майдонларнинг аҳамиятини ортиқча баҳолаб бўлмайди”, деди Сабина Алкайр, MPPN котибияти вазифасини бажарувчи Оксфорд камбағалликка қарши курашиш ва инсон тараққиёти ташаббуси директори.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда БМТ Тараққиёт дастури ёрдамида кўп ўлчовли камбағаллик индексини ўлчаш лойиҳасини амалга ошириш орқали Кўп ўлчовли камбағаллик концепцияси жорий этилмоқда. Ушбу тадбир Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва камбағилликка қарши курашда халқаро стандартларга содиқлигини тасдиқлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

“БМТ Тараққиёт дастури одамлар ҳаётини чинакамига ўзгартирадиган сиёсатни амалга ошириш учун мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Бунга иш ўринлари яратиш ва малака ошириш, инфратузилма ва янги бозорларга киришни яхшилаш, шунингдек, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва кредит олиш имкониятини таъминлаш орқали маҳаллий иқтисодиётни диверсификация қилиш киради. Жамият томонидан бошқариладиган ривожланишга эътибор қаратиш орқали биз камабағалликнинг турли қирралари билан курашишимиз ва доимий ўзгаришларни яратишимиз мумкин”, - деб таъкидлади ўзининг кириш сўзида БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакиласи Акико Фужии.

Тадбирда Малдив ороллари уй-жой, ер ва шаҳарсозлик вазири доктор Али Ҳайдар Аҳмад, Хитойдаги Камбағалликни қисқартириш халқаро маркази (IPRCC) бош директори доктор Лю Цзювэнь, Панаманинг Ижтимоий ривожланиш вазири ўринбосари Рикардо Ландеро, Шри-Ланка Миллий режалаштириш департаменти бош директори Р.Х.В.А. Кумарасири ва Ислом тараққиёт банки гуруҳи бош иқтисодчиси Ариф Сулеман ўз маърузалари билан сўзга чиқишди.

Форум давомида иштирокчилар жаҳон миқёсида камбағалликка қарши курашиш стратегиясини такомиллаштиришга қаратилган тажриба ва натижалар билан ўртоқлашдилар.

Хусусан, ҳар бир нутқ мулоқотни бойитиб, иш учун янги воситаларни тақдим этди. Миллий дастурлар учун кўп ўлчовли камбағаллик индексидан фойдаланиш, камбағалликни ўлчашда инновациялар ва минтақавий ҳамкорлик зарурати каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди. Бу мунозаралар тушунчаларни чуқурлаштириб, одамлар ҳаётини яхшилашга интилаётган ҳамжамиятнинг ўзаро алоқаларини мустаҳкамлади.

Форумнинг учинчи кунида Самарқанд шаҳрига амалий сафар уюштирилиши кутилмоқда, унда иштирокчилар жойларда ўзбек тажрибасини, жумладан, маҳаллий ҳамжамиятлар даражасида фаол ишлаётган “маҳаллабай” тизимини ўрганишлари мумкин бўлади.

Маълумот ўрнида: камбағалликка қарши курашиш БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларининг етакчи устувор йўналиши ҳисобланади. Бунда биринчи мақсад - 2030 йилга бориб дунё бўйича камбағалликнинг барча кўринишларига барҳам беришдан иборат. Бу жараёнда камбағалликка олиб келадиган сабабларни аниқлаш, уларнинг таъсирини баҳолаш ва ҳар бир мамлакатда уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаш муҳим роль ўйнайди.

Ҳар бир мамлакатда камбағалликни янада батафсил баҳолаш мақсадида, унинг хусусиятларидан келиб чиқиб, 2010 йилда Оксфорд камбағалликка қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш ташаббуси (OPHI) ва БМТ Тараққиёт

Дастури томонидан ишлаб чиқилган Глобал кўп ўлчовли камбағаллик индекси (MPI) жорий этилди. Унда аҳоли дуч келаётган камбағалликнинг тарқалиши ва интенсивлигини баҳолаш учун соғлиқни сақлаш, таълим ва турмуш даражаси кўрсаткичларидан фойдаланилади.

MPI Инсон камбағаллиги индексининг ўрнини эгаллаб, аллақачон 100 дан зиёд ривожланаётган мамлакатларда қўлланилган ва Инсон тараққиёти индекси билан биргаликда Инсон салоҳиятини ривожлантириш борасидаги ҳисоботда нашр этилган.

Камбағалликка қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва тажриба алмашиш мақсадида 2013 йилда 63 та мамлакат ва 30 дан зиёд халқаро ташкилотларни бирлаштирган Кўп ўлчовли камбағаллик бўйича глобал ҳамкорлик тармоғи (Multidimensional Poverty Peer Network (MPPN) ташкил этилган бўлиб, у камбағалликни қисқартириш бўйича янада самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш учун кўп ўлчовли камбағалликни баҳолашда сиёсатчиларга ёрдам беради.

Ушбу тармоқ доирасида ҳар йили ўтказиладиган учрашувлар Берлинда (2014 й.), Картахенада (2015 й.), Акапулькода (2016 й.), Пекинда (2017 й.), Йоханнесбургда (2018 й.), Маэда (2019 й.) ва Сантьягода (Чили) 2021 йилда бўлиб ўтган. Жорий йилда бундай учрашув Ўзбекистонда ўтказилмоқда.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар