2023 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги бизнес муҳити динамикаси Марказ томонидан Trading Economics порталида мунтазам янгиланиб бормоқда.
Бизнес муҳити таҳлили
Бизнес муҳити бўйича жамланма индикатор октябрь ойида ўсишни давом эттириб, 55 бандга етди, бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичидан 13 бандга юқори. Ўсиш барча компонентлар ҳисобига амалга ошди.
Барча соҳаларда бизнес муҳити яхшилангани қайд этилмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалигида ўтган йилга нисбатан 11 бандга ўсиб, 61 бандга етди; саноатда эса 8 бандга ўсиб, 46 бандни ташкил этди; қурилиш ва хизматлар соҳасида эса мос равишда 13 ва 17 бандга кўтарилиб, 58 ва 57 бандга етди.
Жорий бизнес шароити кутилганидан тезроқ яхшиланди.
Жорий ҳолат индекси 22 бандга ўсиб, 55 бандга етди, шу билан бирга кутилмалар индекси 4 бандга кўтарилиб, 56 бандни ташкил этди. Тармоқлар бўйича жорий вазият таҳлили қишлоқ хўжалигида сезиларли ўсишни кўрсатди (+23) ва кўрсаткич 60 бандга етди. Саноатда индекс 15 бандга ошиб 45 бандни, қурилиш соҳасида 21 бандга ошиб 57 бандни ташкил қилди. Хизматлар соҳасида эса энг катта ўсиш қайд этилди (+26) ва 57 бандга етди.
Яқин уч ой учун кутилмалар ижобийлигича қолмоқда. Тармоқлар кесимида прогноз кўрсаткичлари қуйидагича: қишлоқ хўжалигида — 62 банд (юқори оптимизм даражаси), саноатда — 46 банд (ижобий кутилмалар), қурилиш ва хизматлар соҳаларида эса барқарор ўсиш мос равишда 59 ва 57 бандни ташкил этмоқда.
Ўзбекистонда бизнес-муҳити динамикаси

Сўров натижаларига кўра, мамлакатдаги тадбиркорларнинг ярми (50%) ўз бизнесининг жорий ҳолатини “яхши” деб баҳолаган, ўтган йили эса респондентларнинг атиги 38%и бу ҳақда маълум қилган. Сўнгги уч ой ичида бизнес фаолияти яхшиланди деб ҳисоблаган корхоналар улуши 42%ни ташкил этди, бир йил аввал бу кўрсаткич 32% бўлган. Талаб ошганини ҳар иккинчи тадбиркор (50%) қайд этган, ўтган йили эса фақат учдан бир қисмига яқин компаниялар (35%) фаолиятда ижобий ўзгаришларни билдирган эди.
Ўзбекистон бизнес муҳити индекси Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан саноатнинг турли тармоқларидаги 1000 дан ортиқ корхоналарда ўтказилган сўровлар асосида ҳисоблаб чиқилади. Бизнес муҳитининг ўзгариши индекатори IFO институти (Германия) методологиясига асосланган. Сўровлар давомида корхона раҳбарлари ишлаб чиқариш динамикаси, талаб, нархлар ва бошқа кўрсаткичлар асосида тадбиркорлик фаолиятидаги жорий ва кутилаётган ўзгаришларни баҳолайдилар.
Изоҳ қолдириш