Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий мустақиллиги оширилмоқда

Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг молиявий мустақиллиги оширилмоқда

Ўзбекистонда маҳаллий бюджетлар ва бюджет ташкилотларининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, туман ва шаҳар ҳокимликларининг ваколатларини кенгайтириш ҳамда аҳолининг ҳаёт сифатига доир масъулиятини оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар пакети қабул қилинди. Ушбу қарор “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга оширишга хизмат қилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий бюджетлар даромад базасини кенгайтиришга қаратилган янги тартиблар жорий этилади. Қўшилган қиймат солиғидан тушган тушумларнинг Тошкент шаҳри бўйича 5 фоизи, қолган ҳудудлар бўйича 20 фоизи (йирик солиқ тўловчилар бундан мустасно) тегишли маҳаллий бюджетларга ўтказилади. Шунингдек, фойда солиғи, акциз солиқлари, давлат божлари, жарималар ва йиғимлар ҳисобидан туман ва шаҳарлар бюджетларига ажратмалар меъёрлари белгиланади.

Натижада 2026 йилда маҳаллий бюджетлар жами даромадлари 10,2 трлн сўмга оширилади, трансферт олувчи туман ва шаҳарлар сони эса 39 тага қисқаради. Бу маҳаллий бюджетларнинг молиявий барқарорлигини кучайтиради ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш имкониятларини кенгайтиради.

Айрим манбалар бўйича қўшимча даромадлар шакллантирилади. Хусусан, қўшилган қиймат солиғи ҳисобидан 773 млрд сўм, фойда солиғидан 779 млрд сўм, божхона тўловлари, жарималар ва йиғимлар ҳисобидан 1 477 млрд сўм қўшимча тушум таъминланади. Шу билан бирга, ўтказиб бериладиган даромадлар ҳисобидан 988 млрд сўм, деҳқон, ихтисослаштирилган ва буюм бозорларидан 180 млрд сўм, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни тўғридан-тўғри ижарага бериш орқали 147 млрд сўм маҳаллий бюджетлар ихтиёрига ўтказилади. Республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ўтказиладиган даромадлар прогнозининг ортиқча бажарилган қисмининг 50 фоизи ҳудудий бюджетларда қолдирилади, қолган 50 фоизи эса аҳоли сонига мутаносиб равишда туман ва шаҳар бюджетларига йўналтирилади.

Қарор маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджетни бошқариш соҳасидаги ваколатларини кенгайтиради. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармон воситалари харажатлари лимитлари доирасида бюджет маблағларига ўзгартириш киритишни марказий органлар билан келишиш амалиёти бекор қилинади. Шунингдек, маҳаллий бюджетлар ва жамғармаларнинг вақтинча бўш маблағларини аукцион орқали тижорат банкларида депозитга жойлаштириш ҳисобига қўшимча даромад олишга рухсат берилади.

Бир вақтнинг ўзида бюджет интизомига риоя этилишини кучайтириш бўйича қатъий талаблар жорий этилмоқда. Молиялаштириш манбаи аниқ бўлмаган харажатларга, ҳуқуқий асосга эга бўлмаган қўшимча штат бирликларини сақлашга, тендерсиз қурилиш ва таъмирлаш ишларини амалга оширишга, шунингдек кредитор қарздорликларни юзага келтиришга йўл қўйилмайди.

Ободонлаштириш бошқармаларининг молиявий барқарорлигини ошириш ҳам қарорнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Туман ва шаҳар ҳокимларининг қурилиш ва коммунал хўжалик бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида ободонлаштириш бошқармалари бошлиғи этиб белгиланади. Давлат-хусусий шериклик асосида ижтимоий соҳа объектларини бошқариш ваколатлари кенгайтирилади. Иссиқхоналар ташкил этиш, автоматлаштирилган автотураргоҳ тизимларини жорий этиш, чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича пуллик хизматларни йўлга қўйиш, боғлар, хиёбонлар ва қабристонларни тизимли бошқариш орқали қўшимча даромад манбалари яратилади.

Аҳолини узлуксиз ва барқарор коммунал хизматлар билан таъминлаш масаласида маҳаллий ҳокимликлар масъулияти кучайтирилади. Туман ва шаҳар ҳокимлари электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва оқова сув таъминотида юзага келган муаммоларни тезкор бартараф этиш учун шахсан жавобгар этиб белгиланади.

Қарор ижроси доирасида 2026 йил 1 февралга қадар халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда “фискал номарказлаштириш” бўйича таҳлиллар ўтказилади, 2026 йил 1 сентябрга қадар эса маҳаллий бюджетларни ислоҳ қилиш стратегияси ишлаб чиқилади. Шу билан бирга, инфратузилма ва дренаж тизимларини ривожлантиришга қаратилган кўп йиллик дастурлар амалга оширилади.

Қабул қилинган чора-тадбирлар маҳаллий бюджетлар молиявий мустақиллигини ошириш, бюджет интизомини мустаҳкамлаш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштириш ҳамда аҳоли фаровонлигини барқарор ошириш учун мустаҳкам асос яратади.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар сектори


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар