Халқаро ташкилотларнинг баҳолашлари ва маърузалари шарҳи
Туркманистонга расмий ташриф
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни расмий ташриф билан Туркманистон Республикасида бўлди. Ташриф чоғида Ўзбекистон Президенти кейинги ойларда икки давлат раҳбарлари олтинчи марта учрашаётганини таъкидлади. Иқтисодиёт икки томонлама муносабатларнинг етакчи кучи бўлиб хизмат қилмоқда, сўнгги йилларда эса ўзаро савдо жадал ўсиш суръатлари касб этмоқда. Сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги каби соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари ташриф давомидаги музокараларнинг асосий мавзусига айланди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ўртасида ўтган учрашувда кооперация лойиҳаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Саноат, энергетика, кимё тармоғи ва қишлоқ хўжалиги каби устувор тармоқларда янги лойиҳаларни шакллантириш ва амалга ошириш борасидаги ишларни кучайтиришга келишиб олинди. Транспорт соҳаси ҳамкорликнинг стратегик йўналишларидан бири сифатида эътироф этилди. Давлат раҳбарлари Шарқ-Ғарб ва Шимол-Жануб йўналишларида, жумладан, Туркманбоши порти имкониятларидан фойдаланган ҳолда транспорт йўлакларини фаол ривожлантиришга аҳдлашиб олдилар.
Икки давлатнинг сув соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги юқори даражада экани қайд этилди. Хусусан, томонлар Тошкентда имзоланган Амударё бўйича битимнинг кенг кўламда амалга оширилишини таъминламоқда. Шу билан бирга, сувдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Шунингдек, ҳудудлараро алоқаларни янада кенгайтириш, фан, таълим, санъат, кино ва туризм соҳаларида маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Томонлар Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш мақсадида келгуси йилда икки томонлама Маданият ва кино кунлари, фестиваллар ва бошқа тадбирларни ўтказишга келишиб олдилар.
Ташриф чоғида Президентлар Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларацияни имзоладилар. Бундан ташқари, қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:
– 2022-2024 йилларга мўлжалланган Амалий ҳаракатлар режаси;
– Икки томонлама ташқи иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш тўғрисида битим;
– Ўзбекистон Республикаси ва Туркманистон ҳудудларида савдо уйлари фаолиятини тартибга солиш тўғрисида битим;
– Илмий-техник ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича Амалий чора-тадбирлар режаси;
– Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини рўйхатга олиш тўғрисида битим.
Шунингдек, электр энергетикаси, божхона иши, ветеринария ва чорвачилик, кинематография ва бошқа йўналишларда ҳамкорлик қилиш юзасидан келишувларга эришилди.
Ташриф якунида томонлар муштарак сиёсий ирода туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон-Туркманистон муносабатларига мутлақо янги руҳ бағишлангани ва икки томонлама ҳамкорлик стратегик тус олганини таъкидлаб ўтдилар.
“Туркманистон билан шерикликни янада мустаҳкамлаш – Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзгармас устувор йўналиши”, – дея қайд этди давлатимиз раҳбари.
Бундан ташқари, икки давлат Президентлари Афғонистонда вазиятни тез фурсатда барқарорлаштириш ва муҳим инфратузилма лойиҳаларини илгари суришга қаратилган саъй-ҳаракатларни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Ташриф давомида икки давлат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш, шунингдек, ҳудудларда янги иш ўринлари яратишга хизмат қиладиган замонавий инфратузилмага эга Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонасининг қурилиши ҳам бошлаб берилди.
Россия билан иқтисодий ҳамкорлик
23 октябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтди, 24 октябрь куни эса Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси қўшма Ҳукуматлараро комиссия ҳамраиси Денис Мантуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Президент ҳузуридаги учрашувда комиссия фаолиятининг асосий натижалари кўриб чиқилиб, ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, саноатда, ёқилғи-энергетика мажмуида, кимё, фармацевтика, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистон ва Россиянинг етакчи корхоналари ўртасидаги амалий шерикликни кенгайтириш бўйича икки томонлама дастурни тайёрлашга келишиб олинди. Қўшма Лойиҳа офисининг самарали фаолиятини давом эттириш, бизнес ташаббуслари ва ҳудудлараро алмашинув лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳукуматлараро комиссия йиғилишида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Саноат ва савдо вазирлигининг қўшма лойиҳа офиси томонидан умумий қиймати қарийб 4 млрд долларлик 20 дан зиёд лойиҳани ўз ичига олган янги портфель ишлаб чиқилаётгани таъкидланди. Сўнгги пайтларда Россия-Ўзбекистон ўртасидаги савдо ҳажмининг ўсиши 37 фоизни ташкил этди.
“Йил якунига қадар қарийб 8,5 млрд долларга чиқишни мўлжаллаганмиз”, – деди Денис Мантуров.
Россия компанияларининг Ўзбекистонга киритаётган инвестициялари ҳам кўпаймоқда, нефть ва энергетика сектори, телекоммуникация, агросаноат мажмуи ва бошқа бир қатор тармоқларда капитал қўйилмалар ҳажми 10 млрд доллардан ошди. Россия томони таъкидлаганидек, Россия ўзининг “Метпром” гуруҳи томонидан амалга оширилаётган, масалан, Тошкент металлургия заводи қурилиши каби йирик саноат лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва комплекс инжиниринг хизматлари кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилишга тайёр.
ЕИ билан иқтисодий ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакалани қабул қилди. Учрашувда томонлар ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик самарали ривожланаётгани қайд этилди. Биргина жорий йилнинг 9 ойи давомида ўзаро савдо ҳажми 15 фоизга ўсди. Ўзбекистон маҳсулотларини ЕИ мамлакатларига экспорт қилиш ҳажми 70 фоизга кўпайди. Ўзбекистонда қўшма лойиҳалар ва корхоналар сони мингдан ошди. Европалик инвесторлар иштирокида энергетика ва автомобилсозлик каби юқори технологик тармоқларда, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда лойиҳалар амалга оширилмоқда. Транспорт, инновация, рақамлаштириш, “яшил” иқтисодиёт, муқобил энергетика ва сувдан оқилона фойдаланиш, инклюзив таълим келгуси ҳамкорлик учун устувор соҳалар сифатида белгиланди. Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан тартибга солиш ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Германия билан ҳамкорликни ривожлантириш
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 ноябрь куни мамлакатимизда расмий ташриф билан бўлиб турган Германия Федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Йиғилишда ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари ўсаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 45 фоизга ўсди. Жалб этилган инвестициялар ҳажми шу йил якунига бориб 1 млрд еврогача етади. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда Германиянинг 200 дан ортиқ етакчи компаниялари муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, молиявий-техник ҳамкорлик “KfW” банки ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти орқали ҳам кенгаймоқда.
Ҳар икки мамлакат “яшил” иқтисодиёт, муқобил энергетика, инновациялар, ресурс тежовчи ва экологик тоза технологияларни қўллаш, илғор таълим методикаларини жорий этиш каби устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор экани таъкидланди.
Афғонистоннинг тикланишида Ўзбекистон ҳиссаси
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон афғон томонининг илтимосига кўра, Афғонистоннинг Мозори Шарифидаги Мавлоно Жалолиддин Балхий номидаги халқаро аэропортни реконструкция қилишда ёрдам бериш учун 30 кишидан иборат техник гуруҳни юборган эди. Ўзбекистон мутахассислари аэронавигация ва метеорология ускуналарини таъмирлаш, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш, аэропортнинг электр таъминотини тиклаш билан шуғулланишди.
25 октябрь куни Афғонистонга Мозори Шариф аэропортини тиклашда техник ёрдам кўрсатиш лойиҳасининг якунига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, “Ўзавиация” агентлиги, “Ўзаэронавигация” маркази, Uzbekistan Airports компанияси, “Ўзгидромет” ва бошқа тузилмалар вакиллари иштирок этди. Тадбирда аэропорт объектларини фойдаланишга топшириш ва унинг фаолиятини тиклаш учун зарур жиҳозларни қабул қилиб олишга оид ҳужжат имзоланди.
Қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқаришда ҳамкорлик
31 октябрь куни Вальдорф шаҳрида (Германия) UzAuto ва дунёдаги энг йирик қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчи John Deere Walldorf GmbH & Co. KG шўъба корхонаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Натижада UzAuto Марказий Осиёда John Deere техникасини ишлаб чиқариш бўйича ягона ҳамкорга айланди. Томонлар 6140 В русумли тракторлар ва W430 русумли ғалла ўриш комбайнларини йиғиб ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ушбу моделларни маҳаллийлаштириш даражасини 25-30 фоизга етказиш бўйича келишиб олишди. Бундан ташқари, 2026 йилдан бошлаб Ўзбекистонда John Deere пахта териш комбайнининг янги моделини йиғиб ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Мазкур моделлар Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган AgroTechClaster ишлаб чиқариш қувватларида йиғилади, шу муносабат билан таркибий ва бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш учун ноу-хау ва савдо белгиларидан фойдаланишга эксклюзив ҳуқуқлар берилади. John Deere қишлоқ хўжалиги техникасининг танлаб олинган моделларини Ўзбекистонда сотиш, жумладан, импорт қилиш ушбу корхонага ўтказилади. Биринчи босқичда маҳаллий ишлаб чиқарилган айрим техника моделларини қўшни Туркманистон ва Тожикистонга экспорт қилиш борасида келишиш режалаштирилган.
Зарур бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш занжирини йўлга қўйиш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар жалб қилинади, бунинг учун John Deere ўзининг расмий дилери “Ландтех” МЧЖ кўмагида Ўзбекистонда маҳаллий мутахассислар ва мижозларни ўқитиш учун “Илғор тажриба ва компетенциялар маркази”ни ташкил этади, шунингдек, сотувдан кейинги кенг қамровли хизмат кўрсатишни йўлга қўяди ва зарур эҳтиёт қисмларни етказиб беришни таъминлайди.
UzAuto: Қозоғистонда тўлиқ циклни ташкил этиш
Октябрь ойи охирида “Ўзавтосаноат” АЖ ва Allur компанияси (Қозоғистон) ўртасида Қозоғистонда автомобиль ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Имзоланган битим доирасида томонлар Allur автомобиль заводида йилига 30 минг дона Chevrolet Onix автомобилларини майда узелли йиғиш (CKD) усулида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича келгусида ҳамкорлик қилиш ниятини билдиришди. Лойиҳани амалга ошириш учун қарийб 50 млн долларлик инвестициялар жалб қилинади. Эришилган келишувларга мувофиқ, Allur заводи “Ўзавтосаноат” томонидан муҳандислик ва техник кўмак, шунингдек, Chevrolet Onix русумли автомобилни йиғиш ва ишлаб чиқариш бўйича сервис билан таъминланади.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №11/2022
Изоҳ қолдириш