UZEX биржаси Дубайда хорижий ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказди

UZEX биржаси Дубайда хорижий ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказди

Биржа вакиллари дастлаб Дубай кўп тармоқли товар ва хом ашё маркази (DMCC) ҳамда Дубай олтин ва товар биржаси (DGCX)нинг раҳбарлари ва мутахассислари билан музокаралар ўтказишди. Учрашув доирасида томонлар биржа савдоларининг замонавий тенденциялари ва жорий этилаётган янги савдо механизмларини ривожлантириш масалаларини кенг муҳокама қилдилар.

Хусусан, Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси товар бозорларида жорий этилган электрон савдо тизимлари, унинг инфратузилмаси ва истиқболдаги режалари бўйича тақдимотлар ўтказди.

Ўз навбатида, Дубай олтин ва товар биржасининг мутахассислари биржада ташкиллаштирилган товар деривативлари, шу жумладан, олтин бозорининг ўзига хос хусусиятлари, афзалликлари, ҳуқуқий асослари ва солиқ маъмурчилигига доир батафсил маълумотлар беришди.

Шунингдек, музокаралар чоғида, дунёнинг энг нуфузли эркин иктисодий зонаси сифатида тан олинган Дубай кўп тармоқли товар ва хом ашё маркази, икки мамлакат ўртасида ўзаро биржалараро ҳамкорликни ривожлантириш ва ташқи савдо ҳажмларини оширишга кўмак беришга тайёр эканлигини билдирди.

Ташрифнинг иккинчи кунида Freedom Finance халкаро инвестицион компанияси томонидан ташкиллаштирилган бизнес нонуштада БАА тадбиркорлари учун Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда ташриф буюрган нуфузли ишбилармонлар билан ташқи савдо ва финтеч, яъни молиявий технологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Маълумот ўрнида: Дубай кўптармоқли товар-хом ашё маркази (DMCC), 2002 йилда Дубайда ишбилармонликни стратегик ривожлантириш мақсадида эркин иқтисодий зона сифатида ташкил топган. Айни пайтда марказда 21 мингдан зиёд компаниялар, шу жумладан брокерлар, банклар, товар биржалари ва консалтинг агентликлари рўйхатдан ўтказилган.

Дубай олтин ва товар биржаси (DGCX) Дубай кўптармоқли товар-хом ашё марказининг таркибий тузилмаси булиб, 2005 йилда Якин Шарқда ташкил топган биринчи дериватив биржаси ҳисобланади. Биржада товар ва молиявий воситалар бўйича биржа савдолари ўтказилади.

Freedom Finance Freedom Holding Corp. холдингнинг таркибига кирувчи халкаро инвестицион компания. Компания брокерлик, банк, дилерлик ва депозитарлик фаолиятларини юритади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар