Учрашувдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда биржалараро ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат бўлди. Учрашув давомида замонавий биржа савдолари технологиялари ва воситаларини ривожлантириш ҳамда шаффоф биржа механизмларидан фойдаланган ҳолда икки мамлакат ўртасида ташқи савдо ҳажмларни ошириш масалалари бўйича муҳокамалар ўтказилди.
Ўтказилган музокаралар натижаларига кўра дастлабки босқичда биржаларнинг спот ва деривативлари бозорларини ташкиллаштириш ҳамда клиринг, электрон логистика ва омборхоналарнинг ягона экотизимини яратиш ва мувофиқлаштириш бўйича ўзаро тажриба алмашишга келишиб олинди.
Шунингдек, Покистонда Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржасининг савдо майдончасини очиш ҳамда икки биржа савдо тизимларини интеграциялаш бўйича маслаҳатлашувлар давом эттирилади.
Бу, ўз навбатида, тадбиркорлар учун икки мамлакат товар бозорларига чиқишда қулайликлар яратиб, Ўзбекистон ва Покистон ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожланишига хизмат қилади.
Маълумот ўрнида: Покистон товар биржаси (PMEX) 2007 йилдан буён мамлакатнинг биринчи фючерс биржаси сифатида фаолият юритиб келмоқда. Биржада MetaTrader 5 технологияси асосида риск-менежмент ва товар деривативлари (олтин, буғдой, шакар, бензин ва бошқалар) қўлланилади.
Изоҳ қолдириш