«Янги Ўзбекистон тадбиркорлари сафида эканлигимдан фахрланаман»

«Янги Ўзбекистон тадбиркорлари сафида эканлигимдан фахрланаман»

Тадбиркорнинг ўзи ва оиласи ҳақида қисқача маълумот

Тожимирзаева Гулбаҳор Баҳодировна, 1991 йил 25 июлда Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Ўзак қишлоғида таваллуд топган, Хитой Халқ Республикасининг Жанубий Хитой Аграр университетини халқаро иқтисод ва савдо мутахассислиги бўйича 2015 йили тамомлаган. Оилали, турмуш ўртоғи — хитойлик Ху Денг (ўзбекча исми – Хуршид) билан Хонзода ва Ойша исмли 2 нафар фарзандни тарбиялашмоқда. Хуршид куёв Гулбаҳор ёрдамида ўзбек тилини ҳам ўрганиб олган.

Ўзбекистон ва Хитойда Гуанчжоу шаҳридаги “GUANGZHOU SHENGLI TRADE CORPORATION”, Ўзбекистондаги “WANGDA METAL” ўзбек-хитой қўшма корхонаси, “AWINER AGRO” “BA SOLAR ENERGY” заводи, “CHINA CAR” автосалони каби ўндан ортиқ йирик лойиҳалар ташаббускори ва раҳбари, жумладан, Наманган вилояти Чуст туманидаги “TAICHANG CHANG SPECIAL STEEL” МЧЖ қўшма корхонаси бошлиғи.

Гулбаҳор Тожимирзаева ўзбек, рус, инглиз, хитой, корейс тилларини билади, хитой тили бўйича энг юқори даражадаги HSK6 сертификатини олган. 2008-2009 йиллари Хитойнинг Harbin Engineering университетида чет эллик талабалар ўртасида ўтказилган Хитой тилида нутқ сўзлаш бўйича танловда 2 марта 1-ўринни қўлга киритган.

Shotokan karate-do бўйича 1-дан қора белбоғ соҳибаси. 2007 йилда карате бўйича Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро турнир ғолиби. 2023 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг ХХРдаги ваколатхонасида волонтёрлик асосида маслаҳатчи бўлиб фаолият олиб боради.

2022 йили “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони ва “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган. 2023 йил Ўзбекистон Либерал Демократик партиясининг “Ишбилармон аёл – 2023” кўрик танлови ғолиби. 2023 йили Ўзбекистоннинг “ТОП-30” энг яхши ёш тадбиркорлари сафига кирган.

У Давлатимиз Раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашувларига таклиф этилади. 2024 йил 23-25 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг ХХРга давлат ташрифи доирасида ўтказилган Ўзбекистон-Хитой тадбиркорлари форумлари қатнашчиси.

Жамоат, аёллар ва тадбиркорларнинг миллий ва халқаро тадбирларида фаол иштирок этади, жумладан, Самарқандда ўтказилган “SHXT—2022” халқаро фестивалида хитой тили бошловчиси бўлиб иштирок этган. 2022 йили “Аёл ва бизнес” форумида чет эл тажрибаси ҳақида нутқ сўзлаган ва “Энг фаол спикер” йўналиши бўйича совриндор бўлган.

2023 йил 1 июлда Наманган вилояти ЎзЛиДеп билан ҳамкорликда Президент сайловолди тарғиботини ўтказган. Жорий йилнинг 3 февраль куни Гулбаҳорнинг ташаббуси билан 5 та опа-сингил биргаликда Наманган шаҳрида “Муваффақиятлар сари бирлашамиз!” шиори остида Аёллар форумини ўтказишди ва унда 500 дан зиёд хотин-қизлар иштирок этди. Мазкур форумни мамлакатимизнинг барча вилоятларида давом эттириш режалаштирилган.

Расм: Гулбаҳор Тожимирзаева оиласи билан

Гулбаҳор, жуда ёшсиз, лекин бизнесда катта муваффақиятларга эришдингиз. Шу боис, бизнесда фаолиятингизни қандай ва нимадан бошлаганингиз кўпчиликни қизиқтириши табиий. Хуллас, бизнес карьерангизни қандай бошлагансиз? Ундан олдин нима иш билан машғул бўлгансиз? Сизнинг олдинги фаолиятингиз бизнес муваффақиятингизга қандай ҳисса қўшган?

— Тадбиркорликка қизиқишим ўқувчилик пайтларимда бошланган. Бошланғич синфда ўқиётганимизда отам кундалик харажатларимиз учун бизга маълум миқдорда пул берар эдилар. Ушбу пулнинг бир қисмини кичик тадбиркорлик фаолияти, яъни шахсий ҳаракатларим натижасида пул ҳажмини кўпайтириш учун сарфлаганман. Масалан, 4-синфда ўқиётган пайтимдан отам эҳтиёжим учун берган пулга синфдошларимга керакли бўладиган буюмларнинг олди-соттиси билан шуғулланиш орқали илк бизнесимни бошлаганман.

2011-2015 йилларда ХХРнинг Гуанчжоу шаҳрида жойлашган Жанубий Хитой Аграр университетида таҳсил олган пайтларимда ҳам ўқиш билан бизнесни биргаликда олиб борганман. 2014 йил Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида “GUANGZHOU SHENGLI TRADE CORPORATION” корхонасига асос солганман. Корхона, асосан, импорт - экспорт, транспорт, логистика хизматлари билан фаолият олиб боради, қолаверса, бошқа тадбиркорлик йўналишларда ҳам ўзимни синаб кўришга ҳаракат қилар эдим.

Ўқиш ва бизнесдан бошқа фаолият билан ўзим учун шуғулланганман. Масалан, карате, санъат, тил ўрганиш менга ҳаётни ўргатган, дунёқарашимни кенгайтирган, соғлиғимни мустаҳкамлаган. Лекин асосий қизиқишим, яъни бизнес ва чет тилларини ўрганишга бўлган алоҳида қизиқишим ҳаммасидан устунлик қилган. Лекин бу соҳалар билан шуғулланганлигим менинг бизнесим муваффақиятли бўлишида жуда катта хизмат қилганлигини тан оламан.

Металлургия соҳасига қизиқишимиз эса бизга тақдирнинг инояти бўлган, деб ўйлайман. Ушбу соҳада фаолият олиб борадиган инсон билан танишганимиз туфайли металлургия тармоғига кириб келдик ва аёл бўлишимизга қарамай, шу соҳага меҳр қўйдик.

— Бизнес билан шуғулланиш ва бизнесвумен сифатида шаклланишингизга нима ёрдам берди? Масалан, бунга юртимизда яратилган имтиёзлар, қўллаб-қувватлаш ва шароитлар қандай ёрдам берди?

— Бизнес билан шуғулланишим ва бизнесга қизиқишимга асосий сабабчи, албатта, Аллоҳнинг тақдиримга шу нарсани ёзгани бўлган. Яратганнинг иродаси шундай бўлмаганида мен бу соҳада шунча натижаларга эриша олмаслигим аниқ эди.

Қолаверса, бунда ота-онамнинг бизга берган тарбияларининг таъсири жуда катта бўлган. Эътибор қилингки, биз оилада 5 та қизмиз. Аллоҳ ота-онамга ўғил фарзанд бермаган. Ўғил фарзанди бўлмаган айрим оилаларда она ва у туққан қизлар умрбод танаю-дашномлар остида яшашган, бошларини баланд кўтариб юра олишмаган. Бундай оталар, қариндош-уруғлар оилада ўғил туғилмаганлигига хотинлари ва қиз фарзандларини айбдор ҳисоблашган.

Парвардигор биз 5 та опа-сингилларга дунёнинг энг зўр отасини ато этган, деб ҳисоблаймиз. Бизнинг отамиз ўғил кўрмаганликларидан ҳеч қачон афсусланмаганлар. Аксинча “ҳар бир қизимни 10 та ўғилга алмаштирмайман”, деган гапни жуда кўп гапирардилар ва ҳамон шу фикрдалар. Биз, қизлар ҳам, отамизнинг бизга бўлган алоҳида меҳрларини, бизни еру-кўкларга ишонмасдан тарбия қилаётганликларини қадрлашга ҳаракат қилардик. Отамнинг бизга нисбатан улуғликлари бизга жуда катта мотивация берарди.

Опа-сингиллар Наманган шаҳрида ўтказилган “Аёллар форуми”да

Демак, менинг тадбиркор бўлиб шаклланишимда ота-онам тарбияларининг таъсири жуда катта бўлган. Бевосита тадбиркорликда эса менинг биринчи ва энг асосий устозим отам бўладилар. Мен ҳаётимда, бизнес фаолиятимда ҳамиша отамдан ўрнак олганман, ҳар бир қадамимни у киши билан маслаҳатлашиб босганман.

Нокамтарлик бўлса ҳам айтмоқчиман, тадбиркор сифатида шаклланишим ва оёққа туришимда ўз устимда тинмай ишлаш ва изланишларимнинг ҳам таъсири катта бўлган. Чунки яхши ўқимасдан, чуқур изланмасдан яхши тадбиркор бўлиш қийин. Албатта, истиснолар бўлади, яъни кимдир тасодифан бойиб кетиши ҳам мумкин. Лекин биз бу қаторга кирмаймиз ва тасодифий бойишнинг охири кўпинча яхши тугамаслигини яхши биламиз. Билим ва меҳнат ҳисобига бойишни энг тўғри йўл, деб ҳисоблаймиз.

Тўғрисини айтаман, мен оилам билан Хитойда яшашни афзал билган пайтларим бўлган. Чунки у ерда оилавий бизнесимиз гуркираб ётар, молиявий шароитимиз жуда яхши эди. Лекин мамлакатимизда 2016 йилдан бошланган янги сиёсат, Юртбошимиз Шавкат Миромоновичнинг халқимиз ҳаётини яхшилаш учун бошлаган туб ислоҳотлари, айниқса, тадбиркорликка эркинлик ва алоҳида эътиборлари бизнинг ўз юртимизга қайтиб келишимизга сабаб бўлди. Ўзбекистондаги бу ижобий ўзгаришларни ўз кўзлари билан кўрган турмуш ўртоғим ҳам бунга рози бўлди.

Давлатимиз Раҳбари томонидан бизнесни ривожлантиришга халақит бераётган тўсиқлар олиб ташланди, тадбиркорликни ривожлантириш учун алоҳида эътибор ва имкониятлар берилмоқда. Масалан, инвесторлар ҳуқуқ ва манфаатларининг қатъий ҳимоя қилиниши, сўмнинг эркин конвертацияси таъминланганлиги, асоссиз текширувлар ва тадбиркор фаолиятига ноқонуний аралашувларга барҳам берилганлиги, бюрократия камайганлиги бу борадаги энг муҳим ўзгаришлар бўлди, деб айта оламан.

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар эса тадбиркорнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва соғлом тадбиркорлик муҳитини шакллантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратди.

Хитойлик тадбиркорларга Ўзбекистонда бизнес учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида гапирганимизда улар бундан ҳайратга тушишмоқда ва юртимизга келиб тадбиркорлик қилиш истагини билдиришмоқда.

Сизнинг бизнесингиз қандай ривожланган ва унинг ривожланишининг қайси дақиқаларини энг муваффақиятли деб ҳисоблайсиз? Бу муваффақиятларга нима имкон берди?

— Бу саволга юқорида қисман жавоб бериб ўтдим. Яна қўшимча қилишим мумкинки, бизнесимнинг ривожланишига чет давлатларда яхши таҳсил олишим, хорижий тажрибани чуқур ўрганишим, тадбиркорлигим давомида соҳани мукаммал эгаллаган тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилишим, улар билан лойиҳаларни тўғри йўлга қўя олганим ҳам сабаб бўлди.

Минглаб инсонларни замонавий ва юқори даромадли иш билан таъминлай олишга ёрдам берадиган корхоналарни ишга туширган пайтларимизда одамларнинг юзларидаги қувончни кўриш энг муваффақиятли дақиқаларим бўлган, деб ҳисоблайман. Бошқача айтганда, инсоннинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилишни бизнесимизнинг энг муҳим муваффақиятларидан деб биламан.

Янги лойиҳаларга инвестиция жалб этишда Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида эркин иқтисодий зоналар ташкил қилиниши ва уларда фаолият кўрсатадиган корхоналар даромад солиғи, ер солиғи, сув солиғидан озод этилгани, давлатимизга импорт бўлиб келаётган асбоб-ускуналар ва маълум бир хомашёларни имтиёзли равишда божхона тўловларидан озод қилиниши тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва уларга яратилган энг яхши шароитлардан, деб биламан.

Бизнесингизнинг ҳозирги ҳолати ҳақида ахборот берсангиз (йўналишлар ва бозорлар қандай, қандай лойиҳалар амалга оширилди, улар минтақа ва истеъмолчиларга нима беради?)

— Ҳозирги кунга келиб металлургия, турар ва нотурар бинолар қурилиши, пластмасса маҳсулотларини қайта ишлаш, қишлоқ хўжалигида кенг фойдаланиладиган минерал ўғит ва химикатлар ишлаб чиқариш йўналишлари бўйича 20 дан зиёд корхоналарга асос солдик. Йирик лойиҳаларимизга мисол сифатида NAMANGAN METALLURGIYA ZAVODI, TOSHKENT PLAST POLIMER, CHINA HOUSE'ни айтиб ўтишим мумкин.

Биз маҳсулотларимизни жаҳон стандартларига мос равишда ишлаб чиқаришга қатъий риоя қиламиз ва шу билан Ўзбекистон бозорида ўз соҳасида етакчи ўринларни эгаллашга эришдик. Минглаб одамларни иш билан таъминладик. Корхоналаримиз жойлашган ҳудудларда катта миқдорда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаряпмиз. Сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан аҳоли хавфсизлигини таъминлашга ва импорт ўрнини босувчи ҳамёнбоп маҳсулотларни етказиб беришга эришдик.

Маҳсулотларимизни хорижга экспорт қилишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Айни пайтда қатор металл ва пластмасса маҳсулотлари ҳамда картон қутиларимизни Марказий Осиё давлатлари ва Россия Федерациясига экспорт қиляпмиз. Келгуси режамизда металл маҳсулотларимизни Европа давлатларига экспорт қилишни мақсад қилганмиз ва шунга тайёргарлик ишларини бошлаб юбордик.

Сизнинг бизнесингизнинг ижтимоий аҳамиятини баҳолаш мумкинми? Масалан, қанча иш ўринлари яратилди? Сизнинг компаниянгизнинг эҳтиёжманд гуруҳларга нисбатан ижтимоий сиёсати қандай? Сизнинг ходимларингизнинг ижтимоий пакетлари ва даромад даражаси қандай?

— Биз амалга оширган лойиҳалар орқали давлатимизда қарийб 3000 дан зиёд аҳолини иш билан таъминладик. Бу кўрсаткични 2025 йилга келиб яна 1000 тага кўпайтиришни режа қилганмиз.

Ҳозирги кунда ҳар бир корхонамизда кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни ишга олишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ишчи ва ходимларимиз ўз ҳудудларидаги ўртача ойлик маошдан юқори даромад олишади. Яхши ишлаган ходимлар алоҳида рағбатлантирилади ва ижтимоий пакетлар ҳам мавжуд.

Яна бир нарсани айтиб ўтиш жоизки, корхоналаримиз ривожи учун ҳисса қўшган ва фаолият самарадорлиги юқори бўлган ходимлар “Корхона қаҳрамони” унвони билан мукофотланади ва уларга оила аъзолари билан бирга соғлигини тиклашга шароит яратиб беряпмиз.

Сўнгги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай қарорлар сизнинг бизнесингизга энг фойдали таъсир кўрсатди ва бу қай тарзда намоён бўлди?

— Тадбиркорлик субъектларининг хуқуқлари ва қонуний манфаатларини химоя қилиш “Бизнес омбудсмани” ташкил қилинди. У тадбиркорларнинг фаолиятини доимий равишда ҳимоя қилишга кўмаклашади. Энди бу ташкилот тадбиркорларнинг фаолиятини қонуний ҳимоя қилади. Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга ноқонуний текширувларни олдини олган ҳолда уларнинг бизнесини ривожлантиришга кўмаклашади.

Сўнгги йилларда яратилган ишбилармонлик муҳити, ҳисобот талаблари ва назоратчи ташкилотлар билан ўзаро муносабатларни қандай баҳолайсиз? Бу соҳада бошқа муаммолар борми ва нимани яхшилаш керак?

— Сўнгги йилларда солиқ тизимида бир қатор солиқлар енгиллаштирилди. Хусусан, ҚҚС 20 фоиздан 12 фоизга туширилди. Бир қатор солиқ текширувлари бекор қилинди.

Лекин муаммолар ҳам бор. Масалан, айрим солиқчилар аниқ маълумотларга эга бўлмаган ҳолатларда тадбиркорлардан қўшимча солиқлар ундириши кузатилмоқда. Биз хоҳлар эдикки, маълум бир солиқни ундиришдан аввал тадбиркорнинг ҳолатини аниқ таҳлил қилиб, кейин солиқ ундирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Гулбаҳор Тожимирзаева Наманган металлургия заводи жамоаси билан

Сизнингча, Ўзбекистон ягона интерактив давлат хизматлари портали тизимининг жорий этилиши бизнес учун қанчалик қулайлик туғдирди? Ушбу тизим орқали корхоналарга кўрсатиладиган давлат хизматлари сизни қониқтирадими? Бу борада яна нимани яхшилаш мумкин?

— Давлат хизматлари маркази ташкил этилиши билан тадбиркорлик субъектларининг ишга туширилиши ва фаолияти тизимлаштирилди. Бу эса тадбиркорлар фаолияти самарадорлигининг ошишига сабаб бўлди. Давлат хизматлари марказининг бугунги кундаги фаолияти биз тадбиркорларга кўмак вазифасини бажаряпти.

Лекин бир пайтнинг ўзида унинг фаолиятида қатор камчиликлар ҳам бор. Фикримни мисол билан тушунтираман. Тасаввур қилинг, бир чет эллик тадбиркор бошқа бир тадбиркор билан корхона ташкил этди ва улар таъсис ҳужжатларини давлат хизматлари марказида рўйхатдан ўтказди. Таъсисчилардан бири бошқа бир таъсисчи хорижга кетганидан фойдаланиб, унинг имзосини қалбакилаштириш орқали корхона юридик ҳужжатларини давлат хизматларида қайта рўйхатдан ўтказди. Албатта, бу ҳолат юзасидан давлат хизматлари тизими ходими хабардор эмас, чунки давлат хизматлари марказида корхона юридик ҳужжатларини расмийлаштиришда таъсисчилар шахсини аниқлаш мажбурияти йўқ. Натижада таъсисчилар ўртасида келишмовчилик келиб чиқиши аниқ. Бунинг умумий бизнесга салбий таъсири жуда катта бўлади.

Мен яшаган чет эл давлатида корхона ҳужжатларини давлат хизматларида расмийлаштириш таъсисчининг шахсий бармоқ изларини олиш билан амалга оширилади. Бизнинг мамлакатимизда ҳам шу қоида жорий этилса, тадбиркорларнинг мулки хавфсизлиги таъминланар эди.

Сиз қандай лойиҳаларни ишлаб чиқмоқдасиз ёки режалаштирмоқдасиз? 2024 ва 2030 йилларга мўлжалланган ислоҳотларни чуқурлаштириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар режаларингизга қандай таъсир қилади?

— Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегияларида белгиланган вазифалардан илҳом олиб, келгуси режаларимизни ишлаб чиққанмиз. Хусусан, биз 2024 йилда яшил энергетика, IT ва туризм йўналишида бир қатор инновацион лойиҳаларни амалга оширишнини режа қилганмиз.

2030 йилга қадар корхоналаримиз акцияларини дунё бозорига чиқариш асосий мақсадларимиздан бири ҳисобланади. Давлатимиз Раҳбари олиб бораётган оқилона очиқ сиёсат биз тадбиркорларга асосий кўмак бўлиб хизмат қилади ва чет эл инвестициясининг Ўзбекистонга кириб келишида катта ижобий таъсир кўрсатади.

Мамлакатимизда тадбиркорларга шундай кенг йўллар очиб берилганки, Президентимиз йиғилишларда “нима муаммоларингиз бор”, деб сўраганларида қандай муаммони айтишимиздан қатъий назар, уларни ўша жойнинг ўзида ҳал қилиш ёки зудлик билан бажариш тўғрисида топшириқлар берилиши биз тадбиркорлар учун жуда катта мотивация беряпти ва у киши томонидан бизни қўллаб-қувватлаш бўляпти.

Биргина мисол келтираман. Муҳтарам Президентимиз 2022 йил август ойида Бекобод шаҳрига қилган ташрифлари чоғида металлургия соҳасида фаолият олиб борувчи тадбиркорлар билан учрашдилар. Ана шу учрашувда мен Наманган вилоятида амалга ошираётган лойиҳамиз ҳақида сўзлаб, улардан эркин иқтисодий зона ҳудудигача темир йўл линияси олиб келинишида ёрдам беришларини сўраган эдим. Муҳтарам Президентимиз шу заҳотиёқ мутасаддиларга берган топшириқлари натижасида 12 километрлик темир йўл қурилиши бошланиб кетди ва у тезда ишга тушди. Бунинг натижасида биргина бизнинг корхонамизда юк ташишда ҳар бир тонна маҳсулотни ташиш харажатларидан 5 доллардан тежалмоқда.

Вазирлик, идора, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига мурожаат қилинганда ҳам улар тадбиркорларнинг мушкулини тезлик билан осон қилишга ҳаракат қилишмоқда.

Юртимизда ана шундай қулай бизнес муҳити яратилган экан, Тараққиёт стратегияси ва “Ўзбекистон-2030” стратегияларида қўйилган мақсадлар албатта бажарилади ва бу давлатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига жуда катта ҳисса бўлиб қўшилади. Ана шу жараёнларни амалга оширувчи етакчи куч бўлган Ўзбекистон тадбиркорлари сафида эканлигимиздан фахрланамиз.

Одил Олимжонов суҳбатлашди

"Иқтисодий шарҳ" журнали №2/2024


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар