Бу ҳисобот даври учун белгиланган прогноз кўрсаткичларининг 139 фоизга бажарилганини ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,6 баравар ўсиш таъминланганини англатади.
Ҳисобот даврида хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига 9,7 миллиард долларлик асосий капитал яратилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 147,5 фоизга ўсганини кўрсатади. Шу билан бирга, жами қиймати 1,2 миллиард долларлик 1 508 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, қарийб 28 мингта янги иш ўринлари яратилди. Жумладан, Пискент туманида “Қаратоғ” ва “Боштовоқ” истиқболли майдонларини ўзлаштиришнинг биринчи босқичи, Пахтаобод туманида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда Чирчиқ шаҳрида катализаторлар ишлаб чиқариш лойиҳалари фойдаланишга топширилди.
Йилнинг дастлабки уч ойида жами 12,8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар киритилди. Шундан 8,8 миллиард доллари асосий капиталга йўналтирилди. Ушбу кўрсаткич бўйича прогноз 141 фоизга бажарилиб, ўсиш суръати 1,6 бараварни ташкил этди. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳрида 2,2 миллиард доллар, Наманган вилоятида 1,06 миллиард доллар, Фарғона вилоятида 954 миллион доллар, Андижон вилоятида 880 миллион доллар, Тошкент вилоятида 709 миллион доллар ва Самарқанд вилоятида 619 миллион долларни ташкил этди.
Ҳисобот даврида 50 та шаҳар ва туманларда ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 50 миллион доллардан ошган бўлиб, уларнинг 21 тасида ушбу кўрсаткич 100 миллион долларга етди. Бу кўрсаткичлар ҳудудларда инвестиция фаоллиги кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Хорижий инвестициялар манбалари бўйича Хитой етакчилик қилди – 6,4 миллиард доллар. Шунингдек, Россия Федерациясидан 1,1 миллиард доллар, Туркиядан 975 миллион доллар, Бирлашган Араб Амирликларидан 824 миллион доллар ва Германиядан 342 миллион доллар инвестициялар жалб қилинди.
2026 йилда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида жами 125 та лойиҳани амалга ошириш ва улар доирасида 5,1 миллиард долларлик маблағларни жалб этиш режалаштирилган. Биринчи чоракда ушбу манбалар ҳисобидан 947 миллион долларлик хорижий кредитлар жалб қилиниб, прогноз кўрсаткичлари 120 фоизга бажарилди.
Инвестиция лойиҳалари доирасида инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш бўйича аниқ натижаларга эришилди. Хусусан, Хоразм вилоятига Кореянинг Hyundai Rotem компанияси томонидан “Жалолиддин” номли замонавий электропоезд етказиб берилди. Бу аҳоли учун қулайлик яратиб, сафар вақтининг 18 соатдан 7 соатгача қисқаришига хизмат қилади.
Шунингдек, ҳисобот даврида 89 километр ичимлик суви тармоқлари, 8,2 километр оқова сув тармоқлари ва 40 километр автомобиль йўллари қурилди. Asian Development Bank иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида 23,4 километр ичимлик суви тармоқлари тортилди. Натижада 12 минг нафар аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланди, 19,1 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланиб, қамров даражаси 68,4 фоиздан 90 фоизга етказилди.
Тошкент вилоятида ҳам мазкур банк иштирокида амалга оширилаётган лойиҳа доирасида Чирчиқ шаҳрида янги оқова сув тозалаш иншооти қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу 160 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва қамров даражасини 80,4 фоиздан 90 фоизгача етказиш имконини берди.
Амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг натижалари иқтисодиёт тармоқларида барқарор ўсишни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш