Июнь ойида товарлар ва хизматлар ўртача 0,2 % га арзонлашди

Июнь ойида товарлар ва хизматлар ўртача 0,2 % га арзонлашди

2021 йилнинг июнь ойида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар ўртача 0,2 % га арзонлашди. Ушбу ҳолат асосан мавсумий омил билан тавсифланади. Бу ҳақда Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси хабар қилди.

Жорий йил бошидан улар нархларининг ўсиш даражаси 4,4 % ни, ўртача ойлик ўсиш даражаси эса 0,7 % ни ташкил этди.

Йиллик нисбатда ИНИ ўсиш даражаси 10,9 % га етди.

2020 йилнинг июнь ойида товарлар ва хизматлар ой давомида ўртача 0,3 % га, 2019 йилда эса 0,5 % га арзонлашган.

Жорий йилнинг беш ойи давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ва спиртсиз ичимликлар нархларининг ҳар ойлик ўсишларидан сўнг, июнь ойида илк бора уларнинг пасайганлиги қайд этилди (ой давомида 1,0 %).

Нархлар пасайиши етакчилик мевалар ва ёнғоқлар (-3,8 %), ёғ-мой маҳсулотлари (-2,8 %), сабзавотлар,илдизмевалилар, плантайнлар ва дуккаклилар (-2,6 %), ҳамда сут маҳсулотлари ва тухумга (-1,6 %) тегишли бўлди.

Бошқаларга нисбатан гўшт маҳсулотлари, шакар, қандолат маҳсулотлари ва десертлар сезиларли даражада ошди (0,4 %).

2021 йилнинг июнь ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан (мева-сабзавотлардан ташқари) ой давомида тухум нархлари сезиларли даражада арзонлашди (-7,6 %).

Ўсимлик ёғи нархларини барқарорлаштириш бўйича амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида, уларнинг нархлари 2021 йилнинг июнида республика бўйича ўртача 3,6 % га арзонлашди.

Бундан ташқари, жорий йил июнида товуқ гўшти (-0,1 % дан -0,5 % гача), янги соғилган сут (-0,3 %), музлатилган балиқ, гречка (-0,2 %), творог, гуруч ва гуруч оқшоғи (-0,1 %) нархларида пасайиш қайд этилди. Шу билан бир қаторда, салқин ичимликлар (0,9 %), шакар (0,8 %), мол гўшти (0,6 % - 0,7 %) ва қўй гўшти (0,4 %) қимматлашди.

2020 йилнинг декабрига нисбатан ўсимлик ёғи (1,3 баробар) ҳамда шакар (14,7 %) нархлар ошиши бўйича етакчи ўринларни эгаллашда давом этмоқда.

Йиллик нисбатда инфляцион жараёнлар пахта ва кунгабоқар ёғлари нархларининг ошишида яққол намоён бўлиб, уларнинг нархлари ўртача 1,6 баробарга қимматлашди. Шунингдек, шакар 1,3 баробарга қимматлашди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар