Мурожаатномада бозорларни монополиядан чиқариш муҳимлиги таъкидланди

Мурожаатномада бозорларни монополиядан чиқариш муҳимлиги таъкидланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти электр энергияси, газ, қимматбаҳо металлар, минерал ўғитлар ва транспорт хизмати каби бозорларни монополиядан чиқариш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, Давлат раҳбари айни пайтда давлат харидлари жараёнида тадбиркорларнинг атиги 4 фоизигина қатнашаётганини билдириб ўтди.

Ушбу соҳаларда эркин бозор муносабатларини яратиш, шунингдек, хом-ашё сотиб олишда тадбиркорларга тенг шароитларни таъминлаш мақсадида Президент ушбу бозорларни эркинлаштиришни таклиф қилди.

Жумладан:

- келгуси йилда истеъмолчилар ва давлат ҳамда хусусий электр станциялари ўртасида улгуржи электр энергияси бозорини шакллантириш жараёни бошланади;

- табиий газ таъминоти соҳасида монополия бекор қилинади ва бозор механизмлари жорий этилади. Табиий газни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар уни биржа орқали сотиш ҳуқуқига эга бўлишади, улгуржи истеъмолчилар эса уни сотиб олишлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, "Ўзтрансгаз" компанияси газни фақат ташиш бўйича хизматларни тақдим этади. Бензинни узлуксиз етказиб бериш соҳасида амалга оширилган чора-тадбирлар бундай сиёсатнинг самарадорлигини кўрсатди. Натижада, мамлакатда ҳозирги кунда бензин танқислиги кузатилмаяпти. Ушбу чора-тадбирларнинг қабул қилиниши газ ва электр энергияси бозорини янада эркинлаштиришга ва умуман, маҳсулот танқислигини бартараф этишга ёрдам беради;

- хусусий сектор иштирокини кенгайтириш мақсадида суюлтирилган газни олиб киришда давлат божлари бекор қилинади;

- келаси йилнинг 1 март санасидан бошлаб кумуш ишлаб чиқарувчилари томонидан, уни биржа савдолари орқали эркин сотиш тизими жорий этилади;

- автомобилсозлик бозорида рақобатни кучайтириш мақсадида автомобилларни ишлаб чиқарувчилар сони кўпайтирилади;

- 2021 йилдан бошлаб озиқ-овқат саноати, нефт ва электротехника соҳасида 73 турдаги акциз солиғи бекор қилинади;

- 24 та йирик давлат корхоналари учун давлат харидлари тизимида шаффоф талаблар жорий этилади. Натижада, маҳаллий тадбиркорлар ҳар йили ушбу корхоналарга камида 10 триллион сўм қийматдаги маҳсулотларни сотишлари мумкин бўлади;

- бундан буён барча давлат харидлари жамоатчилик ва парламент назорати остида бўлади.

Иқтисодий таълимотлар тарихи рақобатнинг жамият учун фойдали жиҳатлари ва монополияларнинг зарарлари тўғрисида етарлича далолат беради.

Aдам Смит таъкидлаганидек, рақобат бутун жамият учун фойдалидир, чунки рақобат ресурсларнинг янада самарали тақсимлашга ва улардан самарали фойдаланишга ундайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар