Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) ўзининг навбатдаги шарҳида кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришларни таҳлил қилди.
Ноябрь ойида кўчмас мулк савдоси 4 фоизга ошди, бу аввалги ойга нисбатан 800 та уй-жойга кўпроқ.
Ой давомида фаолликнинг энг кўп ўсиши Хоразм – 23 фоиз, Наманган – 16 фоиз ва Жиззах вилоятларида – 12 фоиз қайд этилди.
Йил давомида уй-жой савдоси 10%га камайди. Фаолликнинг энг кўп пасайишини кўрсатган ҳудудлар Навоий ва Жиззах вилоятлари бўлиб, мос равишда 23% ва 18%га пасайган. Пойтахтда сотувлар ўтган йилга нисбатан 24%га камайди.
1-расм. Кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган олди-сотди шартномалар сонидаги ўзгаришлар динамикаси
Тошкентда уй-жой ижараси бозоридаги вазият
Ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ижаранинг ўртача нархи октябрь ойидаги 9,5 долларга нисбатан 2,1%га бироз пасайди ва 1 кв.м. учун 9,3 долларни ташкил этди. Пойтахтнинг 11 та туманидан 10 тасида ижара нархининг пасайиши қайд этилди.
Ижара учун энг қиммат ҳудудлар Шайхонтоҳур (кв.м. $11,6), Яккасарой ($10,9) ва Миробод ($11,5) туманлари бўлди.
Пойтахтдаги уй-жой ижараси Учтепа ($8,1), Сергели ($7,1) ва Бектемир ($6.2) туманларида энг мақбул нархларда қолмоқда.
Шу билан бирга, пойтахтда ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 6,1 фоизга камайди. Йил бошидан буён ижаранинг ўртача нархи 9,2%га камайди.
Пойтахтда ижара нархи бир ой ичида фақат Бектемир туманида 3,7%га ошди.
Иккиламчи кўчмас мулк бозори
Ноябрь ойида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўртача ўсиши бир кв.м. учун 0,7%ни ташкил этди, ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён иккиламчи уй-жой нархи деярли 18,2%га ошди.
Йил давомида Хоразм – 32,9%, Тошкент – 31,0% ва Бухоро – 26,9% вилоятларида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Тошкент шаҳрида ноябр ойи давомида иккиламчи уй-жой нархи 0,4%га ошди. Пойтахтда нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Шайхонтоҳур – 1,7%, Юнусобод – 1,6% ва Сергели – 1,5% туманларида кузатилди.
Йил давомида пойтахтда иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 22,8%га ошди.
2-расм. Тошкент шаҳри ва ҳудудларнинг маъмурий марказларида иккиламчи уй-жойлар нархларининг ўзгариши (1 квадрат метр учун АҚШ долларида)
Маълумот учун: Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорини кўриб чиқиш Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, у бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулкнинг бозорларидаги фаоллик динамикасини тақдим этади. Маълумотлар ҳисобот ойи учун ҳам, йил бошидан ҳисобот ойигача бўлган давр учун ҳам тақдим этилади. Бундан ташқари, бозор динамикасини кузатиш учун ўтган йилнинг шу даврига оид маълумотлар тақдим этилади.
Дарья Мирошникова,
Жалолиддин Усмонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш