Тошкентда Инсон тараққиёти-2020 ҳисоботининг тақдимоти бўлиб ўтди

Тошкентда Инсон тараққиёти-2020 ҳисоботининг тақдимоти бўлиб ўтди

БМТнинг Тараққиёт дастури Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан бирга 2020 йил учун Инсон тараққиёти тўғрисидаги ҳисоботини тақдим этди.

19 март куни Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида "Инсон тараққиёти-2020" ҳисоботининг асосий хулосалари ёритилди ҳамда мазкур хулосалар Ўзбекистон учун нимани англатиши муҳокама қилинди.

2020 йил учун Инсон тараққиёти тўғрисидаги ҳисоботнинг мавзуси - "Навбатдаги марра: инсон тараққиёти ва Aнтропосен". Aнтропосен даври - бу геологик вақтнинг норасмий бирлиги бўлиб, Ер сайёраси тарихидаги энг сўнгги даврни тавсифлаш учун қўлланилади, унда инсон фаолияти сайёранинг иқлими ва экотизимига жиддий таъсир кўрсата бошлаган.

Тадбир модератори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов. У БМТ Тараққиёт дастурига Ўзбекистон ҳукуматининг инсон тараққиёти борасидаги ташаббусларини доимий қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдириб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган миллий ялпи даромад 2000 йилдан буён уч баробардан зиёдроқ ошганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, тўғри ривожланиш ва фикрлашсиз одамлар атроф-муҳитга зарар етказишда давом этадилар ва охир-оқибат бир фалокатга олиб келиши мумкин. "COVID-19 ва глобал пандемия бизга шошмаслигимиз кераклигини кўрсатди. Инсониятнинг кейинги ривожланиши унинг салбий экологик оқибатларини бартараф этмасдан, табиат ва инсоният ўртасидаги мувозанатни тикламасдан давом этиши мумкин эмас", - дейди Обид Ҳакимов.

БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовсканинг сўзларига кўра, сўнгги 30 йил мобайнида ҳисобот миграция, мобиллик, иқлим ўзгариши, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик каби тараққиёт масалаларини муҳокама қилиш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

"Ҳар бир ҳисобот инсон тараққиётининг асосий ўлчамлари бўйича эришилган натижаларнинг ўртача кўрсаткичини ўлчовчи индекслар тўпламидан иборат", - деди у. "Ҳисобот мамлакатларни инсон тараққиётининг паст, ўрта ва юқори даражалардаги уч гуруҳ бўйича тоифалайди ва уларнинг эришаётган ютуқларини йилдан йилга кузатиб боради".

Димовска хонимнинг сўзларига кўра, тараққиёт сайёрамизга зарар етказиш ҳисобига бўлмаслиги лозимлигининг аҳамияти COVID-19 умумжаҳон пандемияси, фавқулотда ҳарорат кўрсаткичлари, иқлим ўзгаришининг яққол оқибатлари (жумладан Оролбўйи минтақасида ҳам) ва ўсиб бораётган тенгсизлик каби омиллар орқали жиддий таъкидланди. Бинобарин, ушбу йилнинг ҳисоботида янги индекс жорий этилди - Сайёравий босим бўйича тузатиш киритилган ИТИ. 2020 йил учун ИТИ рейтинги доирасида ҳар бир мамлакатдаги саломатлик, таълим ва турмуш даражаси меъёрларини баҳолашга қўшимча равишда карбонат ангидридининг миллий даражадаги ташланмалари ва моддий асоратларни ҳисобга олувчи яна икки унсур қўшилди.

Ҳисоботнинг тақдимоти муносабати билан ўтказилган маросимда Ўзбекистон Республикаси Сенати раисининг ўринбосари Содиқ Сафоев ўз нутқида қайд этишича, Ўзбекистон барқарор тараққиёт зинапоясидан юқорига қараб сезиларли равишда илгариламоқда. 2019 йилдан 2020 йилгача бўлган муддат давомида Ўзбекистондаги ИТИ кўрсаткичи 0,710 дан 0,720 гача кўтарилиб, мамлакатни юқори инсон тараққиёти тоифасига киритди ҳамда дунёдаги 189 давлат ва ҳудудлар орасида 106-ўринга жойлади. Бу ИТИ кўрсаткичининг 2000 йилдаги 0,686дан кўтарилиш бўйича Ўзбекистоннинг йигирма йил давомидаги олға қадамларини давом эттирди. Ушбу муддат мобайнида миллий ялпи даромад икки баробардан ҳам юқори -2053 доллардан 7142 долларга қадар кўтарилди, кутилаётган ҳаёт давомийлиги эса 67.2 дан 71.7га, яъни 4.5 йилга ошди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов қайд этишича, Ўзбекистон хозирги кунда Туркманистон (111-ўрин), Қирғизистон (120-ўрин) ва Тожикистон (125-ўрин) мамлакатларига нисбатан юқори ИТИ рейтингига эга, лекин Қозоғистон (51-ўрин) ва Озайбаржон (88-ўрин) билан таққослаганда пастроқ рейтингга эга.

"Минтақадаги ҳамкорларимиз билан биргаликда биз ривожланишда ва барча фуқароларимизнинг фаровонлигини яхшилашда давом эттирамиз, ва ҳеч ким ортда қолдирилмайди".

Ҳисобот ҳақида

Ўттиз йил аввал БМТТД тараққиётни баҳолаш ва ўлчашнинг янги воситаси сифатида Инсон тараққиёти индексини (ИТИ) шакллантирди. Ривожланишнинг ягона ўлчов воситаси сифатида ЯИМнинг ўсишини ўлчаш ўрнига ИТИ ҳар бир мамлакатдаги инсонлар эркинликка ва ўзлари қадрлайдиган ҳаёт кечириш имкониятига қай даражада эгаликларини баҳолаш асосида мамлакатларни улардаги инсон тараққиёти даражасига кўра тоифалайди. Бу йил тақдим этилган, Сайёравий босим бўйича тузатиш киритилган янги ИТИ, ўз фуқароларининг ҳаёти даражасини сайёрамизга ва унинг иқлимига қўшимча зарар етказмасдан ошириш бўйича мамлакатларнинг қобилиятини ўлчайди.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар