Тадбиркорнинг ташриф қоғози
Фармацевтика соҳасида мамлакатимизда кўзга кўринган тадбиркор Маҳмуд Саламович Қудузов 1964 йил 1 май куни Сирдарё вилояти Сирдарё туманида таваллуд топган. У меҳнат фаолиятини 1981 йилда оддий ишчи – чилангар сифатида бошлаган. Кейинчалик Тошкент фармацевтика институтида таҳсил олган ва Сирдарё шаҳрида дорихонада провизор-технолог сифатида иш фаолиятини давом эттирган.
У 1990 йиллардан маҳаллий ва хорижий фармацевтика корхоналарида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб, соҳада катта амалий ва бошқарув тажрибасини орттирди. Афғонистон, Қозоғистон, Тожикистон каби давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.
Шундан кейин у муҳим лойиҳага киришиб, мустақил фармацевтика заводини ташкил этишга қарор қилди. Юртимизда тадбиркорлик учун яратилган қулай шароитлар туфайли Сирдарё туманида 6 гектар ер майдони ажратилиб, унда RIVER MED PHARM корхонаси барпо этилди. Завод 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида тантанали равишда ишга туширилди.
Айни пайтда корхонада 750 нафардан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда ва 70 дан ортиқ турдаги импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Корхонада GMP ва ISO талабларига мувофиқ иш ташкил этилган бўлиб, Япония, Хитой ва Европа давлатларининг илғор технологиялари жорий қилинган.
Тадбиркорнинг асосий мақсади – импортга боғлиқликни камайтириш, миллий фармацевтика салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва юртимиз брендини халқаро бозорда муносиб намоён этишдан иборат.
Маҳмуд Қудузов турмуш ўртоғи Нодира Қудузова билан биргаликда 2 ўғил, 2 қизни вояга етказишди. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли, улар мазкур оилавий корхонада фаолият юритиб, ўз оталари билан елкадош туриб меҳнат қилишмоқда. Қизлари Мафтуна RIVER MED PHARM масъулияти чекланган жамияти сотув бўлимининг сотув ишлари бўйича менежери, катта ўғли Жаҳонгир корхона бош директори, қизлари Моҳигул ҳам сотув ишлари бўйича менежер, кенжа фарзанд Жавоҳир эса бухгалтер бўлиб ишлашмоқда. Турмуш ўртоғи Нодира Қудузова ҳам МЧЖда сотув ишлари билан шуғулланади.
Тадбиркор 1997 йили “Шуҳрат” медали, 2025 йили “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси “Қизил ярим ой” жамиятининг I ва II даражали медаллари билан ҳам мукофотланган. У Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё тумани кенгаши аъзоси сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда.
– Тадбиркорликни қандай бошлагансиз? Тадбиркорлик учун нега айнан дори-дармон ишлаб чиқариш соҳасини танлагансиз? Олдин нима иш билан машғул бўлгансиз?
– Мен тадбиркорлик фаолиятимни бошлашимдан олдин, 1981 йилда Сирдарё туманидаги асфальт заводида оддий чилангар сифатида меҳнат қилганман. Бу давр мен учун фақат иш тажрибаси эмас, балки ҳаёт мактаби ҳам бўлди.
1982 йилда Тошкент фармацевтика институтига ўқишга кирдим ва шундан кейин айнан фармацевтика соҳаси менинг келгуси ҳаётимни белгилаб берди.
Фармацевтика – бу фақатгина бизнес эмас. Бу соҳа инсон ҳаёти, саломатлиги ва қадриятлари билан бевосита боғлиқ. Илк бор дорихонада провизор-технолог сифатида иш бошлаганимда, ҳар бир дори воситаси ортида бир инсоннинг умиди, дарди ва соғлиғи турганини чуқур ҳис қилардим.
Кейинчалик фаолиятим давомида кўплаб хорижий фармацевтика корхоналарининг иш тажрибаси билан танишиш имкониятига эга бўлдим. Хусусан, Чехияга қилган хизмат сафарларим, у ердаги заводларда жорий этилган илғор ускуналар ва юқори стандартлар менга катта илҳом бағишлади. Шу билан бирга, маҳаллий аҳолининг сифатли ва самарали дори воситаларига бўлган эҳтиёжи йил сайин ортиб бораётганини англадим.
Шундан сўнг ўз олдимга фармацевтика соҳасини юртимизда янги босқичга олиб чиқиш, замонавий, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадини қўйдим.
Мен тадбиркорликни фақат даромад манбаи сифатида эмас, балки юрт ва инсонлар учун хизмат қилиш воситаси, деб қабул қилганман. Илк ишлаб чиқариш лойиҳаларимданоқ шу тамойилга амал қилдим: аввало сифат, шундан кейингина молиявий натижа. Ана шу тамойил менга ҳар доим ишонч бағишлаб келган ва жамоамга куч берган.
Дастлабки ишлаб чиқариш босқичларида маҳаллийлаштириш даражаси паст эди. Бироқ мен бунга муаммо эмас, балки имконият сифатида қарадим. Илмий-амалий изланишлар, технологик жараёнларни чуқур ўрганиш ва юқори стандартларни жорий этиш орқали бу кўрсаткични босқичма-босқич оширдик. Ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилди, янги цехлар барпо этилди ва экспорт йўналишлари йўлга қўйилди.
Нега айнан шу соҳани танладим? Чунки фармацевтика инсон саломатлигига бевосита таъсир кўрсатади. Мени айнан шу жиҳат илҳомлантиради. Ҳар бир янги ишлаб чиқарилган дори бир беморнинг шифоси, ҳар бир яратилган иш ўрни эса бир оиланинг умидидир. Шу сабабли фармацевтика мен учун нафақат касб, балки ҳаёт мазмунига айланган.
– Тадбиркорлигингизнинг ривожланиш тарихи қандай бўлган? Бу ишни қачон ва қай тарзда бошлагансиз?
– Менинг тадбиркорлик йўлим бир кунда бошланмаганлиги ҳақида юқорида айтиб ўтдим. Аввал фармацевтика соҳасига оддий ходим сифатида қадам қўйганман. Тошкент фармацевтика институтини тамомлагандан сўнг, Сирдарё шаҳридаги дорихонада оддий провизор-технолог сифатида меҳнат фаолиятимни бошладим.
Бевосита тадбиркорликка кириб келишим эса 1990-йилларда дорихоналар тармоғида раҳбарлик лавозимларида ишлаш даврим билан боғлиқ. Ўша йилларда дори воситаларини тарқатиш, сифат назорати ва ҳужжатлаштириш жараёнлари орқали фармацевтика саноатида илк амалий тажрибаларни орттирдим. Шу тажрибалар менда ишлаб чиқариш соҳасига янада чуқур кириб бориш истагини шакллантирди.
1997–2002 йилларда Lechevo Farm Sanoat ва CORE Farm Sanoat қўшма корхоналарида бош директор сифатида фаолият юритиб, Чехия ва Ҳиндистондаги заводларда технологик жараёнларни ўргандим. Бу давр мен учун илғор технологиялар, халқаро стандартлар ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш фалсафасини чуқур англаш имконини берди.
Айнан шу йилларда юртимизда ҳам халқаро талабларга жавоб берадиган, сифатли ва рақобатбардош дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орзуси шаклланди.
Шу мақсад йўлида 2006 йилда Reka Med Farm қўшма корхонасига асос солдим. Бу раҳбарлигимдаги илк йирик ишлаб чиқариш лойиҳаси бўлди. Корхонада 350 та иш ўрни яратилди, замонавий дори воситалари ишлаб чиқарилди, замонавий ускуналар ва муҳофазаланган ишлаб чиқариш майдонлари ташкил этилди.
Кейинчалик янада кенг қамровли лойиҳа – RIVER MED PHARM корхонасини ташкил этдим. Ушбу корхонани қуриш ишлари 2019 йилда бошланиб, 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида тантанали равишда ишга туширилди.
Корхонани барпо этишга 30 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилди. Натижада 750 та янги иш ўрни яратилди, 70 турдаги импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ҳамда хорижга тиббиёт маҳсулотлари экспорт қилиш имконияти яратилди.
– Бу соҳада қандай натижаларга эришдингиз? Маҳсулотингизни хорижга экспорт қиляпсизми?
– Менинг назаримда, фармацевтика соҳасидаги 35 йиллик фаолиятим давомида муайян ютуқларга эришдим, деб ҳисоблайман.
Биринчидан, маҳаллий фармацевтика тармоғида халқаро стандартлар асосида дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Натижада корхонада кўп йиллар давомида эришилган амалий тажриба ва замонавий технологиялар асосида импорт ўрнини босувчи бир қатор дори воситалари ишлаб чиқарилди.
Иккинчидан, ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот ассортименти йил сайин кенгайиб бормоқда. Айни пайтда 70 дан ортиқ турдаги дори воситалари, жумладан инфузион эритмалар, антибиотиклар, бурун спрейлари ва бошқа препаратлар ишлаб чиқарилмоқда. Уларнинг барчаси миллий лабораторияларда GMP талаблари[1] ва ISO стандартларига[2] мувофиқ равишда назоратдан ўтказилади.
Учинчидан, соҳада бир неча юз нафар юқори малакали мутахассислар – технологлар, лаборатория ходимлари ва ишлаб чиқариш мутахассислари тайёрланди.
Тўртинчидан, мижозлар ва беморлар учун сифатли, барқарор ва ишончли хизмат кўрсатиш тизими шакллантирилди.
Бешинчидан, маҳалла ва ҳудудларда янги иш ўринлари яратилди, ишчи-ходимлар ҳамда уларнинг оилалари учун барқарор ижтимоий шароитлар, саломатликни муҳофаза қилиш, дам олиш ва таълим олиш имкониятлари таъминланди.
Бироқ мен учун энг катта ютуқ – бу фақат ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки барпо этилган корхона эмас, балки халқ саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, маҳаллий иқтисодиёт барқарорлиги ва миллий фармацевтика салоҳиятининг жадал ривожланишига муайян даражада ҳисса қўшаётганимдир.
Маҳсулотларимиз хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Заводнинг расмий веб-сайтида корхона халқаро стандартларга мувофиқ дори воситалари ишлаб чиқарувчи субъект экани, шунингдек, зарур дори воситаларини маҳаллий дистрибьюторлар ва қўшни давлатларга етказиб бериш орқали соғлиқни сақлаш соҳасига ҳисса қўшишни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани очиқ баён этилган.
Корхонамизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати энг юқори халқаро стандартларга жавоб беради. Шунинг учун дориларимизга хорижда ҳам эҳтиёж катта. Айни пайтда глюкоза, левофлоксацин, метронидазол, натрий хлорид, офлоксацин, рингер, флуконазол каби дори маҳсулотларимизнинг турли вариантларини экспорт қиляпмиз.
Экспортимиз ҳажми йилига ўртача 1 млн. долларни ташкил этмоқда. Келгусида экспорт миқдорини 2-3 бараварга ошириш борасида лойиҳалар тайёрлаяпмиз ва бу борада хорижий ҳамкорлар билан келишувлар қиляпмиз.
– Фаолиятингизнинг ҳозирги куни ҳақида ахборот берсангиз. Қаерда ва нима ишлар билан бандсиз?
– Меҳнат фаолиятимнинг марказида RIVER MED PHARM корхонаси туради. Корхона Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” (Made in Uzbekistan) брендини халқаро даражага олиб чиқиш, аҳоли саломатлиги учун сифатли, самарали ва иқтисодий жиҳатдан мақбул дори воситаларини ишлаб чиқариш мақсадида ташкил этилган.
Айни пайтда RIVER MED PHARM корхонасида натрий хлорид, глюкоза, натрий гидрокарбонат, трисол, дисол, рингер, метронидазол, флуконазол, офлоксацин, нафазолин, цефазолин каби инсон саломатлиги учун ўта зарур бўлган дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда.
Ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг аксарияти импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар бўлиб, хориждан келтирилаётган препаратлар ўрнини маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига қоплаш имконини беради. Айрим турдаги маҳсулотлар эса экспортга ҳам йўналтирилмоқда.
Заводда бугунги кунда 750 нафардан ортиқ инсон доимий иш ўрнига эга. Улар орасида юқори малакали фармацевтлар, технологлар, лаборатория ходимлари ҳамда муҳандис-техник мутахассислар фаолият юритмоқда.
Корхонада маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратилган. Шу мақсадда замонавий ускуналар билан жиҳозланган лаборатория ва сифатни таъминлаш бўлими фаолият кўрсатади. Ҳар бир дори воситаси халқаро GMP талабларига мувофиқ равишда текширувдан ўтказилади. Ички назорат тизими орқали маҳсулотларнинг барқарор сифати ва хавфсизлиги тўлиқ таъминланади.
Логистика ва етказиб бериш тизими ҳам самарали йўлга қўйилган. Корхона ҳузурида ташкил этилган махсус автотранспорт хизмати орқали дори воситалари мамлакатнинг барча ҳудудларига, шунингдек, қўшни давлатларга ўз вақтида ва сифатли етказиб берилади.
– Доришунос учун сал ноқулай савол бермоқчиман. Нега айрим беморларимиз хориж дориларини яхши кўришади? Дориларингизнинг сифати ҳақида нима дея оласиз?
– Мен бу ҳолатни, аввало, ўтмишдан мерос бўлиб қолган муайян стереотиплар, шунингдек, айрим беморларда ўзбек фармацевтика саноатининг бугунги ривожланиш даражаси ҳақида етарли маълумот мавжуд эмаслиги билан изоҳлайман.
Ҳақиқатдан ҳам, айрим беморлар, айниқса катта ёшдагилар ва узоқ йиллар давомида шифо излаб келган инсонлар орасида хорижий дори воситаларига нисбатан ишонч анъанавий равишда юқори бўлиб келган. Бу ҳолат бир қатор тарихий ва психологик омиллар билан боғлиқ.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатимизда дори ишлаб чиқариш соҳасида маҳаллий имкониятлар чекланган эди. Шу сабабли, ўша даврда юқори сифатли дори воситаларининг аксарияти хориждан олиб кирилган. Бу эса жамиятда хорижий препаратларга нисбатан барқарор ишонч шаклланишига сабаб бўлган.
Бундан ташқари, хорижий брендлар узоқ йиллар давомида ўз маҳсулотларини фаол тарғиб қилиб келди. Айрим ҳолларда эса дори воситаларининг юқори нархи гўё “сифат белгиси” сифатида қабул қилинди.
Боз устига, ҳозирга қадар кўплаб беморлар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан қандай дори воситалари тайёрланаётгани, улар қай даражада халқаро талабларга жавоб бериши ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас. Шу маълумот етишмаслиги ўз дориларимизга бўлган ишончга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Аслида эса вазият аллақачон ўзгарган. Бугун мамлакатимиз фармацевтика саноати корхоналари энг юқори халқаро стандартларга мос келадиган дори воситаларини ишлаб чиқармоқда. Жумладан, RIVER MED PHARM корхонасида GMP талабларига тўлиқ жавоб берадиган ишлаб чиқариш тизими жорий этилган. Барча дори воситалари ISO сертификатлаштирилган лабораторияларда синовдан ўтказилади ва ҳар бир партия маҳсулотлар тўлиқ сифат назоратидан кейингина бозорга чиқарилади.
Дори воситаларининг хавфсизлиги биологик хавфсизлик тизими орқали илмий жиҳатдан ҳам асосланади. Махсус инфузион эритмалар, антибиотиклар, ҳамда спрей шаклидаги препаратлар халқаро лабораториялар билан ҳамкорликда ишлаб чиқарилади.
Шунингдек, ҳар бир дори воситасининг сифати нафақат корхона ички назорати, балки давлат экспертиза органлари ва мустақил ташқи лабораториялар томонидан ҳам текширилади. Маҳсулотларимизнинг нафақат маҳаллий бозорда, балки экспорт қилинаётган давлатларда ҳам муваффақиятли қўлланилаётгани – уларнинг сифати ва ишончлилигининг энг муҳим далилидир, деб ишонч билан айта оламан.
– Тадбиркорликда катта ютуқларга эришгансиз. Бунга юртимизда яратилган шароитлар, имтиёзлар, давлат томонидан қўллаб-қувватлашлар ёрдам берганми?
– Янги Ўзбекистонда тадбиркорликни, хусусан фармацевтика тармоғини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати бизнинг фаолиятимизга чуқур ва ижобий таъсир кўрсатмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қабул қилинган фармонлар ва қарорлар, соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар, берилаётган имтиёзлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспортни ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда технологияларни маҳаллийлаштириш йўлида бизга катта имкониятлар яратмоқда.
Хусусан, фармацевтика соҳасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун жорий этилган бир қатор солиқ имтиёзлари: ҚҚСдан озод қилиш, солиқ таътиллари, шунингдек, технологик ускуналарни олиб киришда бож тўловларидан озод этиш каби чоралар RIVER MED PHARM корхонаси фаолияти учун мустаҳкам иқтисодий асос бўлди. Бу орқали биз юқори технологияли ускуналар, сифатли хомашё ва замонавий лаборатория асбоб-ускуналарини бемалол олиб кириш имконига эга бўлдик.
GMP сертификатлаш ва лицензиялаш жараёнларида ҳам сезиларли енгилликлар мавжуд. Давлат томонидан жорий этилган электрон лицензиялаш тизими, аниқ йўриқномалар, мутахассислар билан очиқ мулоқот муҳити ҳамда маҳсулотларни сертификация қилиш жараёнларидаги шаффофлик корхонанинг тезкор ишлаши ва маҳсулот сифатига халқаро даражада эътибор қаратишига хизмат қилмоқда.
Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва трансфер технологияни йўлга қўйиш учун ҳам қулай шарт-шароитлар яратилган. Президент фармонларида фармацевтика тармоғига хорижий сармоя киритиш ва илғор технологияларни жорий этишга оид қатор имкониятлар белгиланган. Бу эса бизга Хитой ва Япониядан замонавий ускуналар олиб кириш, янги технологик линияларни ишга тушириш, виварий ва лабораториялар барпо этиш имконини берди.
Хулоса қилиб айтганда, давлат раҳбарияти томонидан яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар ва тизимли қўллаб-қувватлаш туфайли биз бугунги натижаларга эриша олдик.
– Бизнесингизнинг ижтимоий аҳамияти қандай? Масалан, қанча иш ўрни яратилди? Корхонангизнинг эҳтиёжманд гуруҳларга нисбатан ижтимоий сиёсати қандай? Ходимларингизнинг ижтимоий пакетлари ва даромад даражаси етарлими?
– Жамоа ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш, уларнинг саломатлиги ва оиласи фаровонлигини таъминлаш доимо диққат марказимизда туради. Корхонада ижтимоий пакет, кафолатланган маош тизими, дам олиш хоналари ҳамда соғлом ташкилий маданият шакллантирилган.
Аслида фармацевтика соҳаси шунчаки бизнес эмас, балки юксак ижтимоий масъулият ва фидойиликни талаб қиладиган тармоқдир. Агар ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг соғлом турмуш тарзи ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмаса, бу соҳада катта ва барқарор натижаларга эришиб бўлмайди.
Бугун корхонада 750 нафардан ортиқ инсон доимий иш ўрнига эга. Бу нафақат ходимларнинг, балки уларнинг оилалари, фарзандлари, маҳалла ва туман аҳолисининг турмуш даражасига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Айни пайтда корхонада ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи 4,4 млн. сўмни ташкил этади.
Корхонада меҳнат қилаётган ходимларнинг аксарияти маҳаллий аҳоли вакилларидир. Айниқса, ишчи аёллар учун қулай меҳнат шароитлари яратилган бўлиб, меҳнат юкламалари, ижтимоий имтиёзлар ва иш режими қонунчилик талабларига тўлиқ мувофиқ тарзда ташкил этилган.
Ишлаб чиқарилаётган дори воситаларининг асосий қисми импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ҳисобланади. Бу эса хорижий дори воситалари нархларига бўлган қарамликни камайтиради, аҳолининг иқтисодий имкониятларига мос нархларда сифатли шифо олиш имконини яратади, давлатнинг валюта сарфини қисқартиради ҳамда ички бозорда дори воситалари танқислигининг олдини олади. Энг муҳими, ушбу жараён аҳоли саломатлигига бевосита ижобий таъсир кўрсатади.
Корхона жойлашган ҳудуддаги маҳалла ва аҳоли учун ҳам мунтазам равишда турли хайрия ва хайр-саховат ишлари амалга оширилади. Мен учун бизнес фақат иқтисодий фойда олиш воситаси эмас, балки жамият тараққиётига, инсон ҳаётига ва маҳалла барқарорлигига ҳисса қўшиш имкониятидир. Ана шу ёндашув корхона фаолиятининг муҳим миссиясини белгилаб беради.
– Сиз келгусида бажариш учун қандай лойиҳаларни ишлаб чиқяпсиз ёки режалаштиряпсиз?
– Яқинда корхонамиз ҳаётида ўта муҳим воқеа юз берди. 2025 йил 4 декабрь куни Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифлари чоғида давлатимиз раҳбари корхонамиз фаолияти билан яқиндан танишдилар. Ушбу учрашув давомида биз Президентимизга амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси режаларимиз ҳақида атрофлича маълумот бердик.
Айни пайтда RIVER MED PHARM заводи йилига 135 млрд. сўмлик қийматда 70 турдаги умумий ҳисобда 114 млн. дона дори воситаларини ишлаб чиқармоқда. Маҳсулотларнинг қарийб 20 фоизи хорижий бозорларга экспорт қилинаётгани корхонанинг рақобатбардошлигидан далолат беради.
2025 йил ноябрь ойида лойиҳанинг иккинчи босқичи ишга туширилиб, ишлаб чиқариш қувватлари янада кенгайтирилди. Натижада корхона йиллик ҳисобда қўшимча равишда яна 30 млн. дона инфузион эритмалар, 70 млн. донадан ортиқ қуруқ антибиотиклар ҳамда қарийб 20 млн. дона кўз ва бурун томчиларини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлди.
Келгуси режаларимиз эса янада улкан. Яқин йилларда корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулот турлари 200 хилга етказилади. Ушбу босқичда шиша ва пластик идишларда инъекция учун эритмалар, шунингдек, таблетка ва капсула шаклидаги дори воситаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
2026-2030 йилларда қўшимча 10 гектар майдонда 50 млн. АҚШ доллари қийматидаги замонавий фармацевтика кластерини ташкил этишни режалаштирганмиз. Ушбу кластерда 300 турдан ортиқ дори воситалари, жумладан таблеткалар, капсулалар, инъекция ва инфузион препаратлар, антибиотиклар, мазлар, суппозиторийлар ҳамда суспензиялар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида 1200 та янги иш ўрни яратилиб, экспорт ҳажми бир неча баравар оширилади.
Импортга бўлган боғлиқликни камайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳам асосий мақсадларимиздан биридир. Ҳозирда ушбу кўрсаткич 40 фоизни ташкил этмоқда, келгусида эса уни камида 60 фоизга етказишни режалаштиряпмиз.
Инновацион лабораториялар ташкил этиш ва трансфер технологияларни жорий этиш орқали янги дори турларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириш устида иш олиб боряпмиз.
Айни пайтда маҳсулотларимиз Тожикистон, Қозоғистон ва Афғонистон давлатларига экспорт қилинаётган бўлса, келгусида экспорт географиясини янада кенгайтириш ва халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз.
Биз белгиланган мақсадларга албатта эришишимизга тўла ишонамиз. Чунки юртимизда ёшлар ва мутахассислар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, замонавий инфратузилма, таълим ва илм-фан соҳасидаги кенг имкониятлар, шунингдек, давлат томонидан кўрсатилаётган доимий эътибор ва тизимли қўллаб-қувватлаш бизнинг режаларимизни амалга ошириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
--------------------------------------------------------------------------------------------------------------------
[1] GMP (Good Manufacturing Practice – Яхши ишлаб чиқариш амалиёти) талаблари – бу дори воситалари ва тиббий буюмлар сифатини ҳар бир ишлаб чиқариш босқичида назорат қилишни таъминловчи, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган халқаро стандартлар ва қоидалар мажмуидир. Унинг асосий мақсади хавфсиз, самарали ва юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни кафолатлаш ҳисобланади.
[2] ISO стандартлари (Халқаро стандартлаштириш ташкилоти) – материаллар, маҳсулотлар, жараёнлар ва хизматлар учун талаблар, спецификациялар ва кўрсатмаларни белгиловчи халқаро ҳужжатлар бўлиб, улар истеъмолчилар учун маҳсулотларнинг ишончлилигини таъминлайди.
Одил Олимжонов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №1/2026
Изоҳ қолдириш