Тадбиркорнинг ташриф қоғози
Ўзбек миллий либослари, аёллар сумкалари ва қўғирчоқлари билан кўпчиликка танилган ва ўзига хос мактаб яратган тадбиркор Садоқат Мирзаева Фарғона туманининг гўзал Водил қишлоғида туғилган. Отаси Алишер Мирзаев ва онаси Саодатхон Аҳмедоваларнинг касби шифокор бўлган. Онаси Саодатхон опа узоқ йиллар туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида ҳам фаолият кўрсатган.
Садоқат Мирзаева меҳнат фаолиятини 2002 йилда Фарғона тумани болалар поликлиникасида ҳамшира сифатида бошлаган. Фарғона давлат университетида бакалавриат ва магистратурада таҳсил олган. 2013-2022 йилларда Фарғона тумани 20-ўрта таълим мактаби технология фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган.
2013 йилдан миллий ҳунармандчилик билан шуғуллана бошлаган. 2021 йилда “ART HOUSE SADOSH” масъулияти чекланган жамиятига асос солган. Асосан болалар учун экологик тоза, замонавий ҳамда миллий услубдаги қўғирчоқ ва ўйинчоқлар тайёрлаб келади.
Катта ўғли Самандар корхонада онаси билан ҳуқуқшунос бўлиб ишлайди. Яна бир ўғли Ҳасанбой British Management University’да, қизи Зуҳрахон эса Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида ўқимоқда.
Садоқат Мирзаева Фарғона туман Кенгаши депутати сифатида ҳам фаолият кўрсатади. “Ташаббус”, “Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли”, “Йил аёли” номинациялари бўйича нафақат Фарғона тумани, балки вилоятда ҳам ғолибликка эришган.
2023 йилда “Шуҳрат” медали ҳамда “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган. Марказий Осиё ҳунарманд аёллари рақамли каталогидан жой олган. Худди шу йил Ўзбекистон Республикаси халқ амалий санъати усталарининг миллий каталогига ҳам киритилган.
– Олдин Фарғона тумани болалар поликлиникасида ҳамшира, ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлагансиз. Қандай қилиб ҳунармандчиликка ўтиб кетгансиз? Бунинг сабаби нимада?
– Мен болалигимдан тикиш-тўқишга қизиқардим. Шу қизиқишим сабаб 9-синфда ўқиб юрганимда онам мени ўша даврдаги машҳур ўқув марказларидан бирига бергандилар. Энг кичкина ўқувчи бўлганим учун марказ раҳбари, “қизингиз жуда ёш, ўзлаштириши қийин бўлади. Ҳозир ёзги таътилда ҳар куни келаверсин, кун бўйи шу ерда юриб, кўриб, барча машғулотларда қатнашиб кўпроқ ҳунар ўрганади”, деганди.
Шундай қилиб, менда нафақат биргина йўналиш, балки бошқа йўналишларни ҳам ўрганиш имкони бўлган. Шунинг учун тикиш, бичиш, тўқиш, гуллар ясаш, бисер тикишни яхши биламан. Ўша вақтларда ёш бўлишимга қарамай дугоналаримга, қўни-қўшни, яқинларимга либослар, келинларнинг сепига бурмали ёстиқлар ва турли безаклар тикиб берардим. Ўша ўқув маркази мен учун бошланғич база бўлди ва ҳозирда катта корхона раҳбари даражасига эришишимга катта ёрдам берган, деб ҳисоблайман. Шу ҳунарим сабаб кўплаб давлатларда халқаро кўргазма ва форумларда иштирок этиб келмоқдаман.
Ҳозирги касбимни топгунимга қадар бошқа соҳаларда ҳам ишлаб кўрдим. Лекин болаликда ўрганган касбим ҳамиша ўзига чорлайверарди.
Ўрта мактабга биология фани ўқитувчиси бўлиб ишга кирдим. Мактабларда авваллари меҳнат дарси бўларди, ҳозир у технология фанига ўзгартирилган. Мен мактабга ишга кирган йиллари ўша фандан ўқитувчи етишмаган ва шу сабаб вақтинча бу фанни мен ўқитадиган бўлганман. Лекин вақтинча дейилган ҳолат кўп йилларга чўзилиб кетди. Албатта, биология фани ўқитувчисининг технологиядан дарс бериши кўпчиликда саволуйғотган. Шу сабаб иккинчи мутахассислигим бўйича технология фани ўқитувчиси бўлиш учун ҳам ўқидим. Ўн йилча 20-мактабда ишладим.
Дарсимизда қўғирчоқ ясаш мавзуси бор эди. Ўқувчиларимга янги технологияда қўғирчоқ тикишни ўргатиш мақсадида, ижтимоий тармоқлар орқали оддий ип ва илгак (крючок)да тўқиладиган ўйинчоқларни кўриб қолганман. Расмига қараб, аввал, ўзим тўқиб кўрганман. Жуда чиройли чиққан.
Уни ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимга жойладим. Бу суратлар одамларнинг қизиқишини уйғотиб, бирданига буюртмалар берила бошланган.
Ўқувчиларимга янгилик ўргатиш, шунчаки қизиқиш билан бошланган иш катта бизнесга айланиб кетган. Шундан сўнг менга ишчилар, шогирдлар керак бўла бошлади. Атрофимдан тўқувчиликдан хабари бор аёлларни топиб, улар билан ишлай бошладим ва шогирдлар тайёрлашга киришдим.
Шу тариқа миллий ҳунармандчилик соҳасига кириб келдим. Бу ишдан асосий мақсадим, миллий қадриятларимизга айланиб бораётган ҳунармандчиликни сақлаб қолиш ва келгуси авлодларга етказиш, шунингдек, ишсиз хотин-қизларга ҳунар ўргатиб, иш билан таъминлаб, жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмаклашишдан иборат.
– Бизнесингиз ривожига мамлакатимизда яратилган имтиёзлар, қўллаб-қувватлаш ва шароитлар ёрдам бердими? Шу ҳақида гапириб берсангиз.
– Президентимизнинг тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб бораётган одилона сиёсати мамлакатимиз хотин-қизларига ҳунармандчиликни бошлаш ва уни ривожлантиришга жуда катта имкониятлар яратиб берди. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳунармандчиликни ривожлантириш, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қатор фармон, қарор ва чора-тадбирлар, жумладан, у кишининг анъанага айланган ҳар йилги тадбиркорлар билан учрашувларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш вақтида биз учун жуда катта имтиёз ва қўллаб-қувватлаш воситалари ишга туширилмоқда.
Бу борада, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари, “Ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари соҳани ривожлантириш учун жуда катта аҳамиятга эга бўлди.
Мазкур ҳужжатларда ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш ва уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш учун улкан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Натижада, бугун ўзбек ҳунарманди соҳа билан шуғулланиш учун жуда катта имкониятларга эга бўлди. Масалан, ҳунармандчиликка ўқитиш, жой билан таъминлаш, имтиёзли кредит олиш каби масалаларда қулай шароитлар яратиб берилди.
Буни ўз мисолимда тушунтириб бермоқчиман. 2016 йилда ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлдим. 2021 йилда Фарғона тумани ҳокимлиги кўмагида менга Шоҳимардонобод маҳалласида жойлашган бўш бино берилди. У ерда биринчи нодавлат ўқув марказимни очиб, “аёллар дафтари”даги ҳамда ногиронлиги бўлган аёлларни ўқитиб, иш билан таъминлашни бошладим.
Ҳозирги кунда биргина Фарғона туманидаги хотин-қизларга иш берибгина қолмасдан қўшни вилоятларга, Паркент туманида, Андижоннинг Олтинкўл туманида ҳамда Марғилон шаҳрида бир неча аёлларни иш билан таъминлаб келмоқдаман. Марказимизда хотин-қизлар 3 ой давомида турли касб-ҳунарларга ўқитилади. Кейин эса ишлашни истаган ва истеъдодли ўқувчиларимизни касаначи ё доимий ишчи қилиб олиб қоламиз.
Президентимиз, “Қайсики оилада аёл билимли, илмли, ҳунарли ва энг асосийси бахтли бўлса, ана шу жамият равнақ топади”, деганлар. Шу сўзлардан илҳомланиб, мен ҳам қайсидир маънода аёлларни бахтли бўлишига ҳиссамни қўшишни ният қилганман.
Тадбиркорлигимнинг ривожланиш даври пандемия вақтига тўғри келиб қолди. Шунинг учун маҳсулотларимни онлайн тарзда сотишни бошлаганман. Бу ишнинг “плюс” томонлари кўп бўлган. Масалан, уйда ўтириб қолган кўплаб аёл-қизлар ҳунаримни ўргатишимни сўраб, мурожаат этишарди. Шунда ўғлим видеога оларди, мен турли мастер-класслар тайёрлаб, вилоятлардаги юзлаб қизларга юборардим. Пандемиядан чиққан пайтим маҳсулотларимга талаб кўпайиб кетганда ўша қизлар билан ҳамкорликда ишлай бошладим.
– Бизнесингизнинг ҳозирги ҳолати ҳақида ахборот беринг. Қандай маҳсулотлар ишлаб чиқарасиз? Уларни қаерларда сотасиз? Қандай лойиҳаларни амалга оширдингиз, улар минтақага ва истеъмолчиларга нима берди?
– Менинг “ART HOUSE SADOSH” корхонамда асосан экологик юмшоқ ўйинчоқлар, аёллар учун миллий ва замонавий турдаги экологик сумкалар ҳамда ўзбек миллий матолари: атлас, адрас ва аъло бахмалдан миллий либослар ва эсдалик буюмлари ишлаб чиқарилади.
Ҳар бир ота-она фарзандининг болалиги ёрқин ва бахтли бўлиши учун уларни ўйинчоқлар билан хурсанд қилишга интилади. Мен қайси давлатда, қайси кўргазмада иштирок этмай, у ерда ҳеч ким қуруқ қўл билан кетганини кўрмаганман. Ҳеч бўлмаганда, биттагина фарзанди учун ўйинчоқ оларди. Бошқа маҳсулот ишлаб чиқарадиганлардан кўра менинг ўйинчоқларим харидоргир бўларди. Шунинг учун ҳам ўйинчоқ савдоси яхши бизнес, деб ўйлайман. Шунингдек, миллий сумкаларимиз, миллий либосларимиз ҳам харидоргир. Сумкаларимизни харидор талабига кўра, чарм ва турли матолардан тикамиз. Аксарияти аъло бахмал, яъни юз фоиз ипакли бўлади. Ҳозирда дунёнинг кўплаб давлатларига экспорт қиляпмиз, шунингдек, машҳур брендлар буюртмасига асосан ҳам тикиб берамиз.
Биз ишлаб чиқараётган маҳсулотларга талаб жуда катта. Шу боис ишлаб чиқариш ҳажмимиз тобора ошиб бормоқда. Масалан, 2022 йилда 2 млрд. сўмлик маҳсулот сотган бўлсак, 2023 йилда бу рақам 3 млрд. сўмга, 2024 йилда эса 4 млрд. сўмга етди. 2025 йилда бу кўрсаткич 6 млрд. сўмдан ошди.
Болажонлар шодлиги ва уларнинг қувончи бўлган қўғирчоқлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратамиз. Бизнинг қўғирчоқ ва ўйинчоқларимиз экологик тоза ва юмшоқ материаллардан ясалади. Шунинг учун уларга хорижий давлатларда ҳам талаб катта. 2023 йил KIA motors компаниясига йил давомида KIA бренди билан 1,5 млрд. сўмлик юмшоқ ўйинчоқлар етказиб бердик.
Москва шаҳрига йилига 10000-20000 долларлик аёллар сумкаси, Қозон ва Санкт-Петербург шаҳарларига ҳам йилига 40000-50000 долларлик миллий либослар ва аёллар сумкалари экспорт қиляпмиз.
2023 йил март ойида АҚШ давлатининг USAID агентлиги томонидан миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш йўналишида 20.000 АҚШ доллари қийматидаги грант лойиҳаси ғолиби бўлдим. Бу грант менинг янада ривожланишимга ва қўшимча иш ўринлари яратишимга имконият берди.
Маҳсулотларимиз Ўзбекистоннинг турли вилоятларига сотилади. Жуда кўплаб мактабгача таълим муассасаларини, туристик марказларни миллий либослар, қўғирчоқ ва ўйинчоқлар билан таъминлаб келмоқдамиз. Шунингдек, Ҳиндистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россиянинг бир неча вилоятларига буюртма асосида ўз маҳсулотларимизни тайёрлаб етказиб бермоқдамиз ва халқаро онлайн платформалар орқали қўғирчоқ ва ўйинчоқлар турли давлатларга сотилмоқда.
– Сиз нечта янги иш ўрни яратдингиз? Жумладан, жамоангизда қанча одам ишлайди ва даромад даражаси қандай? Уларга бошқа ёрдамлар ҳам кўрсатасизми?
– Айни пайтда корхонада 40 нафар хотин-қиз доимий ва 100 нафар аёл касаначилик асосида ишлаб келмоқда. Улардан 13 нафари имконияти чекланган шахслар тоифасига киради.
Бундан ташқари, 500 дан ортиқ ишсиз хотин-қизни миллий қўғирчоқ ясаш, тикувчилик, тўқувчилик, каштадўзлик ва миллий либослар тикиш касбларига ўқитдим ҳамда уларни мустақил иш бошлаб ўзларини бандлигини таъминлашга эришдим.
Ҳунармандчилик орқали жойларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, бу орқали янги иш ўринларини яратиш, ишсиз хотин-қизларимизни муносиб иш билан таъминлаш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатишда ҳам қатор ишларни амалга оширмоқдаман.
Корхонада ходимлар бажарган ишларининг миқдори ва сифатига қараб, 2 млн. сўмдан 7 млн. сўмгача маош олишади.
– Бизнесингизнинг ижтимоий аҳамияти ҳақида гапириб берсангиз. Эҳтиёжманд оилаларни ҳам қўллаб-қувватлайсизми?
– Тадбиркорлигимнинг ижтимоий аҳамияти жуда катта. Аввало, у миллий ҳунармандчилигимиз асосига қурилган, яъни миллий қадриятларимиз, анъаналаримиз, матоларимиз билан боғлиқ бўлганлиги учун уларни ишлатиш ва сақлаб қолишга хизмат қилади. Миллий либос тикиш, қўғирчоқ ёки ўйинчоқ ясашнинг кўпчиликнинг эсидан чиқиб кетган қадимий усулларидан бирини халқимиз ичида кимдир авайлаб-асраб сақлаб келаётган ҳолатлар учраб туради. Биз бундай аёллар билан дарҳол учрашамиз ва унинг ҳунарини кўпчиликка етказиш учун биргаликда ҳаракат қиламиз.
Миллий ҳунармандчилигимиз намуналарини хорижий давлатларда намойиш этамиз. Шу йўл билан бошқа халқларни қадимий анъаналаримиз билан таништирамиз.
Жумладан, 2016-2025 йиллар давомида Марғилон шаҳрида ўтказиб келинадиган халқаро “ATLAS BAYRAMI” фестивали, 2019 йилдан бошлаб Қўқон шаҳрида ўтказиб келинаётган халқаро ҳунармандлар фестивали, 2022-2025 йиллар давомида Бухоро шаҳрида ташкил этилган “INTERNATIONAL GОLD EMBROIDERY ART FESTIVAL” халқаро фестивали, 2022 йил октябрь ойида Туркиянинг “CRAFT FEIR ISTANBUL” халқаро фестивали, 2022-2025 Тошкент шаҳрида ўтказилган “CRAFT FEIR UZBEKISTAN” каби халқаро фестивалларда қатнашиб келаман.
Ҳунармандчилик бўйича хорижда ўтказиладиган фестиваллар ва кўрикларда ҳам қатнашаман. Жумладан, ҳар йили январь-февраль ойида Ҳиндистоннинг Лакхнау шаҳрида ўтказиладиган “SANATKADA MAHINDRA” анъанавий ҳунармандчилик фестивалида ҳамда Харияна штати Фаридабад шаҳридаги “SURAJKAND INTERNATIONAL GRAFTS MELA” фестивалларида иштирок этиб, миллий қадриятларимизга айланиб бораётган ўзбек ҳунармандчилигини бошқа халқларга ҳам намойиш қилиб келмоқдаман.
Фарғона туманидаги Шоҳимардонобод маҳалласи гузарида ташкил этилган ҳунармандлар марказида хотин-қизларга ҳунар ўргатишни йўлга қўйганман. Бу ерда йилига юзлаб хотин-қизлар касб ўрганишмоқда. Бугун Ўзбекистоннинг барча вилоятларида юзлаб шогирдим бор.
Кам таъминланган, “Аёллар дафтари”да рўйхатга олинган ва ногиронлиги бор хотин-қизларга ҳунар ўргатиб, 100 дан зиёд аёлни иш билан таъминладим. Бундан ташқари, хотин-қизлар фаоллари томонидан марказимизга юборилаётган барча аёлларни бепул касб-ҳунарга ўқитамиз.
Мен “Шоҳимардонобод”, “Тошқўрғон Азиз”, Юксалиш, Новкент МФЙ ҳудудларидаги кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва ёлғиз фуқаролардан Мустақиллик, Янги йил, Наврўз, Ҳайит байрамларида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда совғалар билан бориб, хабар оламан.
– Қўқон жаҳон ҳунармандчилигининг йирик марказларидан бири ҳисобланади. Унда 2019 йилдан бери халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказиб келинмоқда. Жумладан, 2025 йилнинг 21-23 сентябрь кунлари Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг учинчиси ўтказилди. Сиз мазкур анжуманнинг аҳамиятини қандай баҳолайсиз ва унда қай даражада иштирок этяпсиз?
– Президентимизнинг ташаббуслари 2018 йил 1 ноябрда имзоланган “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори билан жаҳон ҳунармандчилигининг йирик марказларидан бири бўлган Қўқон шаҳрида 2019 йилдан бошлаб ҳар икки йилда Халқаро ҳунармандчилик фестивали ва унинг доирасида “Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзуидаги илмий-амалий конференция ўтказиб келинмоқда.
Мазкур фестиваль халқимизнинг қадимий тарихи ва маданий ҳаётини ҳар томонлама кенг ёритиш, номоддий маданий меросимиз бўлган кўп қиррали ўзбек миллий ҳунармандчилигини кенг намойиш қилиш, унинг ноёб намуналарини тарғиб этиш, шунингдек, ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш орқали турли халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни халқаро миқёсда кучайтириш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган касбий анъаналар ва ҳунармандчилик мактабларини сақлаш ҳамда қайта тиклаш мақсадида ўтказилмоқда.
2019 йили 10-15 сентябрь кунлари ЮНЕСКО шафелигида ўтказилган биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалида Жаҳон ҳунармандлар ташкилоти томонидан Қўқон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” мақоми берилди.
Кейинроқ Халқаро ҳунармандчилик фестивали билан биргаликда Риштонда Халқаро кулолчилик форумини ўтказишга қарор қилинди. Жумладан, 2025 йил 19-21 сентябрь кунлари Риштонда иккинчи Халқаро кулолчилик форуми ўтказилди.
Қўқонда фестивал, Риштонда форум ўтказилиши мамлакатимиз ва жаҳон ҳунармандчилиги ва кулолчилиги тараққиёти учун улкан аҳамиятга эга воқеа ҳисобланади. Унда бу соҳа ривожланган жаҳоннинг 70 дан ортиқ давлатидан юзлаб таниқли мутахассис ташриф буюради.
Улар ўзаро мулоқот қилишади, тажриба алмашишади, бир-бирларининг ютуқлари билан танишишади. Маҳоратли ҳунарманд-усталар ва машҳур кулоллар иштирокида илмий-амалий машғулотлар, “мастер-класс”, яъни маҳорат дарслари ўтказилади. Ёш ҳунарманд ва кулоллар учун ижодий учрашувлар ташкил этилади.
Мен Қўқон ҳунармандлар фестивалида фаол иштирок этиб келяпман. Фестивалда ўзимиз тайёрлаган миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини намойиш этамиз. Ушбу фестивалга дунёнинг кўплаб давлатларидан ҳунармандлар ташриф буюришади. Мазкур анжуманда нафақат ўз маҳсулотимизни сотиш ва намойиш қилиш билан шуғулланамиз, балки ўзга давлатлардан келган ҳунармандлар билан тажриба ҳам алмашамиз.
– Юқорида хориж давлатларида ҳам фестиваль ва кўргазмаларда қатнашишингиз ҳақида айтдингиз. Улардан олган таассуротларингиз ва қандай натижаларга эришганлигингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
– Бу саволингизга жавобни Ҳиндистонда қатнашган кўргазмам мисолида ҳикоя қилиб берсам, кўпчилик учун тушунарлироқ бўлади, деб ўйлайман. Ҳиндистонинг Лакхнау шаҳрида Сандакада Махиндра миллий ҳунармандчилик кўргазмаси бўлиб, ушбу кўргазма фақат ҳинд ҳунармандлари учун ташкил этилган.
Мазкур кўргазма ташкилотчилари 2023 йил ўтказилган навбатдаги ҳунармандчилик кўргазмасига ўзбек ҳунармандларини таклиф этишди. Бунга сабаб ҳинд халқининг ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига катта қизиқиши сабаб бўлган. Ушбу кўргазмада бир нечта ўзбек ҳунармандлари қатнашдик ва миллий брендларимизни намойиш этдик.
Ўзбек ҳунармандларининг миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳинд халқида жуда катта қизиқиш уйғотмоқда. Биламизки, Ҳиндистон ҳунармандчилик саноати билан дунёга машҳур. Сайёҳлар Ҳиндистоннинг шовқинли ва гавжум бозорларида ўзларини йўқотишлари одатий ҳол. Деҳли, Бангалор, Лакхнау, Жайпур, Кашмир ва шунга ўхшаш бошқа шаҳарлар бозорлари ҳунармандчилик маҳсулотлари билан тўлиб тошган.
Мен у ерга олиб борган миллий қадриятларимизга асосланган сеҳрли қўғирчоқлар барча иштирокчилар ҳайратига сабаб бўлди. Шу ҳунарим сабаб Ҳиндистонда жуда кўп дўстлар орттирдим.
Масалан, 2022 йилда у ерда танишиб дўстлашган дугоналаримдан бири Мадху Жаин – ҳиндистонлик машҳур дизайнер аёл. У кўплаб таниқли ҳинд санъаткорларига ва машҳур инсонларга либослар яратади. Катта подиумларда миллий либослар коллекциясини намойиш этиб келади. Мадху Жаин билан танишиб, суҳбатлашиб, ундан аъло бахмалдан тикилган миллий сумкаларга буюртма олдим ва бир неча йиллардан буён унга сумкалар тайёрлаб етказиб беряпман. Демак, шу орқали бизнинг миллий брендларимиз Ҳиндистоннинг машҳур инсонлари қўлига ҳам етиб боряпти.
Ҳиндистоннинг Харияна штатида ҳар йили бўлиб ўтадиган Surajkund Crаfts Mela халқаро фестивалида ҳам бир неча йилдан бери фаол иштирок этиб келаман.
2024 йилда эса Ҳиндистоннинг Харияна штати Крукшетра шаҳрида “Гита Махотсав” халқаро маданият ва санъат фестивалида ўзбекистонлик 26 та ҳунарманд ўз маҳсулотларимиз билан иштирок этдик. Ушбу фестивалда Ўзбекистон биринчи марта иштирок этгани сабабли Крукшетра халқи ҳунармандларни илиқ муносабат ва катта қизиқиш билан қарши олдилар.
Ҳиндистонда дўстлашган қатор нуфузли ҳунармандлар Қўқон фестивалида фаол иштирок этишмоқда.
– Келгусида қандай лойиҳаларни ишлаб чиқяпсиз ёки режалаштиряпсиз?
– Мамлакатимизда ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича давлат томонидан ўта қулай шароитлар яратиб берилмоқда. Фестиваль ва форумга келган ҳамкасбларимиз ҳам бу ҳақида жуда яхши ижобий фикрлар билдиришмоқда.
Ана шундай шароитда мен ҳам ҳунармандчиликни янада ривожлантириш учун қатор режалар тузганман.
Шу боис ўз корхонамда, “Раҳбар аёллар мактаби” ва интернет орқали онлайн тарзда ҳунармандчилик билан шуғулланмоқчи бўлган хотин-қизларга бераётган ёрдамим миқёсини янада кенгайтиришни режа қиляпман. Чунки “Раҳбар аёллар мактаби”да кўзлари чақнаб турган лидер аёлларни кўриб, жуда хурсанд бўламан. Президентимиз ташаббуслари билан шундай мактаб очилганки, у ерда келгусида етук бошқарувчи бўладиган аёллар тарбияланяпти.
Ўзбек миллий либослари ўзининг бетакрор гўзаллиги, ранг-баранглиги ва халқ ҳунармандчилигининг юксак маҳорати уйғунлиги билан ажралиб туради. Барқут матосидан тайёрланган нафис кийимлар миллий анъаналар ва замонавий услубни мукаммал бирлаштирган.
Меҳр ва дид билан яратилаётган ҳунармандчилик маҳсулотлари боис қадриятларимиз қайта туғилди. Ўтмиш ва замонавийлик уйғунлашиб бой маданий меросимизнинг такрорланмас брендлари яратилди. Миллий кийимларимиз, қўғирчоқ ва ўйинчоқларимиз яна халқимиз қалбидан жой олди.
Ҳозирги кунда Фарғона туманининг Шоҳимардон қишлоғида уй меҳмонхонаси қуряпман. Меҳмонхонани ишга тушириш режаси 2026 йил май ойига мўлжалланган. Меҳмонхона ичида ҳунармандлар маркази ташкил қилиб, қишлоқдаги ишсиз аёлларга ҳунар ўргатиб, уларни иш билан таъминлашни ҳам ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман.
Шундай экан, ишлаб чиқариш қувватларимни янада кенгайтириш устида ишлаяпман. Ўйлайманки, Худо хоҳласа, бу ниятимга, албатта, етаман.
Яна бир йўналиш, хорижга маҳсулот экспортини янада кўпайтириш деб ҳисоблайман. Мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар туфайли чекка бир қишлоқдан чиққан мен каби бир тадбиркорнинг маҳсулотлари бугун дунё брендлари билан ёнма-ён турибди. Натижада биз билан ҳамкорлик қилишга иштиёқманд хорижлик ҳамкасбларимиз сони тобора ошиб бормоқда. Жумладан, Aфғонистон ҳамда Ироқда савдо уйлари очиш бўйича тегишли келишувларни ҳал қиляпмиз.
2025 йилдан Фарғона вилояти савдо-саноат палатасида хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлиги бўйича ўринбосар лавозимида иш бошладим. Бу лавозимда ишлашимдан мақсад хотин-қизлар тадбиркорлигини янада ривожлантириш, аёллар ва ёшларни ҳунармандчиликка, тадбиркорликка кенг жалб қилиш орқали улар ўртасида ишсизликни камайтириш жараёнига ҳисса қўшиш ҳисобланади.
Миллий ҳунармандчилигимиз ўта қадимий, у ўз қадриятлари ва анъаналарига эга соҳа ҳисобланади. Бу соҳада тадбиркорлик қилиш инсонга жуда катта имкониятлар беради. Айниқса, бизнинг юртимиздагидай қулай шарт-шароитлар мавжуд бўлса, аёлларимиз қўрқмасдан, дадиллик билан миллий ҳунармандчилик соҳасида тадбиркорликни бошлашлари лозим, деб ўйлайман.
Одил Олимжонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали 12/2025
Изоҳ қолдириш