2020 йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Парламентга 2021 йил учун Мурожаатномасида янги экспорт бозорларига чиқиш бизнинг иқтисодий сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолиши таъкидланди. Сўнгги йилларда маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим чоралар кўрилмоқда. Конвертация жорий қилинди, ташқи иқтисодий фаолият режими эркинлаштирилди ва кўплаб тўсиқлар олиб ташланди. Бу эса бизнинг савдо шерикларимиз билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга ёрдам берди.
Президент Мурожаатномасида таклиф қилинган маҳаллий экспортчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг янги экспорт бозорларига чиқишини кенгайтириш бўйича янги чора-тадбирлар кўлами жуда катта. Хусусан, давлатимиз раҳбари келгуси йилда корхоналарга хомашё сотиб олиш ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун, “Экспортни қўллаб-қувватлаш” жамғармасидан 100 миллион доллар ажратишни таклиф қилди. Бундан ташқари, Экспорт қилувчиларга чет элда савдо уйлари ва дўконлар очиш ҳамда реклама харажатларининг 50 фоизини қоплаб берилади. Ва умуман, Ҳукуматга келгуси йилда товар ва хизматлар экспортини камида 20 фоизга ошириш вазифаси топширилди.
Ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон иқтисодиётидаги вазият сезиларли даражада ўзгарди, бу Ўзбекистонни жаҳон иқтисодиётига чуқур интеграциялашувини, хусусан, Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ), Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи (ЕОИИ) каби халқаро ташкилотлар ва алоҳида мамлакатлар билан ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш зарурлигини аниқ кўрсатди.
ЖСТга кириш бўйича ишларнинг кучайиши Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар экспорт салоҳиятининг ўсишига ҳисса қўшаётганини ва мамлакат ўз товарларини халқаро бозорларга кенгроқ кириб боришидан манфаатдор эканлиги билан боғлиқ бўлиб, бунга ушбу ташкилотга аъзолик ёрдам беради. ЖСТга аъзо бўлиш иқтисодиётнинг барча соҳаларига таъсир қилувчи мураккаб жараён бўлиб, нафақат мамлакат ташқи савдо режимида (божхона божлари, техник регламент, санитария ва фитосанитария нормалари ва бошқалар), балки қишлоқ хўжалиги (қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, нархларни тартибга солиш ва бошқалар) интеллектуал мулк, хизматлар (хорижий компаниялар хизматлари), давлат харидлари, иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солиш каби соҳаларни тартибга солишда ҳам ўзгаришлар киритишни тақозо этади.
2020 йилда Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олди. Бу мамлакатимиз интеграция жараёнининг биринчи босқичи ҳисобланади. Ўзбекистонга ЕОИИ аъзолигининг ижобий ва салбий томонларини чуқур таҳлил қилиш, унинг миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганиш, Иттифоқ қонунчилигига мувофиқ миллий қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар тайёрлаш учун ноёб имконият яратади. Давлатимиз раҳбарининг таъкидлашича, бу бизга амалий ва кўп қиррали ўзаро муносабатларнинг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтишга, ЕОИИда содир бўлаётган муҳим жараёнларни яхшироқ англашга имкон беради.
2021 йил учун Парламентга Мурожаатномасида Президент Шавкат Мирзиёев ЕОИИ ташкилотга аъзо бўлган давлатлар бозорларида тўлақонли иштирок этиш учун, миллий техник тартибга солиш меъёрларни, уларнинг талабларига мослаштириш бўйича, ишларни жадаллаштириш зарур эканлигини тақидлади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошганига қарамай, ҳали ҳам Иттифоқ мамлакатларига маҳаллий маҳсулотлар экспортини кўпайтириш учун ишга солинмаган имкониятлар мавжуд. Ҳозирда Ўзбекистон МДҲ эркин савдо зонаси тўғрисидаги битимга биноан, ЕОИИ мамлакатлари билан божсиз савдо қилмоқда. Шу билан бирга, миллий техник регламентларни (стандартларни) ЕОИИ талабларига мослаштириш тарифсиз тўсиқлар таъсирини камайтиради ва Ўзбекистон экспортини кўпайтиришга ёрдам беради.
2020 йилда Европа Комиссияси Ўзбекистонга Умумий имтиёзлар тизими “GSP+” нинг бенефициари мақомини бериш тўғрисида муддатидан олдин қарор қабул қилди. Бу Ўзбекистонга Европа Иттифоқига божсиз етказиб бериладиган товарлар сонини икки баравар ошириш имконини беради. Ушбу қарор Европа Комиссиясининг кузатув гуруҳларининг Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат стандартларига риоя қилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарув соҳасидаги 27 халқаро конвенция қоидаларини Ўзбекистон томонидан бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботлари асосида қабул қилинди. “GSP+” бенефициар мақомини олганидан сўнг, ўзбек ишлаб чиқарувчилари Европа Иттифоқи мамлакатларига божсиз экспорт қилишлари мумкин бўлган товарларнинг сони 6200 тага кўпаяди. Шу билан бирга, тақидлаш керакки бир қатор давлатларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, “GSP+” бенефициар мақомини олиш экспорт маҳсулотларини сертификатлаштириш масалаларини ҳал қилмасдан экспортни кўпайтириш ва ўзбек экспортчиларининг Европа Иттифоқи мамлакатларининг янги бозорларига эркин кириб бориш масалаларини ўз-ўзидан ҳал қилмайди. Ушбу ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, Президент Ўзбекистонда “GSP+” тизими доирасидаги имтиёзларни мамлакатимизда самарали қўллаш учун алоҳида дастур ишлаб чиқишни топширди.
Шундай қилиб, Президент Парламентга йўллаган Мурожаатномаси давлатимизнинг 2021 йилда ЖСТга аъзо бўлиш, ЕОИИ доирасида янада интеграциялашув, Умумий имтиёзлар тизими “GSP+” афзалликларидан самарали фойдаланиш ва Европа Иттифоқи билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш бўйича илғор ҳаракатларни амалга ошириш ниятини аниқ ифодалайди.
Изоҳ қолдириш