Вилоятларда «махсус поликлиникалар» фаолияти йўлга қўйилади

Вилоятларда «махсус поликлиникалар» фаолияти йўлга қўйилади

Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятларда Тошкент шаҳри тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахслар ҳамда ушбу инфекция тасдиқланган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш ва уларни амбулатор даволашга ихтисослашган «махсус поликлиникалар» фаолияти йўлга қўйилади.

Фуқароларга қулайлик яратиш, шунингдек, уларга малакали тиббий ёрдамни ўз вақтида кўрсатишни таъминлаш мақсадида «махсус поликлиникалар» ва махсус тақсимлаш марказларининг туну кун фаолият кўрсатиши белгиланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини коронавирус пандемияси даврида карантин талабларига мувофиқ ўтказиш тўғрисидаги баёноти маълумот учун қабул қилинди ва маҳаллий ҳокимликларга тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш топшириғи берилди.

Фуқароларга Қурбон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли ҳамда халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш тавсия этилди.

Юқоридагилардан ташқари Республика махсус комиссиясининг қарори билан ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг фаолиятини жадаллаштириш, шунингдек, таъминот манбаи бўлмаган ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган, боқувчисидан ажралган, оғир касаллари бор, кўп болали, ижтимоий нафақаси реал эҳтиёжларини қопламайдиган ва ундан бошқа даромад манбаи бўлмаган, ота-оналаридан бири ёки иккиси ҳам ногирон бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Коронавирус пандемияси даврида тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимлари ва бошқа ходимларга қонун ҳужжатларида тўланиши назарда тутилган қўшимча тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўлаб берилишини таъминлаш ва назорат қилиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди ва унинг вазифалари белгилаб берилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар