Жаҳон банки “Электроэнергетика тармоғини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш” лойиҳасини тасдиқлади

Жаҳон банки “Электроэнергетика тармоғини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш” лойиҳасини тасдиқлади

Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши “Электроэнергетика тармоғини трансформация қилиш ва электр энергиясини барқарор узатиш” лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа бутун мамлакат бўйлаб миллионлаб уй хўжаликлари ва корхоналарни узлуксиз электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" AЖ фаолияти самарадорлигини оширади.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси 380 миллион доллар, ва Яшил иқлим фонди (ЯИФ) 43 миллион доллар кредит ажратади. Ушбу молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоиз ставкаларида тақдим этилади ва тўловнинг энг узоқ муддати 40 йилгача бўлади. Шунингдек, ЯИФ лойиҳа доирасидаги алоҳида тадбирлар учун 4 миллион доллар миқдорида грант ажратади.

Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб 2018 йилдаги 61 миллиард киловатт-соатдан 2030 йилга келиб 100 миллиард киловатт-соатдан ортиқгача ўсиши кутилмоқда. Ҳозирда мамлакатда 250 000 км дан ортиқ электр узатиш линиялари ва тарқатиш тармоқлари мавжуд. Уларнинг аксарияти Совет Иттифоқи даврида қурилган ва уларнинг эксплуатация муддати анча вақт олдин тугаган.

Эскирган инфратузилма электр энергиясининг катта ҳажмда йўқотилишига олиб келади, бу эса ишлаб чиқарилган электр энергияси умумий ҳажмининг тахминан 20 фоизини ташкил этади. Шунингдек, бу бутун мамлакат бўйлаб электр энергиясининг кўп узилишларига ҳам сабаб булмоқда, бу эса аҳолининг иқтисодий фаолияти ва фаровонлигига зарар етказади.

«Ушбу трансформацион характерга эга бўлган янги лойиҳа ҳукуматга электроэнергетика тармоғини самарали ишлаши ва ривожланишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал қилишда ёрдам беради. Лойиҳа "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" AЖни замонавий тижорат компаниясига айлантириш ва электр энергиясини узатиш тизимларини модернизация қилишни жадаллаштиради. Ушбу чора-тадбирлар электр энергиясининг 32 миллионга яқин истеъмолчига ишончли етказиб берилишини таъминлайди ва қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш бўйича янги йирик лойиҳаларни электр тармоқларига улаш имконини беради», - деди Марко Мантованелли, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.

"Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" AЖнинг устувор инвестицияларини молиялаштириш орқали лойиҳа шунингдек, эскирган энергетика инфратузилмаларини модернизация қилишга ёрдам беради. Лойиҳа фаолияти, жумладан, Ўзбекистоннинг 11 та ҳудуларида 22 та эскирган юқори кучланишли подстанцияларни реконструкция қилиш, модернизация қилиш ва кенгайтиришни, шунингдек, 500 киловаттлик янги подстанцияни ва электр узатиш линияларини қуришни ўз ичига олади.

Электр энергиясини узатиш тизимини мониторинг қилиш, бошқариш ва эксплутация қилиш жараёнларини такомиллаштириш мақсадида лойиҳа доирасида замонавий рақамли ва телекоммуникация технологиялари ва ечимлари жорий этилади. Уларга диспетчерлик назорати ва маълумотларни йиғиш учун янги дастурий-аппарат мажмуаси (СCAДA), шунингдек, "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" AЖ марказий ва ҳудудий диспетчерлик марказлари учун электр энергиясини бошқариш тизимини (ЭМС) яратиш киради. Лойиҳалаш доирасидаги чора-тадбирлар Совет Иттифоқидан бери ишлатиб келинаётган эскирган тизимларни янгилашга имкон беради.

Компаниянинг электроенергетика соҳасидаги стратегик ролини ҳисобга олган ҳолда, лойиҳа "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" AЖнинг операцион, молиявий ва тижорат жараёнларини ривожлантириш ва рақамлаштириш, шунингдек, институционал салоҳиятини кучайтириш орқали уни замонавий компанияга айланишини қўллаб-қувватлайди. Лойиҳа фаолияти режалаштириш жараёнларини, корпоратив бошқарувни ва қарорларни қабул қилиш тизимларни такомиллаштириш ҳамда киберхавфсизликни бошқариш тизимини такомиллаштиришни ўз ичига олади.

Лойиҳа мамлакатнинг яшил энергия ишлаб чиқаришга ўтишини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, бу хусусий сектор томонидан қайта тикланувчи манбалар асосида ишлаб чиқариладиган энергияни интеграциялаштириш учун электр тармоқларининг имкониятларини кенгайтириш орқали амалга оширилади. Лойиҳа доирасидаги чора-тадбирлар ҳукуматнинг электроэнергетика соҳасини декарбонизациялаш бўйича режаларини амалга оширишга ёрдам беради.

Жумладан, лойиҳа 1500 мегаваттгача қайта тикланадиган манбаларни энергия тизимига интеграция қилишга ёрдам беради. Ушбу чора-тадбирлар атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндиларининг янада камайишига олиб келади, шунингдек, қайта тикланувчи энергетика соҳасига қўшимча хусусий инвестицияларни жалб қилишга ёрдам беради.

Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистонни Aфғонистон, Қозоғистон ва Тожикистон электроэнергетика тизимлари билан боғлайдиган инфратузилмаларини реконструкция қилиш ва кенгайтириш орқали Марказий Осиёда минтақавий энергия савдосини ривожлантиришга ёрдам беради.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар