Жаҳон банки жорий йил давомида Ўзбекистонда ЯИМ ўсиши прогнозини 4,8 фоизга сақлаб қолди. Шу рақамлар жорий йилнинг март ойи охирида прогноз қилинган эди.
Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 ва 2022 йилларда мос равишда 4,8% ва 5,5% га ўсади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг «Жаҳон иқтисодий истиқболлари» ҳисоботининг июнь ойидаги сонида айтилади.
Умуман олганда, Марказий Осиё бўйича иқтисодий ўсиш суръатлари 2021 йилда 3,7 фоизга ва 2022 йилда 4,3 фоизгача тикланиши кутилмоқда. Бу хомашё нархларининг бироз кўтарилиши, йирик нефть ишлаб чиқарувчи мамлакатларда ишлаб чиқариш ҳажмидаги чекловларнинг юмшатилиши ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг кўпайиши ёрдам беради.
Жаҳон банкининг тахминларига кўра, 2021 йилда глобал иқтисодий ўсиш 5,6% ни ташкил этади — бу 80 йил ичида турғунлик давридан тикланишнинг энг тез суръати ҳисобланиб, бу асосан бир нечта йирик мамлакатларда иқтисодий фаолликнинг жадал тикланиши билан боғлиқ. Бироқ, кўплаб шаклланаётган бозор ва ривожланаётган мамлакатлар COVID-19 пандемияси ва унинг оқибатлари билан курашишда давом этмоқда.
Иқтисодий тикланишига қарамай, жорий йилнинг охирига келиб дунё ишлаб чиқариш ҳажми пандемиядан олдинги прогнозларга қараганда тахминан 2 фоизга паст бўлади. Шаклланаётган бозор ва ривожланаётган иқтисодиётга эга мамлакатларнинг қарийб учдан икки қисми 2022 йилга келиб жон бошига даромаднинг пасайишини қоплай олмайди.
«Кўплаб шаклланаётган бозор ва ривожланаётган мамлакатларда жон бошига даромад даражаси пандемия бошланишидан олдин эришилган даражадан паст бўлиб қолади. Ушбу даромаднинг пасайиши соғлиқни сақлаш, таълим ва турмуш даражасидаги йўқотишларни кучайтириши кутилмоқда», – дея таъкидлади Жаҳон банки гуруҳи Президенти Девид Малпасс. – «Пандемия камбағалликни камайтиришдаги ютуқларни йўққа чиқарди ва вакциналар етишмовчилиги бўлган паст даромадли мамлакатларда беқарорликнинг кучайишига ва бошқа узоқ муддатли муаммоларнинг янада чуқурлашишига олиб келди».
Жаҳон банки прогнозларига кўра, АҚШ иқтисодий ўсиши бу йил 6,8 фоизни ташкил этади, бу катта миқдордаги молиявий ёрдам ва карантин чекловларининг юмшатилиши натижасида юзага келади. Бошқа иқтисодий ривожланган мамлакатлардаги ўсиш ҳам кескин бўлмаса-да, тезлашмоқда. Шаклланаётган бозор ва ривожланаётган мамлакатлар орасида бу йил Хитой иқтисодиётида 8,5 фоизга ўсиш кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш