Тадбир Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳамда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов, Жаҳон банкининг ривожланишни молиялаштириш масалалари бўйича вице-президенти, Халқаро тараққиёт ассоциацияси фаолиятини мувофиқлаштирувчи жаноб Акиҳико Нишио, эксперт ва академик доиралар, дипломатик миссиялар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг мақсади Халқаро тараққиёт ассоциациясининг глобал роли, шунингдек, Ўзбекистонда ХТА томонидан молиялаштирилаётган лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва натижадорлигини муҳокама қилишдан иборат бўлди. Иқтисодий, ижтимоий ва инфратузилмавий дастурларни амалга оширишни янада қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси ривожланаётган мамлакатлар учун имтиёзли молиялаштиришнинг дунёдаги энг йирик манбаи ҳисобланади. 2026-2028-йилларга мўлжалланган 100 млрд. долларлик молиялаштириш пакети 78 та қабул қилувчи мамлакатда 1,9 млрд. кишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кенг кўламли ислоҳотлар бошланганидан сўнг Ўзбекистоннинг халқаро тараққиёт институтлари билан ҳамкорлиги стратегик босқичга кўтарилди.
Сўнгги 10 йил ичида Жаҳон банки кўмагида Ўзбекистонда иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳалар портфели 3 бараварга ошди – 2016-йилдаги 1,8 млрд. доллардан 2026-йил май ҳолатига кўра 5,5 млрд. долларга етди. Ажратилган ёрдамнинг 60% дан ортиғи ХТА йўналишидаги лойиҳалар ҳиссасига тўғри келади.
Тадбир иштирокчиларини қутлар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодий сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришларга халқаро институтлар ва ҳамкор давлатлар томонидан юқори ишонч билдирилаётганини таъкидлади.
“2017-йилдан сўнг Ўзбекистоннинг халқаро тараққиёт институтлари билан ҳамкорлиги мутлақо янги босқичга кўтарилди. Шу даврда Жаҳон банки, жумладан, ХТА кўмагида амалга оширилаётган лойиҳалар портфели 3 баравардан зиёд ошди.
Биз учун молиялаштириш ҳажмининг кенгайиши билан бир қаторда, ислоҳотларни таҳлилий қўллаб-қувватлаш, баҳолаш ва кузатиб бориш ҳам ҳамкорлигимизнинг ажралмас қисмига айлангани муҳимдир”, - деди Обид Хакимов.
Натижалар ҳақида сўз юритар экан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори “ислоҳотлар йилларида Ўзбекистон мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида мисли кўрилмаган натижаларга эришганини” таъкидлади.

“Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 2017 йилдаги 54 млрд доллардан 2025 йилда 147 млрд долларгача ўсди, 2026 йил якуни бўйича эса 180 млрд долларга етиши кутилмоқда. Шу тариқа, ислоҳотлар даврида мамлакат иқтисодиёти 3 баравардан зиёд ўсади. Бу халқаро амалиётда жадал иқтисодий ривожланишнинг ёрқин мисолларидан бири ҳисобланади.
Шу билан бирга, ислоҳотларнинг асосий натижаси миллионлаб инсонлар ҳаётини яхшилашда намоён бўлмоқда. Ушбу даврда 8,5 млн эҳтиёжманд фуқаронинг даромадлари оширилди. Халқаро ташкилотлар кўмагида мамлакатда Ижтимоий ҳимоянинг ягона реестри жорий этилди. Ижтимоий сиёсатдаги энг самарали ечимлардан бири эса «маҳаллабай» тизимининг йўлга қўйилиши бўлиб, у кўмакни янада манзилли қилиш имконини берди”, - дея таъкидлади Обид Ҳакимов.
Жаҳон банкининг ривожланишни молиялаштириш масалалари бўйича вице-президенти Акиҳико Нишио Ўзбекистоннинг ХТА билан ҳамкорлик тажрибаси бошқа ривожланаётган мамлакатлар учун ҳам амалий аҳамиятга эга эканини қайд этди.

“Ўзбекистоннинг ривожланиш тажрибаси алоҳида ўрганишга лойиқ. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, ХТА иштирокида амалга оширилган дастурлар натижасида мамлакат сўнгги йилларда миллионлаб фуқаролар ҳаётига таъсир кўрсатган кенг кўламли трансформацияни бошдан кечирди.
2017-йилдан буён реал ЯИМнинг ўртача йиллик ўсиши 6,8%ни ташкил этди. Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон ўсиш суръатлари бўйича Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ривожланаётган мамлакатлар орасида етакчилар қаторига киради. Шу билан бирга, миллий камбағаллик даражаси 2021-йилдаги 17%дан 2025-йилда 5,8%гача пасайди, бу эса 3,7 млн. кишини камбағалликдан чиқариш имконини берди”, - деди Акиҳико Нишио.
Ўзбекистоннинг Жаҳон банки билан 35 йиллик ҳамкорлиги мамлакат ривожланишининг асосий босқичларига ҳамроҳ бўлиб келмоқда. ХТА йўналишидаги ҳамкорлик алоҳида амалий аҳамиятга эга. Бугунги кунда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақасида Жаҳон банки молиялаштиришини энг кўп олувчи 3 давлат қаторига киради.
Жаҳон банкининг мамлакатдаги амалдаги дастури умумий қиймати 5,5 млрд. доллар бўлган 27 та лойиҳани қамраб олади. Ушбу маблағларнинг 3/4 қисми, яъни 4 млрд. доллардан ортиғи макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигини мослаштириш, энергетика секторини трансформация қилиш ва сув хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган.
Давра суҳбати доирасида иштирокчилар имтиёзли молиялаштиришнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга оширишга таъсири, шунингдек, ислоҳотларни янада қўллаб-қувватлаш истиқболларини муҳокама қилдилар. Кейинги босқичда ҳамкорликнинг амалий жиҳатини сақлаб қолиш ва ресурсларни энг самарадор секторларга йўналтириш муҳимлиги қайд этилди.
Амалий ҳамкорликнинг муҳим мисолларидан бири энергетика секторидир. Жаҳон банки баҳолашларига кўра, ушбу секторда ХТА мажбуриятлари ҳажми 2016-йил охиридаги 177 млн. доллардан 2025-йил якунлари бўйича 1,1 млрд. долларгача, яъни 6 баравардан кўпроқ ошган. Ресурсларнинг кўпайиши энергетикада бозор механизмларига асосланган нарх шаклланишига ўтиш ва энергетик трансформация учун шароит яратиш билан боғлиқ ислоҳотлар фонида алоҳида аҳамият касб этади.
Тадбирнинг алоҳида якуни сифатида жорий йил декабрь ойида Тошкентда ХТА халқаро конференцияси ўтказилиши эълон қилинди. Конференцияда дунёнинг 100 та мамлакатидан, жумладан, ХТА қабул қилувчи ва донор давлатлари, шунингдек, халқаро ривожланиш ҳамкорлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон учун қабул қилувчи мамлакат мақоми ўз ислоҳотлар тажрибасини тақдим этиш ва ривожланиш бўйича глобал мулоқотга ҳисса қўшиш имкониятини яратади.
Қарз босими, иқлим хатарлари ва иқтисодий беқарорлик шароитида конференция барқарор ўсишни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва ҳамкор мамлакатларда ривожланиш дастурларини амалга оширишда имтиёзли молиялаштиришнинг ролини муҳокама қилиш учун муҳим майдонга айланади. Иштирокчилар ривожланиш муаммоларини енгиб ўтиш бўйича амалий ёндашувлар билан алмашиш имкониятига эга бўладилар.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш