Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича иқтисодий ҳисоботининг янги нашрида таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг Ялпи ички маҳсулоти жорий ва келгуси йилда ўсиши кутилмоқда. 2021 йилда ички инвестициялар, халқаро савдо ва пул ўтказмаларининг тикланиши иқтисодиётнинг 6,2 фоизга ўсишига, шунингдек, ишсизлик ва камбағалликнинг қисқаришига ёрдам беради. 2022 йилда аҳолини эмлаш даражаси тезлашиши ва жаҳон иқтисодиётидаги узилишларнинг камайиши билан ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5,6 фоизга етиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ўсиш 2021 ва 2022 йилларда 4,3 фоизгача тикланади.
Ушбу пресс-релизда юқорида қайд этилган ҳисоботдан Ўзбекистоннинг 2021-2022 йиллардаги сўнгги иқтисодий тенденциялари ва ривожланиш истиқболлари таҳлил қилинган қисмлари, шунингдек, ушбу даврда Марказий Осиё минтақасидаги иқтисодий ўсиш бўйича кутилмалар ҳақида гап боради.
Ўзбекистон иқтисодиётининг сўнгги тенденциялари 2020 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсишининг 1,7 фоизгача секинлашувидан сўнг, 2021 йилнинг биринчи ярмида ЯИМ 6,2 фоизгача ўсди.
Саноат ва хизмат соҳасининг ишончли ўсиши қишлоқ хўжалигининг суст ўсишини қоплади. Уй хўжаликлари даромади ва ички инвестицияларнинг ўсиши, буджет маблағларининг инқирозга қарши чораларни амалга ошириш учун сарфланиши, шунингдек, солиқ имтиёзлари 2021 йилда иқтисодиётнинг мустаҳкам ўсишига ёрдам берди.
Олтин экспорти ҳажмини қисқартириш бўйича қарор тўлов балансининг жорий баланси тақчиллигини 2021 йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизигача оширди. Бу кўрсаткич ўтган йили ЯИМнинг 7,3 фоизини ташкил этган эди. Бироқ, 2020 йилда савдо ҳамкорларининг мис, тўқимачилик, ўғитлар, озиқ-овқат ва машинасозлик каби маҳсулотларга талаби қисқарганидан кейин ҳозирда ушбу товарлар экспорти тикланмоқда.
Экспортнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12,3 фоизга ошди. Хусусий истеъмолнинг ўсиши ва машиналар, ускуналар ва хом ашёга бўлган талабнинг тикланиши ҳисобига 2021 йилнинг биринчи ярмида импорт 14,3 фоизга ўсди. Бу савдо баланси тақчиллигининг 2020 йилнинг биринчи ярмидаги ЯИМга нисбатан 16,2 фоизидан 2021 йилнинг биринчи ярмида 18,8 фоизга ошишига олиб келди. Пул ўтказмаларининг барқарорлиги (2021 йилнинг биринчи ярмида ЯИМнинг 8,7 фоизи) салбий савдо балансини бартараф этишга ёрдам берди.
2021 йилнинг биринчи ярмида буджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоизни ташкил этди. Мақсадли давлат кредитларининг пастроқ ҳажми ва тикланаётган иқтисодиётдан келаётган солиқ тушумларининг кўпайиши аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни сақлаш ва инфратузилмага йўналтирилган буджет харажатларининг ўсишини қоплади.
Бюджет тақчиллиги давлат қарзининг ўсиши ҳисобидан молиялаштирилган бўлса-да, номинал ЯИМнинг ўсиши 2021 йилнинг биринчи ярмида давлат қарзининг ЯИМга нисбати ЯИМнинг 38,5 фоизигача камайишига олиб келди. Ҳукумат 2021 йилда 5,5 миллиард АҚШ доллари чегарасида ўрнатилган ташқи қарзлар бўйича чекловларга риоя қилишнинг уддасидан чиқмоқда. Олтин-валюта расмий захиралари 2021 йил июлда 34,1 миллиард долларга етди, бу ўтган йилга нисбатан 1,8 миллиард долларга кўпроқдир.
Инфляция даражаси 2020 йил июнь ойидаги 14,7 фоиздан 2021 йил июн ойида 11 фоизгача камайди. Бироқ, бу кўрсаткич озиқ-овқат нархининг ўсиш суръати туфайли ҳали ҳам икки хонали рақамлигича қолаётган эди. Инфляция бўйича кутилмаларнинг ноаниқлик даражасини ҳисобга олиб, Марказий банк базавий ставкани 14 фоиз даражасида қолдирди. Бу кўрсаткич 2020 йил сентябрь ойидан бери ўзгаришсиз қолмоқда.
Иқтисодиётни кредитлаш бўйича йиллик ўсиш 2020 йил июнь ойида 34 фоиз ва 2019 йилда 52 фоизга тенг бўлга бўлса, 2021 йил июнь ойида 24 фоизгача секинлашди. Бу тенденсия 2021 йилда реал кредитлар бўйича фоиз ставкаларининг баландлиги ва давлат томонидан субсидия қилинадиган кредитлашнинг қисқариши ҳисобига банк кредитларига бўлган талабнинг сусайишини кўрсатади.
Банк сектори капиталининг етарлилик даражаси 2020 йилнинг июн ойида 20,8 фоиз ва 2021 йил январь ойида 18,5 фоиз бўлган бўлса, 2021 йил июнь ойида 17,4 фоизгача пасайди. Бу қисман CОВИД-19 пандемияси туфайли 2020 йил июнь ойида 2,2 фоиздан 2021 йил июн ойида 4,6 фоизга ошган қайтарилмайдиган кредитларнинг кўпайиши билан боғлиқ эди.
Шунга қарамасдан, Ўзбекистон молия тизими эҳтимолий кредит инқирозларини бартараф этиш учун етарли молиявий ресурсларга эга. 2021 йил 1 августдан бошлаб молия секторидаги хатарларни ва унинг долларлашувини янада камайтириш мақсадида тижорат банклари томонидан чет эл валютасида жалб қилинадиган депозитлар бўйича мажбурий захира нормативи оширилди. У 14 фоиздан 18 фоизгача ўсди.
Иқтисодий тикланиш жараёнида ишсизлик даражаси 2020 йилнинг биринчи ярмидаги 13,2 фоиз ва 2020 йил охиридаги 10,5 фоиздан 2021 йилнинг биринчи ярмида 10,2 фоизга пасайди. Ишсизлик даражаси ҳозирча пандемиядан олдинги даражага етмаган (9 фоиз атрофида) ҳамда аёллар ва ёшлар учун ўртача кўрсаткичдан юқори бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиши бўйича прогноз 2021 йилда Ўзбекистон ЯИМнинг ўсиши 6,2 фоизга етиши кутилмоқда. Аммо пандемиянинг янги тўлқинларининг глобал ва миллий иқтисодиётга таъсири давом этаётгани сабабли бу прогноз ноаниқлигича қолмоқда. Ички инвестицияларнинг, халқаро савдонинг ва хорижда пул ўтказмаларининг тикланиши 2021 йилда иқтисодий ўсишни рағбатлантириб, ишсизлик ва камбағалликни қисқартиради. 2022 йилда ҳам мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши юқори даражада қолиб, аҳолини эмлаш даражаси тезлашиши ва жаҳон иқтисодиётидаги узилишларнинг камайиши билан 5,6 фоизга етиши кутилмоқда.
Инвестиция лойиҳалари учун машиналар, ускуналар ва хом ашё импорти тикланиши ва олтин экспортининг 2020 йилдаги рекорд даражадан пасайиши билан ҳамда бошқа товарлар экспортининг ўсишини инобатга олган ҳолда тўлов балансининг жорий баланс тақчиллиги 2021 йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,9 фоизга етиши кутилмоқда. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2021 йилда паст даражада қолиши ва 2022 йилда қисман тикланиши кутилмоқда.
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга давлат инвестицияларини кенгайтириш, шунингдек, аҳолини эмлаш кампанияси бўйича харажатлар 2021 йил охирига келиб давлат харажатларини янада оширади. Бу буджетга солиқ тушумларининг кўпайиши, фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ва давлат корхоналарини хусусийлаштиришдан келадиган даромад ҳисобига қопланади, бу эса 2021 йилда буджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотнинг 5,5 фоизига тенг бўлишига олиб келиши кутилмоқда. Бу дефицит давлат қарзининг ўсиши ҳисобидан молиялаштирилади, давлат қарзи эса 2021 йилнинг охирига келиб ЯИМнинг 40,6 фоизини ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
CОВИД-19 пандемияси билан боғлиқ ноаниқлик ва 2023 йилга эълон қилинган ҚҚС ставкасининг пасайиши ўрта муддатли истиқболда буджет тақчиллигига олиб келиши мумкин. Иқтисодиётнинг барқарор тикланиши, инқирозга қарши чораларнинг босқичма-босқич бекор қилиниши ва солиқ базасини кенгайтиришга қаратилган солиқ маъмурчилиги ислоҳотлари буджет тақчиллигини камайтиришга ва 2023 йил охирига келиб давлат қарзини ЯИМнинг қарийб 42 фоизи даражасида барқарорлаштиришга ёрдам бериши кутилмоқда.
Марказий Осиёдаги иқтисодий вазият
Ички талабнинг кучайиши Марказий Осиёда иқтисодий фаолликни оширди, чунки иқтисодиётнинг босқичма-босқич очилиши чакана савдо ҳажмини оширди. Масалан, Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисодиёти бўлган Қозоғистонда хусусий истеъмолнинг ўсишига давлатнинг қўшимча молиявий кўмаги сабаб бўлди. Ташқи талабнинг мустаҳкамланиши маҳаллий ишлаб чиқарилаётган кўплаб маҳсулотларнинг экспортини ҳам оширди.
Минтақадаги ўсиш 2021 ва 2022 йилларда 4,3 фоизгача тикланиши кутилмоқда. Пандемия туфайли юзага келган қийинчиликларга қарамасдан, қўшимча инвестициялар оқими прогноз даврида тадбиркорлик фаоллигини қўллаб-қувватлайди. Пандемия қийинчиликларига қарамасдан давом эттирилган Ўзбекистон ислоҳотлари миллий иқтисодиётнинг янада ўсишига хизмат қилиши кутилмоқда. Инфляциянинг юқори даражаси Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси ва Тожикистонда асосий фоиз ставкаларининг оширилишига олиб келди.
Хавфсизликка таҳдидларнинг ошиши ва қочқинлар оқими билан боғлиқ ноаниқлик сабабли қўшни давлатлардаги, жумладан Афғонистонда, барқарорлик бўйича хавотирлар Марказий Осиёдаги ўрта ва узоқ муддатли истиқболларга хавф солиши мумкин. Шунингдек, минтақанинг иқтисодий прогнозлари сиёсий танглик ва ижтимоий тартибсизликлар, айниқса Қирғизистон Республикасида, билан боғлиқ ноаниқликларни ҳам инобатга олиши керак. Марказий Осиёдаги сиёсий танглик Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон ўртасидаги чегара можароси сабабли ҳам кучайган.
Изоҳ қолдириш