Ўзбекистонда пахта ҳосилининг 70% дан ортиғи пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан йиғиб олинди

Ўзбекистонда пахта ҳосилининг 70% дан ортиғи пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан йиғиб олинди

Жорий йилнинг 3 декабрь куни “Пойтахт” бизнес марказида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси томонидан “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ва кластерларининг 2020 йилда амалга ошириладиган устувор лойиҳалари” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири маслаҳатчиси Н.Отажонов, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув ҳўжалиги вазирлиги, Ўзкимесаноат” АЖ, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини қўллаб қувватлаш жамғармаси, “Агробанк” АТБ, “JOHN DEERE”, “Case New Holland” компаниялари ва пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари иштирок этишди.

Жорий йилда республикамизнинг 93 та туманида 75 пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилиб, 701 минг гектар ер майдонида пахта ҳосили етиштирилди. Натижада жорий пахта мавсумининг 25 ноябрь ҳолатига, ушбу кластерлар томонидан 2065,3 минг тонна пахта (прогнозга нисбатан 100,0%) ёки жами пахтанинг 70 фоизи, шу жумладан 95,3 минг тонна (ёки 5.1%) пахта териш машиналари ёрдамида териб олиш таъминланди.

Шартнома мажбуриятларини ортиғи билан бажарган Фарғона вилоятидаги кластерлар 122,7%, Қорақалпоғистон Республикасида 113,6%, Андижонда 108,4% ва Хоразм вилоятида 106,5% пахта хом ашёси йиғиб олинди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 40 та туманда ташкил этилган пахта-тўқимачилик кластерлари янги технологияларда ишни ташкил қилганлиги туфайли сўнги 10 йил ичида биринчи марта йиллик ҳосилдан юқори ҳосил олинди.

Пахта теримига 130 дан ортиқ янги пахта териш машиналари сотиб олинди ва сўнги 40 йил давомида улар янгиланди.

Ҳозирги кунда бутун дунёда глобал муаммо бўлаётган сув танқислиги пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерлари томонидан пахта етиштириш жараёнида алоҳида эътибор берилди. Жорий йилда 4 минг 600 гектар пахта экин майдонларига томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди. Исроилнинг "Netafin", Хитой Халқ Республикасининг "Qingdao Flourish Textile Machinery CO LTD" ва кўплаб маҳаллий сувни тежовчи қурувчи ташкилотлар томонидан томчилатиб суғориш технологияси қуриб битказилиб мазкур технология бўйича пахта экин майдонлари суғорилди.

Яна бир қувонарли жиҳати шундаки, илк маротаба кластерлар томонидан юртимизда органик пахта етиштирилишига эришилди. Бунда Textile Technologies Group ва Фанлар академияси олимлари ҳамкорлигида ҳеч қандай кимёвий ёки бошқа унсунлардан фойдаланмаган ҳолда органик пахта етиштирилди ва Европа компанияси томонидан сертификатланди.

Тадбирга сўзга чиққанлар, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ташкилотчилари ва кластерларининг 2019 йилдаги ижобий ютуқлари ҳамда соҳани ривожланишига тўсиқ бўлаётган муаммолари, қишлоқ хўжалигида пахтани экин майдонларида муносиб жойлаштириш ва сифатли уруғ навлари билан таъминлаш, ирригация ва мелиорация тизимлари ҳамда сув таъминотини мутоносиб тақсимлаш, замонавий пахта териш машиналари ва қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқариш ҳамда хориждан импорт қилиш, шунингдек, 2020 йилдан босқичма-босқич пахта теримини механизациялаштириш афзалликлари, минерал ўғитлар билан таъминлаш, молиялаштиришни такомиллаштириш, кредит ресурсларидан фойдаланиш тизимини соддалаштириш каби мавзуларда иштирокчиларга тақдимотлар намойиш этишди.

Тадбир сўнгида, йил давомида самарали меҳнат кўрсатиб, кластер тизимини ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшган бир қатор пахта-тўқимачилик кластерлари вакиллари фахрий ёрлиғ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар