Йўқолган пластик картадан ечиб олинган пулларни қайтарса бўладими?

Йўқолган пластик картадан ечиб олинган пулларни қайтарса бўладими?

Банк картамни йўқотиб қўйган эдим. Кимдир уни топиб олиб, пулларини ишлатиб юборди. Бу ҳақида телефонимга хабар келди. Шу хабардан фойдаланиб, пулларимни қайтариб олсам бўладими? Бунинг учун нима қилишим керак? Банк картани йўқотганда нималар қилиш кераклиги ҳақида тўлиқроқ тавсиялар берсангиз.

Марказий банк матбуот хизмати аҳоли томонидан берилган ушбу саволга қуйидагича жавоб қайтарган:

Ўзбекистон Республикасининг “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ:

  • банк карталарини чиқариш ва улардан фойдаланиш банк картасининг эмитенти ҳамда банк картасини сақловчи ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилиши, банк картасининг эмитенти банк картасини сақловчи билан шартнома тузилгунига қадар банк картаси сақловчисини банк картасидан фойдаланиш чоғидаги хавфсизлик шартлари ва чоралари, эътирозларни бериш усуллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида хабардор қилиши шарт эканлиги қайд этилган;
  • банк картасининг йўқолганлиги ёки ундан рухсатсиз фойдаланилганлиги факти аниқланганда, банк картасини сақловчи банк картасининг эмитентини бу ҳақда хабардор қилади. Банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ёки банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабардор қилинмаган тақдирда, барча таваккалчиликлар банк картасини сақловчининг зиммасида бўлиши белгиланган;
  • банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ёки банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабарнома олинганидан кейин банк картасини дарҳол блокировка қилади. Банк картасининг эмитенти банк картаси йўқолганлиги ва (ёки) банк картасидан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида хабарнома олинганидан кейин банк картасидан рухсатсиз фойдаланганлик учун жавобгар бўлади.

Шу билан бирга, “Банклар томонидан банк карталарини чиқариш ва уларни Ўзбекистон Республикасида муомалада бўлиши тартиби тўғрисида”ги низомга кўра, ПИН-код – банк картаси эгасининг шахсий идентификация рақами бўлиб, у карта ҳисобварағидаги пул маблағларини бошқариш ҳуқуқини ҳамда маблағларни бошқаришга банк картасининг эгаси томонидан рухсат берилганлигини тасдиқлаши баён этилган.

Ўз навбатида, бугунги кунда мижозлар банк картасини блокировка қилиш бўйича бевосита банкка (веб-сайт ёки колл-марказ орқали) мурожаат қилиши ёҳуд банкларнинг мобиль иловаларидан фойдаланган ҳолда, картани блокка қўйиш имконияти мавжуд.

Саволда кўтарилган масала юзасидан, йўқотилган картани бегона шахслар томонидан фойдаланиш ҳолати юзага келган тақдирда (банкка хабар берилмаганда ёки фойдаланувчининг ўзи блокировка қилмаганда), бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга белгиланган тартибда тезкор хабар берилиши керак.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар