«ЮэСэМ Телеком» ва «МегаФон» ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда Марказий Осиёдаги энг йирик телекоммуникация бозорининг технологик илғори бўлиши кутилган янги қўшма корхона – Digital Holding’ни ташкил этди. Янги ҚК таркибидан мамлакатнинг телекоммуникация бозори илғори бўлган Ucell компанияси ҳамда USM’нинг Ўзбекистондаги активлари – CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan ҳам ўрин олган.
Ўзбекистон ҳукумати Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) орқали ҚКга Ucell телеком-операторининг 100% улушини топширмоқда. Россия томони Digital Holding ривожланиши учун 100 млн доллар миқдорида инвестиция, шу билан бирга USM’нинг шўъба корхоналари – CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan’ни киритмоқда.
ҚК таркибига кириш учун «ЮэСэМ Телеком» ва МегаФон «Диджитал Инвест» компаниясига асос солишди, унда икки компаниянинг улуши 50%дан тақсимланди. Янги ҚКда «Диджитал Инвест» улуши 51%, ДАБА улуши 49%га тенг.
Битим доирасидаги жараёнлар 2021 йил давомида якунига етади. Digital Holding эътиборини Ўзбекистон Республикасида алоқа хизматларидан фойдаланишни янада қулайроқ қилиш ҳамда сифатини ошириш учун халқаро стандартларга мос келувчи телекоммуникация инфраструктурасини шакллантиришга, ахборот хавфсизлиги ва маълумотларни сақлаш, баъзи турдаги товарлар ҳаракатини маркировкалаш ва кузатиб бориш соҳаларидаги илғор технология ва тизимларни татбиқ этишга қаратади.
Маълумот учун, «ЮэСэМ Телеком» – USM холдингининг рақамли бўлинмаси. МегаФон телеком оператори ва «ИКС Холдинг» АТ гуруҳининг 100 фоизини назорат қилади. «ЮэСэМ Телеком»нинг асосий мулкдорлари − USM (80% акциялар), Иван Стрешинский (10%) ва Антон Черепенников (10%).
Ucell 2018 йилнинг 5 декабридан ООО «COSCOM» («Ucell» савдо белгиси) сифатида 100% давлат компаниясидир. Ўтган икки йил мобайнида 8 миллион абонентга эга Ucell Ўзбекистон уяли алоқа бозорида етакчига айланди. 2020 йил февраль ҳолатига аҳоли пунктларидаги қамрови 97,6% (GSM); 72,9% (UMTS); 60,8% (LTE)ни ташкил этмоқда. Ucell Ўзбекистонда 5G стандарти бўйича илк оператор саналади.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг август ойида humans Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожланитириш вазирлигидан АА 0007069 - сонли лицензияни олди. 19 августдан 15 сентябрга қадар компания SIM-карта ва банк карталарига олдиндан буюртма олишни бошлади.
Изоҳ қолдириш