Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида 29 ноябрь, жума куни Шайх Заид маданий-тарихий мероси фестивали ўз ишини бошлади. Фестивалда Ўзбекистон ўз стенди билан иштирок этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги ва «Ҳунарманд» уюшмаси ҳамкорлигида фестивалнинг марказий майдонида Ўзбекистоннинг кенг кўламли карвонсарой павильони ташкил этилган. У ерда меҳмонлар учун ўзбекона супалар, устахоналар ва ҳунармандлар расталари, ўзбек ошхонаси майдони ва санъаткорлар чиқишлари учун саҳналар жой олган.
Ўзбекистон 26 та давлат билан бир қаторда иккинчи йил ўз миллий павильони билан қатнашмоқда ва фестивалдаги энг ёрқин тўрт майдондан бирига айланмоқда. Халқаро фестиваль иштирокчилари паради Ўзбекистон павильонидан бошланади.
Маълум қилинишича, фестиваль майдони ҳар бир амирликнинг махсус тарихий обидалари ва диққатга сазовор жойларининг макетлари кўргазмасини ўзида жамлаган. Фестиваль Шайх Зайд бин Султон Ал-Наҳаённинг БАА мероси, хусусан, жаҳон цивилизациясининг умуминсоний меросини асрашга бўлган саъй-ҳаракатларини акс эттиради.
Изоҳ қолдириш