Бухорода 700 дан зиёд инсоннинг муаммоси жойида ҳал этилди

Бухорода 700 дан зиёд инсоннинг муаммоси жойида ҳал этилди

Президентимиз раҳбарлигида ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил жорий қилинаётган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида халқ билан мулоқот тизими механизмларини ҳам такомиллаштириш белгиланган бўлиб, бу “Халқпарвар давлат” миллий дастурини изчил амалга оширишда ниҳоятда муҳим қадамдир. Давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Бухоро вилоятидаги оммавий қабуллари ҳам айни шу эзгу мақсадга – “Инсон қадри учун” ғоясини ҳаётимизда тўла қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси масъуллари, Бош прокуратура, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, ўттизга яқин вазирликлар, қўмиталар ва идоралар раҳбарларининг Пешку туманининг Янгибозор, Когон шаҳридаги Темирйўлчилар, Жондор туманининг Зарафшон маҳаллаларидаги очиқ-жонли мулоқотларида вилоятнинг барча ҳудуди аҳолиси қамраб олинди. Қабуллар давомида эса мурожаатлари ижобий ҳал қилинган кўплаб инсонларни учратдик. Ечим топилган масалалар мавзуси-ю йўналиши турфа, бироқ уларнинг замирида бир ҳаётий ҳақиқат, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлиги, адолатни қарор топтириш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар мужассам.

Масалан, Бош прокуратура масъуллари ғиждувонлик 70 ёшли таълим фахрийси Анна Гилёванинг мурожаатини жойига чиқиб ўргангач, масала жойида ҳал қилинди. Тақдир тақозоси туфайли ёшлигида Бухорога кўчиб келган, Ғиждувонда улғайиб, бир умр муаллималик қилган Анна момога маданий мерос объекти сифатида олинган ихчамгина уйчаси ўрнига Ғиждувон тумани Гулистон маҳалласидан эгалик ҳуқуқи асосида уй-жой ажратилиши таъминланди. Янги хонадон калити ҳам шу ерда топширилди.

Президентимиз асос солган халқ билан мулоқот тизими боис бухоролик Ҳожиакбар Атоев, когонлик Содиқжон Нуров, ғиждувонлик Ашраф Қиличев, қоракўллик Хуршид Ҳожиқулов ҳаётида ҳам бугун адолат ғалаба қилди. Бу инсонларнинг барчаси анча йиллар аввал ички ишлар тизимида турли вазифаларда хизмат қилган: бири майор, иккиси катта лейтенант, яна бири кичик сержант бўлган. Суд ҳужжатларини ўқирканмиз, 2008-2016 йилларда улар етарлича факт-исботларсиз, далиллар мажмуи билан тасдиқланмаган кўрсатувлар асосида ишдан четлатилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Бу галги мулоқотларда эса Ички ишлар вазирлиги масъуллари 6-14 йил деганда яна соҳага қайтган майор Ҳожиакбар Атоев, катта лейтенантлар Содиқжон Нуров ва Ашраф Қиличев ҳамда кичик сержант Хуршид Хўжақуловни бирма-бир табриклаб, уларга масъулиятли вазифада омад тилади.

Бош прокуратура, Ички ишлар ва Олий суд масъулларига мурожаатлардан сўнг айбига иқрор-у қилмишига минг пушаймон бўлган, муносиб жазо олганини тан олиш билан бирга, тузалиш йўлига ўтган, ҳаётини изга солиш учун имконият сўраган бир қатор шахслар муддатидан аввал жазодан шартли озод қилинди.

Хусусан, мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Когон туманидаги суди жазони ижро этиш колониясида ташкил қилган очиқ суд ишида 29 нафар маҳкум манзил колониясига ўтказилди, бир нафар маҳкумнинг эса жазоси енгилроғи билан алмаштирилиб, муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Мурожаатлар асосида оилавий зўравонлик ва тазйиққа учраган бир қатор хотин-қизлар давлат ҳимоясига олиниб, уларга ҳимоя ордерлари берилди. Халқ қабулхоналари ва 3-сектор масъулларига аввал мурожаат қилган ижтимоий ҳимояга муҳтож 10 дан зиёд оилалар фарзандларига ички имкониятлар ҳисобидан бепул расмийлаштириб берилган фуқаролик паспортлари – айди карталар топширилди.

Бухоро шаҳрида яшовчи Камол Ҳусеновнинг фарзанди аввалроқ кредит эвазига ихчамгина иссиқхона барпо қилади, бироқ, тақдир-пешона экан, меҳнатининг роҳатини кўра олмайди: яқинда оламдан ўтади. Кредитдан қолган 18 миллион сўм қарздорликни тўлашга Камол ота имкон топа олмаяпти. Қарздорлик эса судга оширилган, суддан ижрога қаратилган.

Айни шу масалада Судьялар олий кенгаши масъулларидан маслаҳат ва ёрдам сўраган Камол Ҳусеновнинг кредит қарздорлиги ички имкониятлар ҳисобидан биратўла қоплаб берилди. Йирик иссиқхона тармоғига эга тадбиркорлардан бири ёлғиз қизи билан қолган отахоннинг иссиқхонасини барқарор ишлаб кетишини таъминлаб берадиган бўлди.

Қабулларда кўплаб тадбиркорларнинг ҳам муаммолари ҳал қилинди. Бир мисол: Марказий банк ва Мактабгача таълим вазирлиги масъуллари билан мулоқотлар асносида тадбиркор Кимё Ёдгоровага Когон туманида 150 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти барпо қилиш учун берилган кредитнинг имтиёзли даври яна бир йилга узайтириб берилди.

Жондорлик Зарина Боқиеванинг мурожаати асосида унинг хорижда оғир хасталикка чалинган отаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги жамғармаси ҳисобидан мамлакатимизга олиб келинадиган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари эса Заринанинг бемор отасини мамлакатимизда даволашга ёрдам берадиган бўлди.

Қабуллардан сўнг қатор мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилди, маҳаллаларда, хонадонларда кечган мулоқотлар асносида ҳам қатор масалалар ечими бўйича аниқ муддатли вазифалар белгилаб олинди. Айтайлик, Марказий банк масъулларининг Шофиркон туманининг Арабхона, Шўробод қишлоқларидаги ўрганишларидан сўнг Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинининг маъмурий биносини барпо қилиш учун тамал тоши қўйилди. Шофирконнинг Шўробод қишлоғида яшовчи бир гуруҳ мурожаатчи хотин-қизлар яқинда айни шу маҳаллада иш бошлайдиган “Бухоро агро кластер” корхонасига ишга жойлаштириладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг алоҳида топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Бухоро вилоятидаги уч кунлик оммавий қабулларида қарийб 1 минг 600 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 714 таси жойида ҳал қилинди. 322 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, қарийб 560 та масалани ҳал қилиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Администрацияси ва Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олинди.


Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar