Ушбу кунларда, 2026 йил 16–18 июнь кунлари Тошкент шаҳрида V Тошкент халқаро инвестиция форуми (TIIF-2026) бўлиб ўтмоқда. Форум Марказий Осиёдаги энг йирик инвестиция майдончаларидан бири сифатида ўзини намоён этиб, янги лойиҳалар, стратегик ҳамкорликлар ва минтақа инвестиция имкониятларини муҳокама қилиш учун жаҳон инвесторлари, халқаро молиявий институтлар, бизнес ва давлат тузилмалари вакилларини бирлаштирмоқда.
Шу муносабат билан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистонга 2017–2025 йилларда жалб қилинган хорижий инвестициялар ўсиши динамикасига бағишланган инфографикалар тайёрланди.
2017–2025 йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми барқарор ўсиш динамикасини қайд этди. Ушбу даврда иқтисодиётга жами 123,9 млрд доллар хорижий инвестициялар ва кредитлар йўналтирилди.
Йиллар кесимида ўсиш айниқса сўнгги йилларда жадаллашди. 2017 йилда хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 3,3 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 33,5 млрд долларга етиб, 2017 йилга нисбатан қарийб 10 баробар кўпдир.
9 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми ҳам сезиларли ошди. 2017 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2,2 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 19,1 млрд долларга етди. 2017–2025 йилларда жами тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 56,1 млрд долларни ташкил қилди.
Инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши
Хорижий инвестициялар ва кредитларнинг ЯИМга нисбати 2017 йилда 4,8 фоиз бўлган бўлса, 2024 йилда 24,2 фоизгача ошди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2025 йилда ушбу кўрсаткич 23,4 фоизни ташкил этди.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши ҳам ошди: 2017 йилда 3,2 фоиз бўлган ушбу кўрсаткич 2025 йилда 13,4 фоизга етди.

Саноатга киритилган инвестиция
2017–2025 йилларда хорижий инвестициялар ва кредитларнинг асосий қисми саноат тармоқларига йўналтирилди. Ушбу даврда саноатга 84,9 млрд доллар инвестиция жалб қилинди. Бу жами хорижий инвестициялар ва кредитларнинг 68,5 фоизига тенг.
Саноатга йўналтирилган инвестициялар 2017 йилда 2,5 млрд долларни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 21,6 млрд долларга етиб, ушбу даврда саноатга инвестициялар ҳажми 8,5 баробар ошди.
Саноат ичида энг йирик йўналишлар қуйидагилар бўлди:
- қайта ишлаш саноати — 42,5 млрд доллар;
- электр энергияси, газ, буғ ва кондицияланган ҳаво таъминоти — 21,1 млрд доллар;
- тоғ-кон саноати ва карьерларни ишлаш — 19,2 млрд доллар;
- сув таъминоти, канализация ва чиқиндиларни утилизация қилиш — 2,1 млрд доллар.
2025 йилда ҳам саноат ичида асосий улуш қайта ишлаш саноатига тўғри келди. Ушбу йўналишга 11,1 млрд доллар инвестиция жалб қилинди. Электр энергияси ва газ таъминотига 5,7 млрд доллар, тоғ-кон саноатига 4,0 млрд доллар инвестиция йўналтирилди.
Қайта ишлаш саноатида етакчи соҳалар
Қайта ишлаш саноати хорижий инвестицияларни жалб қилишда саноатнинг асосий тармоғи бўлиб, 2017–2025 йилларда ушбу йўналишга 42,5 млрд доллар инвестиция киритилди.
Қайта ишлаш саноати ичида энг кўп инвестиция жалб қилган соҳалар қуйидагилар бўлди:
- норуда минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш, асосан қурилиш материаллари — 9,0 млрд доллар;
- текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш — 8,6 млрд доллар;
- металлургия саноати — 5,5 млрд доллар;
- кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш — 5,1 млрд доллар;
- озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш — 2,6 млрд доллар;
- кийим ишлаб чиқариш — 2,2 млрд доллар.
Хизматлар соҳасига инвестициялар
2017–2025 йилларда хизматлар соҳасига 22,9 млрд доллар хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб қилинди. Бу жами инвестицияларнинг 18,5 фоизини ташкил этади.
Хизматлар соҳасига инвестициялар 2017 йилда 0,8 млрд доллар бўлган бўлса, 2025 йилда 5,5 млрд долларга етди. Шу даврда хизматлар соҳасига инвестициялар ҳажми 7,1 баробар ошди.
2017–2025 йиллар жами кўрсаткичи бўйича хизматлар соҳасида энг йирик йўналишлар қуйидагилар бўлди:
- ташиш ва сақлаш — 6,2 млрд доллар;
- улгуржи ва чакана савдо, автотранспорт воситаларини таъмирлаш — 4,4 млрд доллар;
- соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар — 2,5 млрд доллар;
- ахборот ва алоқа — 2,5 млрд доллар;
- яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар — 1,5 млрд доллар;
- кўчмас мулк билан операциялар — 1,4 млрд доллар.
2025 йилда хизматлар соҳасида энг кўп инвестиция ташиш ва сақлаш, савдо, яшаш ва овқатланиш, соғлиқни сақлаш ҳамда ахборот ва алоқа соҳаларига йўналтирилди. Бу хизматлар тармоғида транспорт-логистика, савдо инфратузилмаси, рақамли хизматлар ва ижтимоий хизматлар муҳим инвестиция йўналишлари бўлиб қолаётганини кўрсатади.
Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар таркиби
2017–2025 йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг асосий қисми саноатга йўналтирилди. Ушбу даврда саноатга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 41,1 млрд долларни ташкил этди. Бу жами тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 73,3 фоизига тенг.
Хизматлар соҳасига киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эса 6,9 млрд долларни ёки жами ТТХИнинг 12,4 фоизини ташкил қилди.
2025 йилда саноатга 13,2 млрд доллар, хизматлар соҳасига эса 1,9 млрд доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди.
Хулоса
2017–2025 йилларда Ўзбекистонда хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми сезиларли даражада ошди. Жами инвестициялар 123,9 млрд долларни, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 56,1 млрд долларни ташкил этди.
Инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши 2017 йилдаги 4,8 фоиздан 2025 йилда 23,4 фоизгача ошди. Бу иқтисодиётда хорижий капитал ва ташқи молиялаштириш манбаларининг аҳамияти юқори даражада сақланаётганини кўрсатади.
Тармоқлар кесимида хорижий инвестициялар ва кредитларнинг асосий улуши саноатга тўғри келди, бунда 2017–2025 йилларда саноатга 84,9 млрд доллар хорижий инвестициялар ва кредитлар йўналтирилди. Хизматлар соҳасига эса 22,9 млрд доллар инвестиция жалб қилинди.
Жалоллидин Усмонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Izoh qoldirish