Инфографика: Навоий вилоятининг 2022 йилнинг 9 ойидаги ассосий капиталга инвестициялар кўрсаткичи

Инфографика: Навоий вилоятининг 2022 йилнинг 9 ойидаги ассосий капиталга инвестициялар кўрсаткичи

2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида Навоий вилоятида асосий капиталга киритилган инвестициялар 13 трлн сўмни ташкил этди.

Вилоятда инвестициялар ўзлаштирилишида кескин дифференциаллик сақланиб қолган. Хусусан, киритилган инвестицияларнинг 67 фоизи вилоятнинг 3 та ҳудуди – Навоий ш. (29%), Томди (23,1%) ва Кармана туманлари (14,8%) ҳиссасига тўғри келган. Хатирчи (5,1%), Қизилтепа (3,6%), Навбаҳор (2,6%), Конимех (2%), Учқудуқ (1,5%) ва Ғозғон шаҳри (0,1%) туманларида инвестициялар оқимининг пастлиги кузатилган.

Ҳудудларда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар натижасида асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан Нурота (2,8 баравар), Учқудуқ (1,6 баравар), Ғозғон ш. (1,5 баравар), Навоий ш. (1,4 баравар) ва Қизилтепа (1,2 баравар) туманларида ўсиш даражаси қайд этилган. Лекин, Томди (97,5%), Хатирчи (97,5%), Зарафшон ш. (86,5%) ва Конимех (20,3%) инвестициялар оқимининг пасайиш тенденцияси кузатилган.

Вилоят бўйича аҳоли жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга киритилган инвестициялар 12 480,2 минг сўмни (Республика кўрсаткичидан 7135,1 минг сўм кўп), ўсиш кўрсаткичи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,9%ни ташкил қилган ҳолда республика ҳудудлари орасида 2-ўринни эгаллаган.

Туман (шаҳар)лар кесимида жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми бўйича Томди тумани (15,4 баравар), Навоий шаҳрининг (2 баравар) кўрсаткичи вилоят кўрсаткичидан юқори бўлган. Учқудуқ (2,4 баравар), Хатирчи (3,9 баравар), Қизилтепа (4,2 баравар) ва Навбаҳор (4,3 баравар) туманлари кўрсаткичининг вилоят кўрсаткичига нисбатан пастлиги қайд этилган.

Жон бошига тўғри келадиган асосий воситаларга киритилган инвестициялар ҳажми бўйича ҳам туманлар ўртасида кескин тавофутнинг мавжудлиги кузатилган. Жумладан, энг юқори кўрсаткич қайд қилинган Томди туманида жон бошига тўғри келадиган асосий капиталга ўзлаштирилган инвестиция ҳажми Навбаҳор туманига нисбатан 67 баравар ва Қизилтепа туманига нисбатан 65 бараварга зиёддир.

Марказлашмаган молиялаштириш манбалари бўйича таҳлил қилганда, ўзлаштирилган инвестицияларнинг 41 фоизи корхона маблағлари, 48,6 фоизи хорижий инвестициялар ва кредитлар, 9,7 фоизи аҳоли маблағлари ва 0,7 фоизи банк кредити ва бошқа қарз маблағлари ҳисобига тўғри келади.

Муртазаев Ардашер
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar