Ўзбекистон биржасида илк бор форвард савдолари йўлга қўйилди

Ўзбекистон биржасида илк бор форвард савдолари йўлга қўйилди

2020 йил 1 апрелда ўтказилган электрон биржа савдоларига кўра, шакар бўйича 27,5 млрд. сўмлик дастлабки форвард шартномаси тузилди. Мазкур шартнома шартларига мувофиқ маҳсулотни етказиб бериш муддати 60 кунни ташкил этади.

Биржада форвард савдоларини ташкиллаштиришдан кўзланган асосий мақсад, маҳаллий тадбиркорлар ва фермерларга товарлар учун олдиндан тўловларни амалга ошириш ва нархлар ўзгарувчанлигидан ҳимоя қилиш орқали қулай шароитларни яратиб беришдан иборат.

Хусусан, ушбу механизм бир томонидан келажакда етказиладиган товар учун нархларни олдинган белгилаб олиш, иккинчи томондан маҳсулотлар учун тўловларни олдиндан олиш имконини беради. Форвард битимлари товар ишлаб чиқарувчилар учун тўғри прогнозлаш ва ўз фаолиятини янада самарали режалаштириш имкониятини тақдим этади.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси кейинчалик ҳам форвард шартномаларини бошқа

товар бозорларида жорий этиш ишларини давом эттиради.

Маълумот учун, форвард шартномаси – муддатли шартнома бўлиб, унга кўра сотилаётган товар учун нарх шартнома тузилган кунда белгиланади. Товарни етказиб берилиши эса белгиланган муддатда келажакда амалга оширилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар