Жорж Вашингтон университетининг Европа, Россия ва Евроосиё тадқиқотлари институти (IERES) таклифига биноан Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) директорининг ўринбосари Нозимжон Ортиқов Вашингтон шаҳрида ўтказилган Central Asia Program (CAP) «Ўзбекистон: ислоҳотлар ва тараққиёт йўллари» дастурида иштирок этди ҳамда Ўзбекистонда олий таълим тизими кенгайишининг турли ижтимоий қатламлар ва ҳудудлардаги ёшлар учун имкониятлар тенглигига таъсирига бағишланган тадқиқотни тақдим этди.
Тадқиқотда Ўзбекистонда олий таълим тизимининг жадал кенгайиши турли ижтимоий қатламлар ва ҳудудлардаги ёшлар учун таълим имкониятларининг ҳақиқатан ҳам тенглашишига олиб келган-келмагани таҳлил қилинган.
Тадқиқотнинг асосий хулосасига кўра, олий таълим муассасалари ва талабалар сонининг кескин ошиши таълимдан фойдаланиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирган бўлса-да, оилавий келиб чиқиш, даромад даражаси ва яшаш жойи билан боғлиқ тафовутларни автоматик равишда қисқартирмаган.
2019/20 ўқув йилидан 2024/25 ўқув йилигача Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 119 тадан 222 тага етди. Шу даврда талабалар умумий сони тахминан 441 минг нафардан 1,4 млн нафардан зиёд кўпайди. Мамлакат бўйича 20–24 ёшдаги ҳар минг нафар ёшга тўғри келадиган талабалар сони 73 нафардан 180 нафаргача, яъни икки баравардан кўпроқ ошди.
Шу билан бирга, тизимнинг кенгайиши ҳудудлар кесимида бир хил кечмади. Тошкент шаҳридан ташқари ҳеч бир ҳудуд ҳозирча пойтахт 2020/21 ўқув йилида эришган олий таълим қамрови даражасига етмаган.
Марказ экспертининг таъкидлашича, янги ўқув ўринларининг яратилиши ўз-ўзидан имкониятлар тенглигини таъминламайди. Олий таълимга реал кириш имконияти нафақат университетлар мавжудлигига, балки мактаб таълимининг сифати, абитуриентларнинг хабардорлиги, кириш имтиҳонларига тайёргарлиги, транспорт имкониятлари, таълим нархи, кўчиб ўтиш ва яшаш харажатларига ҳам боғлиқ.
Тадқиқот натижалари оилавий келиб чиқиш ҳали ҳам таълим натижалари билан яқин боғлиқлигини кўрсатади.
Life in Transition Survey тадқиқотининг уч тўлқини маълумотларига кўра, 2022–2023 йилларда ота-онаси олий маълумотли бўлган респондентларнинг 87%и ҳам олий маълумот олган.
Маълумот учун: Life in Transition Survey (LiTS) — Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕБРР) ҳамда Жаҳон банки томонидан ўтказиладиган халқаро уй хўжаликлари ва аҳоли сўровидир. Тадқиқот иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларнинг аҳоли фаровонлиги, таълим, бандлик ва имкониятларга таъсирини баҳолайди. Унинг асосий босқичлари 2006, 2010, 2016 ва 2022–2023 йилларда ўтказилган.
Ота-онаси тўлиқ ўрта маълумотли бўлган респондентлар орасида эса натижалар шу таълим даражасини сақлаб қолиш ҳамда ундан юқори босқичга кўтарилиш ўртасида тақсимланган.
Болаларнинг таълим даражаси қай даражада ота-оналарининг таълим даражасига боғлиқлигини ифодаловчи таълимий ворислик кўрсаткичи 2010–2016 йилларда ошган ва 2022–2023 йилларда ҳам юқори даражада сақланиб қолган.
Ҳатто яшаш ҳудуди, жинс, ёш ҳамда шаҳар ёки қишлоқда истиқомат қилиш омиллари ҳисобга олинганда ҳам, ота-онанинг таълим даражаси таълим натижаларига энг кучли таъсир қилувчи омил бўлиб қолмоқда.
Тадқиқотнинг барча уч тўлқинида шаҳар аҳолиси қишлоқ аҳолисига нисбатан таълим соҳасида юқори ўсувчи мобилликни намоён этган.
Мараз экспертининг фикрича, мавжуд тафовутларни бартараф этиш учун фақат ўқув ўринлари сонини кўпайтириш етарли эмас. Университетга кириш имконияти ҳужжат топширишдан анча олдин шаклланади.
Молиявий жиҳатдан таъминланган оилалар фарзандлари, одатда, сифатлироқ мактаб таълими, репетиторлар, қабул жараёни ва таълим йўналишлари ҳақида кенгроқ маълумот, шунингдек имтиҳонларга тайёргарлик, транспорт, кўчиб ўтиш, контракт тўлови ва яшаш харажатларини қоплаш имкониятига эга.
Оиланинг молиявий имкониятлари олий таълим тизимининг кенгайишидан ким қай даражада фойдалана олишини кўп жиҳатдан белгилайди.
Олий таълим муассасалари сони энг тез ўсган ҳудудларда пул ўтказмаларини қабул қилувчи уй хўжаликларининг 26%и ушбу маблағларнинг бир қисмини таълимга сарфлайди. Тизим секинроқ кенгайган ҳудудларда эса бу кўрсаткич 16%ни ташкил этади.
Уй хўжаликларининг тахминан 63%и таълим учун харажат қилаётганини, 14%и эса репетитор хизматларига ҳақ тўлаётганини маълум қилган.
Олий таълимдан фойдаланиш имкониятига таъсир қилувчи харажатларга фақат контракт тўлови эмас, балки интернет, рақамли қурилмалар, кириш имтиҳонларига тайёргарлик, имтиҳон марказларига бориш, ҳужжат топшириш, бошқа шаҳарга кўчиш, уй-жой ижараси ва ётоқхонадан ташқари яшаш билан боғлиқ сарфлар ҳам киради.
Тадқиқотда қайд этилишича, янги университетлар ва ўқув ўринлари талабаларда зарур тайёргарлик, маълумот ва молиявий қўллаб-қувватлаш мавжуд бўлган тақдирдагина энг катта самара беради.
Таҳлил асосида Марказ эксперти ислоҳотларнинг кейинги босқичи учун учта устувор йўналишни таклиф этган.
Биринчи йўналиш — қўллаб-қувватлашни университетга киришдан олдин бошлаш. Ҳужжат топшириш пайтига келиб, оилавий келиб чиқиш абитуриентларнинг билими, хабардорлиги ва ўз кучига ишончига таъсир кўрсатиб бўлади.
Шу муносабат билан асосий эътиборни 9 ва 11-синф ўқувчиларига қаратиш таклиф этилмоқда. Айниқса, қишлоқ ҳудудлари ва анъанавий равишда олий таълим муассасаларига қабул кўрсаткичлари паст бўлган мактабларда мақсадли тайёрлов дастурлари, субсидияланган имтиҳонга тайёргарлик машғулотлари, диагностик тестлар ва билимдаги бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган қўшимча дарслар ташкил этилиши мумкин.
Шунингдек, университетларга мактаблар билан ҳамкорликда менторлик дастурларини йўлга қўйиш, талабалар ва профессор-ўқитувчиларни ўз оиласида биринчи бўлиб олий таълимга кириши мумкин бўлган абитуриентларни қўллаб-қувватлашга жалб этиш таклиф қилинмоқда.
Иккинчи йўналиш — олий таълим тизими кенгайишини ким ўқишга киргани, ўқишни давом эттираётгани ва диплом олгани орқали баҳолаш. Янги университетлар ва филиаллар самарадорлиги фақат яратилган ўқув ўринлари сони билан эмас, талабаларнинг қабулдан диплом олишгача бўлган натижалари билан ҳам баҳоланиши лозим.
Тез суръатларда ривожланаётган ҳудудлардаги университетларга мактаблар билан бевосита ишлаб, академик салоҳияти юқори, аммо молиявий имкониятлари ёки ахборотдан фойдаланиш имконияти чекланган ўқувчиларни аниқлаш тавсия этилади.
Молиявий қийинчиликка дуч келаётган талабалар учун мақсадли грантлар, ётоқхоналар, транспорт ёрдами ва тайёрлов курсларини кенгайтириш таклиф қилинмоқда.
Биринчи курсдан кейин талабаларни сақлаб қолиш кўрсаткичи университетлар самарадорлигининг мажбурий мезонига айланиши керак.
Учинчи йўналиш — имкониятлар тенглиги кўрсаткичларини ҳар йили эълон қилиб бориш. Ҳозирча Ўзбекистонда олий таълимнинг қай даражада тенг имкониятлар яратаётганини мунтазам баҳолаш имконини берувчи ягона очиқ тизим мавжуд эмас.
Биринчи босқичда ҳудудлар ва жинс кесимида қабул ва таълимни тугаллаш кўрсаткичларини маъмурий маълумотлар асосида ҳар йили эълон қилиш таклиф этилмоқда.
Кейинчалик унга кириш имтиҳонларида иштирок этиш, биринчи курсдан кейин талабаларни сақлаб қолиш, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги фарқлар ҳамда уй хўжаликларининг ижтимоий-иқтисодий хусусиятларига оид кўрсаткичларни ҳам киритиш мақсадга мувофиқ.
Амалий ечим сифатида олий таълимда имкониятлар тенглиги бўйича йиллик мониторинг панели яратиш таклиф этилмоқда. Унинг дастлабки босқичида қабул, биринчи курсдан кейин талабаларни сақлаб қолиш, таълимни тугаллаш ва стипендиялар билан қамров кўрсаткичлари ҳудудлар, жинс ва яшаш жойи бўйича акс эттирилиши лозим.
Экспертнинг баҳолашича, кейинги беш йилда ислоҳотлар самараси олий таълимга ўз оиласида биринчи бўлиб қабул қилинган талабалар сонининг кўпайиши, шаҳар ва қишлоқ ўртасида таълимни тугаллаш бўйича тафовутларнинг қисқариши, таълим натижаларининг ота-оналар маълумотига боғлиқлиги пасайиши ҳамда имкониятлар тенглиги кўрсаткичларининг ҳар йили очиқ эълон қилиниши билан баҳоланиши керак.
Тадқиқот Ўзбекистон олий таълим тизимини кенгайтиришда катта натижаларга эришганини кўрсатади. Бироқ университетлар ва талабалар сонининг ортиши ўз-ўзидан тенг имкониятлар таъминланганини англатмайди.
Ислоҳотларнинг кейинги босқичи яратилган имкониятлардан ёшлар яшаш жойи, оила даромади ёки ота-онасининг таълим даражасидан қатъи назар тенг фойдаланишига қаратилган бўлиши лозим.
Изоҳ қолдириш